Компьютер самарадорлигига антивирус қандай таъсир кўрсатади?
Турли зиёнкор дастурлар – вируслардан ҳимоялаш учун компьютерларимизга антивируслар ўрнатиб қўямиз. Аммо бу ҳимоячиларнинг ўзлари қурилманинг «оқсаб» ишлашига сабаб бўлишини биламизми?
ЎҚИНГ: Рус хакерлари «Касперский» ёрдамида АҚШ Миллий хавфсизлик агентлигига ҳужум қилишган
Германиянинг AV-Test интернет-портали турли антивирусларнинг иши компьютер ишлашига қандай таъсир этишини тадқиқ этиб кўрди. Тадқиқот учун етарлича кучли компьютер танланди: 3,4 ГГц частотада ишловчи Intel Core i7-3770 процессори, 16 гигабайт тезкор хотира ҳамда Samsung’нинг 512 гигабайтлик SSD-диски.
Тахмин қилинганидек, антивируслар компьютернинг ишлаш самарадорлигига салбий таъсир этиши маълум бўлди.
ЎҚИНГ: Касперский бепул антивирус чиқарди ва бошқа антивирусларни «илма-тешик» деб атади!
Тестларнинг кўрсатишича, компьютернинг самарадорлигини барча антивируслар ўртача қуйидагича пасайтирар экан: сайтларнинг юкланиши 11-16 фоизга, иловаларнинг ишга тушиши 9-15, ўрнатилиши 26-35, файлларнинг кўчирилиши эса 7-18 фоизга секинлашади.
Масалан, Windows 10’нинг ўзига бошиданоқ ўрнатилган Windows Defender антивируси илованинг ўрнатилишини 54 фоизга, уларнинг ишга туширилишини 9 фоизга, веб-сайтларнинг юкланишини эса 10 фоизгача секинлаштириши аниқланди.
Барча оммабоп антивирусларнинг компьютер самарадорлигига қандай таъсир кўрсатиши ҳақидаги батафсил маълумотни AV-Test сайтининг тегишли саҳифасидан олиш мумкин.