Кореяда Galaxy Note 7 савдоси ниҳоясига етди: фаблет тарихда қолди

Кореяда Galaxy Note 7 савдоси ниҳоясига етди: фаблет тарихда қолди

Қайта тикланиб, "Fan Edition" номи билан бозорга чиқарилган Galaxy Note 7 Жанубий Кореяда июл ойи бошида савдога чиқарилган эди. 2 ой давом этган савдолар ниҳоят якунлангани тўғрисида Koreaherald нашри хабар бермоқда.

Манбаанинг маълум қилишича, қисқа вақт ичида Samsung 400 000 дона Galaxy Note FE фаблетидан сотишга муваффақ бўлган.  

Galaxy Note FE (Fan Edition) деб номланди ва техник жиҳатдан оригиналидан бир оз фарқ қилади. Аслидан энг муҳим фарқ батарея сиғимида — энди 3500 эмас, 3200 мА соат. Шунингдек, флагманда Galaxy S8'га хос интерфейс, жумладан Bixby виртуал ёрдамчиси жорий қилинган.

Galaxy Note FE флагмани Qualcomm Snapdragon 821 процессори, 4 ГБ оператив хотира, сиғими 2560 x 1440 пикселли 5,7 дюймли Super AMOLED дисплейга эга бўлган. Металл корпус IP68 стандарти асосида сув ҳамда чангнинг таъсиридан ҳимояланган.


Фаблет 64 ГБ ёки 128 ГБ доимий хотирали талқинларда ишлаб чиқарилмоқда. Аппарат кўк, тилла ва кумуш рангли талқинларда тақдим қилинган. Бор-йўғи 400 000 дона сотувга чиқариладиган Galaxy Note FE $610 доллардан бошлаб сотилмоқда. Яъни, фаблет оригиналидан 30% га арзон.

Note 7 инқирози Samsung тарихидаги энг оғир воқеа бўлган. Жаҳоннинг етакчи смартфонсози қисқа фурсат ичида 2.5 миллион дона Note 7 сотишга улгурган эди. 2016 йилнинг кузидан бошлаб жаҳон миқёсида авиакомпаниялар  Note 7 фаблетини самолётлар бортига олиб чиқишни тақиқлаши, компания расман барча харидорлардан смартфонларини ортга қайтаришларини сўраб мурожаат қилиши оқибатида, миллионлаб Note 7'лар Samsung компаниясига қайтарилган эди. Бу компанияга жами $5.2 миллиард доллар зарар келтирган.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.