Кўриш қобилиятини текшириш ва яхшилаш учун учта бепул iOS-илова

  •   DiMaX
  •  3395
  •  09.04.2018 15:30

Кўриш қобилиятини текшириш ва яхшилаш учун учта бепул iOS-илова

Турли гаджетлар ҳаётимизга кириб келган бугунги кунимизда вақтимизнинг кўпгина қисмини экранга тикилиш билан ўтказамиз. Компьютер ёки ноутбук бўладими, смартфон ёки планшетми – барчасининг дисплейи ҳам ҳаддан зиёд қўлланишда кўриш қобилиятимизга салбий таъсир этиши табиий.

ЎҚИНГ: Apple асосчиси Москвада: «Барча кўзи очиқларни кўрга айлантирибмиз»

Лекин дастурчилар бизнинг саломатлигимизни ҳам қуйғуриб, кўриш қобилиятимиздаги ўзгаришларни қайд этувчи ҳамда кўз саломатлигини тиклашга кўмаклашувчи иловалар ҳам ишлаб чиқишган. Бугун Apple мобил қурилмалари учун ишлаб чиқилган ана шундай бепул дастурларидан учтасини қисқача кўриб чиқамиз. Уларда сизу биз яхши тушунадиган рус тили ҳам мавжудлиги яна бир қулайликдир.

1. Проверка зрения HD

Ушбу илова унчалик янги бўлмаса-да, ҳамон долзарблигини йўқотмаган. У кўриш қобилияти билан боғлиқ муаммоларни бошланғич босқичидаёқ аниқлаш имконини беради. «Проверка зрения HD» дастуридаги тестлар жамланмаси кўздаги турли нуқсонлар – рангларни қабул қилишнинг бузилиши, астигматизм, дальтонизм ва бошқаларни ўз вақтида пайқашингизда катта ёрдам беради.

Бу иловани iPhone ёки iPad’ингизга юклаб олиш учун мана бу ҳавола орқали ўтасиз.

ЎҚИНГ: Кўзга зарар етмаслиги учун экранни қандай созлаш керак?

2. iКулист

Мазкур дастур катта ёшлиларнинг ҳам, болаларнинг ҳам кўриш қобилиятини текширишга мос келади. Унда тегишли тестлар ҳар хил ўйинлар тарзида тақдим этилган. Ахир, болаликдан телефон ва планшетларда ўйнаб, телевизор томоша қилиб улғаяётган ёш авлод вакилларининг саломатлиги ҳаммамиз учун ҳам муҳим-ку, тўғрими?

ЎҚИНГ: Нега боланинг гаджетлар билан ўтказадиган вақтини чеклаш керак?

iКулист иловасини iOS-девайсингизга ушбу ҳавола орқали ўрнатиб олишни тавсия этамиз.

3. Blimb

Кўз учун машқларни жамлаган, овоз ва вибрацияга ҳам эга яна битта соддагина илова. У билан шуғулланиш кўп вақтни олмайди, аммо мунтазамлик муҳим. App Store’да жуда юқори баҳоланганлиги ҳам бу дастурнинг оммабоплиги ва қулайлигини кўрсатиб турибди.

«Олмали» девайсингизга Blimb дастурини мана бу ҳавола орқали кўчириб ўрнатиш имкони мавжуд.

Тўғри, бу иловаларнинг ҳеч бири офтальмолог ўрнини боса олмайди, аммо унга мурожаат этиш кераклиги ёки шарт эмаслигини аниқлаб беради.

ЎҚИНГ: Компьютерда ишлаш учун кўзойнак қандай танланади?

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!