Кўзга зарар етмаслиги учун экранни қандай созлаш керак?

  •   DiMaX
  •  1807
  •  25.12.2017 16:52

Кўзга зарар етмаслиги учун экранни қандай созлаш керак?

Бугунги замонда турли корхона-ташкилотлар офисларида кўп ишлар компьютерда бажарилади. Табиийки, экран олдида ўтирган кишига унинг нурлари таъсир этади. Биз эса шу таъсирни камайтириш, кўзларни толиқтириб қўймаслик учун экранни қандай созлашни кўриб чиқамиз.

Созлашга киришишдан олдин, қулай ёруғлик шароитларини яратиб олинг. Деразадан ёки хона чироғидан келаётган нур экранга ёки кўзингизга тўғридан-тўғри тушиб турмаслиги лозим.

Экранни икки усулда созлаш мумкин: монитор тугмачалари орқали ҳамда қўшимча дастурлар ёрдамида. Қуйида улардан ҳар бирини кўриб ўтамиз.

Қани, кетдикми?

Монитор тугмачалари орқали созлаш

Агарда компьютерингиз мониторида тасвир параметрларини ўзгартирувчи тугмачалар мавжуд бўлса, демак, унинг операцион тизимга боғлиқ бўлмаган ўз созламалари бор экан. Энг мақбул тасвир сифатига эришиш учун улардан фойдаланишингиз мумкин.

Бунинг учун сизга визуал мўлжал ҳам керак бўлади, яъни бунда кўмаклашувчи махсус сервислар хизматидан фойдаланишингиз мумкин. Масалан, тушунишга қулай – рус тилидаги Monteon сайти мониторни созлаш тестларини ўз ичига олади. Мазкур ресурсга кирсангиз, махсус тасвирлар мавжуд, тўғри мозланган дисплейда улар қандай кўриниши кераклиги эса сайтдаги махсус тавсифда берилган.

Шунчаки, экранингизни шундай созлангки, тестдаги тасвирлар тавсифдагига имкон қадар кўпроқ яқин келсин.

Дарвоқе, бундан олдин мониторда энг юқори тасвир аниқлиги қўйилганлигини текшириб олинг. Windows тизимида бу созлама мана бу манзилда жойлашган: «Пуск» → «Параметры» → «Система» → «Экран». MacOS тизимида эса, Apple менюси орқали «Системные настройки» → «Мониторы» → «Монитор» манзилига кирасиз.

Тасвир аниқлиги қанчалик юқори бўлса, экрандаги кўриниш ҳам шунчалик чиройли, кўзга қулай бўлади.

Қўшимча дастурлар ёрдамида экранни созлаш

Агарда мониторингизда экранни созлаш тугмачалари йўқ бўлса, ёки ноутбук экранини созламоқчи бўлсангиз, бунда тасвирни махсус дастурлар воситасида созлашингизга тўғри келади. Агарда дисплейингизни монитор тугмачалари орқали созлаган бўлсангиз ҳам, барибир уни яна тизим воситалари орқали калибровка қилишингиз мумкин – балки натижа янада яхшиланар.

Бундай иловалар Windows ҳамда macOS операцион тизимлари учун ҳам ишлаб чиқилган. Улар содда бўлиб, фойдаланувчига энг мақбул созламаларини ўрнатиб олишда яхши ёрдам беради.

Windows тизимида

Тизим бўйича қидирувни очинг, унда «калибровка» сўзини териб, изланг ва топилган дастурни ишга туширинг. Экранда дисплейни созлаш учун тестлар кетма-кетлиги пайдо бўлади. Тизим кўрсатмаларига амал қилган ҳолда, уларни бажариб чиқинг.

Шунингдек, Windows 10 талқинида «Средство настройки текста ClearType» воситаси ҳам бор. У экранда акс этадиган матнни ўқиш учун қулайроқ қилиш имконини беради. Уни созлаш учун, тизим бўйича «ClearType»ни излаб топинг ва белгилаб ёқиб қўйинг.

MacOS тизимида

Экраннинг юқори қисмидаги Apple менюсини очинг ва қуйидаги бўлимга киринг: «Системные настройки» → «Мониторы». Кейин эса ундаги «Цвет» варақасини очиб, «Калибровать» тугмачасини босинг. Мониторни энг яхши тарзда созлаш учун ёрдамчининг кўрсатмаларига риоя этинг.

Ўйлаймизки, мониторингиз экранини шу тариқа созлаб олгач, компьютерда ишлаш анча енгиллашади.

ЎҚИНГ: Компьютерда ишлаш учун кўзойнак қандай танланади?

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.