Lenovo металл дизайнли Moto G5&G5 Plus’ни тақдим қилди

Lenovo металл дизайнли Moto G5&G5 Plus’ни тақдим қилди

Lenovo расман Moto G5 ва Moto G5 Plus номли 2 та Android 7.0 Nougat операцион тизимига эга янги смартфонларини тақдим қилди. Moto бренди остида сотиладиган “G” туркуми смартфонлари одатда харидоргир. Шу билан бирга, нарх-навода ҳам ҳамён кўтарадиган. Бу йил Lenovo бу туркум смартфонларини металл дизайн асосида юқори флагманлар кўринишида безади.

Алюминийдан тайёрланган орқа панел G5 тўғрисидаги илк ижобий таассуротни шакллантиради. Шунингдек, 5 дюймли кенг экран ҳам айни муддао. G5 Plus эса бир оз каттароқ 5.2 дюймли экранга эга. Ҳар иккала экран сиғими Full HD 1080p.

G5 смартфони Snapdragon 430 процессори, G5 Plus эса Snapdragon 625 процессорига эга. G5’нинг камераси 13 мегапикселли бўлиб, унинг ёруғлик ўтказувчи оптик приборининг ҳажми f/2.0. Камера автофокус тизими билан таъминланган. G5 Plus 12 мегапикселли, f/1.7 ҳажмидаги оптик прибори бўлган камерага эга. У 4K сиғимдаги видео суратга олади. G5 эса Full HD сиғимли видео олади. Ҳар иккала смартфон 5 МП селфи камералар билан таъминланган.

G5 16 ёки 32 ГБ доимий хотира ва 128 ГБгача хотира картасини ўқийдиган microSD бўлмасига эга. G5 Plus’да эса 32 ёки 64 ГБ доимий хотира мавжуд. Уларга 2 ва 4 ГБ тезкор хотиралар ўрнатилган. G5 2,800 мА соат, G5 Plus 3,000 мА соат ток сиғимли аккумулятор қўйилган.

Moto бренди смартфонларининг ўзига хос жиҳати уларнинг қўл имо-ишораларини тушунишидир. Мисол учун, бармоқ ишоаралир орқали камера суратга олиши мумкин. Қолаверса, гаджетлар яқинда Google Assistant виртуал овозли ёрдамчисига ҳам эга бўлишади. NFC технологияси орқали яқин масофада электрон тўловларни амалга ошириш мумкин.

G5 ва G5 Plus март ойидан халқаро бозорга чиқарилади. Moto G5’нинг 2/16 ГБ талқини 199 евродан, G5 Plus’нинг 2/32 ГБ талқини $229 доллардан сотилади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!