Lenovo юбилей ThinkPad’ини тақдим этди (+видео)

Lenovo юбилей ThinkPad’ини тақдим этди (+видео)

ThinkPad брендининг 25 йиллиги шарафига Lenovo компанияси мазкур ноутбукнинг юбилей талқини – Lenovo ThinkPad 25th Anniversary Edition моделини тақдим этди. Бу ҳақда ишлаб чиқарувчи ўзининг сайтида хабар берган.

Айтиш керакки, оригинал ThinkPad 700C ноутбуги 1992 йилнинг 5 октябрида тақдим этилган бўлиб, ўшанда уни IBM компанияси ишлаб чиқарар эди. Бу – қаттиқ дискининг ҳажми 120 мегабайтни (!) ташкил этувчи компьютер эди. Ҳозир эса ҳатто «ақлли» соатларнинг тезкор хотираси ҳам бундан катта ҳажмга эга.

2005 йили ушбу ThinkPad ноутбуклари бизнесини Lenovo компанияси сотиб олди ва ўшандан буён мазкур бренд остида компьютерлар ишлаб чиқармоқда. Ҳатто орадан 25 йил ўтиб ҳам ThinkPad ноутбуклари бренднинг ўзига хос хусусиятларини сақлаб келаётир: сичқончанинг ўнг ва чап тугмачалари учун қизил ўрнатмалар, клавиатуранинг ўртасига жойланган TrackPoint жойстиги, қатъий дизайн...

Юбилей модели – Lenovo ThinkPad 25th Anniversary Edition дизайни ҳам ўшанинг услубида, ретро тарзида ишланган. Янги ноутбук ўз «аждоди»нинг ташқи кўринишига мансуб бир қатор хусусиятларни сақлаб қолган. Масалан, етти қаторли классик клавиатура (лекин ичкаридан ёритиладиган), кўк рангли Enter тугмачаси ва ёрдамчи тугмачаларда кўк белгичалари бор.

Аммо юбилей моделининг «ичкариси» ва функционаллиги умуман ўзгача – у илғор технологиялар асосида ишланган. Ноутбукка диагонали 14 дюймлик, Full HD сифатли (1920 х 1080 пикселли) сенсор дисплей ўрнатилган. У саккизинчи авлод Intel Core i7-7500U процессори асосида ишлайди, NVIDIA GeForce 940MX график видеокартаси ҳам бор. Қурилманинг DDR4 тезкор хотираси 16 ГБ, ички хотираси эса 512 ГБ ҳажмга эга.

Янги ноутбукда бармоқ изи сканери ҳам кўзда тутилган. Lenovo’нинг таъкидлашича, унинг аккумулятори қуввати 18 соат ишлашга бемалол етади. Гаджетнинг ўлчамлари 336,6 х 232,5 х 19,95 миллиметрни, вазни эса 1,6 килограммни ташкил этади. Унда учта USB 3.0 порти, яна USB Type-C (Intel Thunderbolt 3), HDMI портлари ҳам бор. Бир гигабитлик Ethernet, 3,5 миллиметрлик аудиотирқиш ва «4 таси биттада» кардридер ҳам мавжуд.

Мана, қуйидаги видеода янги ноутбукнинг хусусиятлари билан батафсил танишиш мумкин:

ThinkPad 25 юбилей ноутбуки тегишли логотип билан белгиланган ва ўзига хос қадоқда тақдим этилади. Lenovo ThinkPad 25th Anniversary Edition айрим мамлакатлардагина, 1899 АҚШ доллари нархида бозорга чиқарилади.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.