LG'дан яна бир «байроқдор» смартфон: V сериясининг навбатдаги модели ҳақида нималар биламиз?

LG'дан яна бир «байроқдор» смартфон: V сериясининг навбатдаги модели ҳақида нималар биламиз?

LG G7 ThinQ атрофидаги ойларга чўзилган шов-шувлар ниҳоясига етиб, эндиликда компаниянинг яна бир машҳур линияси - V сериясининг навбатдаги моделига ҳам гал келди.

Ушбу сериядаги энг сўнгги модель LG V30 смартфони бўлиб қолмоқда. Ҳозирда сиздирилган маълумотларга кўра, сериянинг навбатдаги модели расман LG V35 ThinQ деб аталади.

Хўш, LG'нинг ушбу “байроқдор“и бўлиши кутилаётган мазкур янги смартфон ҳақида ҳозирда бизга нималар маълум?

ЎҚИНГ: LG G7 илғор функцияси билан ақлни шошириб қўяди

Дисплей

LG V35 ThinQ 6 дюмли QHD+ OLED дисплейга эга бўлади. LG V30 ва В30С модельларида ҳам айни типдаги дисплей ўрнатилган. Ягона савол: янги моделдаги дисплей сифати ошириладими? LG V30'да қўлланилган P-OLED дисплейи Samsung'нинг сўнгги авлод AMOLED дисплейларига бас кела олмайди. Шу сабабли янги моделдаги дисплей сифатининг оширилиши муҳим аҳамиятга эга.

Эслатиб ўтиш жоиз, LG G7 смартфонида таннархни тушириш учун OLEDдан воз кечилиб, LCD дисплейлардан фойдаланилган эди.

ЎҚИНГ: LG V30+ 4 кунда 160 долларга арзонлашди

LG V35 ThinQ смартфонида дисплейнинг қурилма танасига нисбати 80 фоизни ташкил қилиши кутилмоқда. LG G7'дан фарқли ўлароқ LG V35 ThinQ моделида «кемтик» дисплей дизайнидан фойдаланиш кўзда тутилмагани айтилмоқда.

Дизайн

LG V35 ThinQ смартфонининг дизайни қурилмадан битта қўлда фойдаланиш учун мўлжалланган бўлади. Сиздирилган ички ҳужжатларда ёзилишича, қурилманинг дисплейи «рангни ўзига хос равишда акслантириш» хусусиятига эга бўлади, смартфоннинг ўзи эса «бир кафтга сиғадиган қилиб яратилади.» Шунингдек, қурилманинг юпқалиги ва вазни енгиллигига алоҳида эътибор қаратилади. LG V35 ThinQ сотувнинг биринчи босқичида қора ва кул ранг дизайнда тақдим қилиниши айтилмоқда. Ҳар икки рангнинг «олий даражада сайқалланган» талқини кейинроқ эълон қилади.

Камера

LG V35 ThinQ «қўшкўз» камерага эга бўлади. Қурилмада LG V30S моделидаги 16МП + 16МП қўш сенсорларнинг такомиллаштирилган талқини ўрнатилган бўлади. Камеранинг дастурий таъминоти ва интерфейси худди G7 ThinQ'даги каби бўлади. 16 мегапикселли стандарт асосий камера f/1.6 сенсорларига ва рангларни янада аниқроқ қабул қилувчи 10 битли HDR технологиясига эга бўлади. 16 мегапикселли кенг бурчак остида тасвирга олувчи иккинчи асосий камера эса 107 даража остидаги бурчакни қамраб олиш имконига эга 16 мегапикселли сенсор билан таъминланади.

ЎҚИНГ: LG V30+ Россияда сотилмоқда, расмий нарх билан танишинг!

Ҳозирча олдинги селфи камера ҳақида бирор маълумот йўқ.

Камера созламалари икки асосий камерани тезкорликда алмаштириш имконини берувчи технология, «онгли камера» ва Google Lens билан таъминланади. Камераларда ёруғлик даражаси жуда паст жойларда ҳам суратлар ёрқинлигини таъминловчи «суперпикселлар» бўлади.

Сунъий идрок

LG мазкур модельни сунъий идрок бошқаруви остидаги «супер-ақлли қурилма» сифатида тақдим этиши тахмин қилинмоқда. Супер Ёрқин Тизим, Сунъий Идрокли Камера ва Google Lens шулар жумласидандир.

Аудио

LG'нинг V серияси ўзининг юқори сифатли аудио имкониятлари билан машҳур. LG V30 модели 32 битли Hi-Fi QUAD DAC билан таъминланган ва айни технология такомиллаштирилган ҳолда LG V35 ThinQ'да ҳам қўлланилиши кутилмоқда.

LG V35 ThinQ, шунингдек, худди LG G7'даги каби товушни узоқдан илғаш имконига эга бўлади. Ушбу технология овоз ёрдамчиси имкониятларини ошириш учун қўлланилади. Қурилма эгасининг овозини 5.18 метр узоқликдан ҳам эшита олади.

Хулоса қилиб айтганда, LG V35 ThinQ'нинг кўп жиҳатлари LG G7 ThinQ'никига ўхшаб кетади. Бу ўхшашликни, айниқса, камералар дастурий таъминотида кузатиш мумкин. Сунъий идрок фойдаланувчига қурилмадан самарали фойдаланишда ёрдам беради. LG V35 ThinQ ва LG G7 ThinQ қурилмалари ўртасидаги асосий фарқ дисплейда бўлади. LG G7'да М+LCD панели ўрнатилган бўлса, LG V35 ThinQ 6 дюмли OLED дисплейга эга бўлади. Яна бир эътиборли жиҳати - LG V35 ThinQ дисплейида «кемтик» бўлмайди.

Тезкор хотира, доимий хотира, аккумлятор сиғими ва дастурий таъминот каби бошқа техник тафсилотлар ҳозирча маълум эмас. Шунингдек, қурилма ишлаб чиқарувчи томонидан қачон расман эълон қилиниши ҳам номаълумлигича қолмоқда.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!