LG Electronics навбатдаги илғор смартфонини тақдим қилди

LG Electronics навбатдаги илғор смартфонини тақдим қилди

LG Electronics компанияси "Q" туркумига кирувчи янги — LG Q8 смартфонини тақдим қилди.

Бир муддат аввал намойиш қилинган LG Q6 модели G6 флагманининг соддалаштирилган талқини бўлса, LG Q8 кўриниши ва жиҳатларига кўра LG V20 моделини эслатади. Жумладан, янги смартфон дисплейининг устки қисмида ҳам ёрдамчи экран мавжуд.

LG Q8 металл корпусга йиғилган бўлиб, LG G6 сингари, корпус чанг ва сув таъсиридан ҳимоя қилинган.Аниқроғи IP68 гувоҳномаси унга 1,5 метр чуқурликда ярим соатгача "жон сақлаш" имконини беради.

LG Q8 девайси 5,2 дюймли, Quad HD (2560 x 1440 пикселли) сиғимли экранга эга бўлган. Орқа панелда бармоқ излари сканери модули, шунингдек 13+8 мегапикселли бош камера сенсорлари мавжуд. Смартфондаги олд камера сиғими 5 Мп.

13 мегапикселли камера модулининг ёруғлик линза ҳажми f/1.8 бўлиб, бу модул суратни оптик барқарорлаштириш функциясига эга. Иккинчи модел эса кенг бурчакли, яъни 135° даражали сурат олади.

"Ақлли телефон"га хос жиҳатлар қаторида сифатли овоз таъминоти учун 4 каналли рақамли-аналог ўгиргичи жорий қилинганини эътироф этиш мумкин.

Аппарат таъминоти учун 2016 йилнинг энг илғор чипи бўлган Qualcomm Snapdragon 820, шунингдек 4 ГБ "оператив" ва 32 ГБ доимий хотира танланган. Хотирани 2 терабайтгача кенгайтириш имкони мавжуд. Аккумуляторнинг электр токи сиғими 3000 мА соат.

LG Q8 ўлчамлари: 149 x 71,9 x 8 мм, вазни — 149 грамм. Смартфон фаолияти Android 7.0 Nougat операцион тизими бошқарувида ташкил қилинади. Смартфон шу ой якунига қадар биринчи бўлиб Европада 599 евро баҳосида сотувга чиқарилади.

Унинг рақиблари қаторида 2016 йилнинг барча флагман смартфонларини киритиш мумкин. Жумладан, Хитойнинг етакчи алоқа воситалари ва Кореянинг Samsung Galaxy S7 смартфони. Айниқса, деярли унинг ярим баҳосига нархланган Xiaomi Mi 6 ҳам дизайн ва жиҳатларига кўра LG Q8 билан бемалол рақобатга кириша олади. Маркетологларнинг фикрича, LG нарх масаласида бирор ўзгариш қилмаса, смартфон бозоридага рақобатга дош бера олмайди.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!