LG Q7: жиҳатлар флагманга хос, нарх эса оммабоп

LG Q7: жиҳатлар флагманга хос, нарх эса оммабоп

2017 йилда тақдим қилинган LG G6 флагманининг муваффақиятидан илҳом олган LG бир фурсат ўтиб, FullVision-дисплейли LG Q6 флагмани туркумини бозорга туширган эди. Туркумнинг ўзига хослиги шундаки, смартфонлар ўрта даражали бўлса ҳам, флагман смартфонларнинг айрим жиҳатларини ўзлаштирадилар.

Бу тажриба ҳам иш берган чоғи, ҳарқалай компания бу йил ҳам мазкур туркумда янги смартфонларни кетма-кет тақдим қилмоқда. Бугун LG Q7 модели намойиш қилинди. Янги смартфон учта моделда тақдим қилинди: LG Q7, LG Q7+ ҳамда LG Q7a.

LG Q7 смартфони LG G7 ThinQ флагманининг ихчам ҳамда техник жиҳатдан соддалаштирилган талқини ҳисобланади. Унинг юпқа ромлари ҳамда бир қатор жиҳатлари флагманларга хос. Олд панелдан қараганда бу модел LG Q6 смартфонига ўхшаб кетади.

Ундаги 5,5 дюймли дисплейнинг экрани FullVision тренди бўйича ишланган. Экрандаги пикселлар сиғими 2160х1080 та белгига тенг.

Смартфон самарадорлиги 8 ядроли, частота тезлиги 1,5 ГГц ёки 1,8 ГГц бўлган процессор, 3 Гб сиғимли тезкор ҳамда 32 Гб доимий хотирали платформага боғлиқ.

Аккумулятор сиғими 3000 мА соат. Смартфондаги бош камера 13 мегапикселли. Олд камера эса 8 Мп ёки ҳудудидан келиб чиқиб 5 Мп сиғимли. LG Q7 корпуси сув ҳамда чангдан IP68 (ҳарбий стандарт ҳисобланган MIL-STD 810G'га жавоб беради) стандарти бўйича ҳимоя қилинган. Гаджетда бармоқ изи сканери, Face Unlock тизими, NFC модели, тезкор қувват олиш функцияси, 2 терабайтгача бўлган хотира картаси учун microSD бўлмачаси, USB Type-C порти бор. Смартфон Android 8.0 Oreo операцион тизимида ишлайди.

LG Q7+ модели эса нисбатан кучлироқ: 4/64 Гб тезкор хотира, овоз сифатига масъул Hi-Fi Quad DAC аудиочипи, 16 мегапикселли бош камера.

LG Q7a эса юқоридаги смартфонлардан 5 мегапикселли селфи камераси билан фарқланиб туради. Смартфонлар ёзнинг илк ойида сотувга чиқарилади. Уларнинг тахминий баҳоси 300 АҚШ долларидан бошланади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!