LG V30 смартфони тиғ ва олов синовида! (видео)

  •   DiMaX
  •  1538
  •  19.10.2017 12:33

LG V30 смартфони тиғ ва олов синовида! (видео)

Телефонлар устида турли тажрибалар ўтказиши билан танилган JerryRigEverything никли видеоблогер LG V30 флагманининг корпуси мустаҳкамлигини текшириб кўрди. Бу синовни видеотасвирга олиб, роликни ўзининг YouTube-каналига жойлади.

Шу йилнинг август ойи охирида LG V30 смартфони тақдим этилган эди. Куни кеча, турли смартфонсозларнинг сўнгги флагманлари битта тўла қувват билан қанчалик узоқ вақт ишлаши бўйича PhoneArena сайти томонидан ўтказилган тестда айни шу модел Android-смартфонлар орасида биринчиликни олди.

JerryRigEverything эса бу смартфонни ўзгача усулларда – сиртини чизиб, букишга уриниб ва оловга тутиб синаб кўрди. Мана, ўзингиз бир томоша қилинг-да:

 

Умуман олганда, LG V30 мустаҳкамлиги чаккимас экан. Унинг шишаси тирналишларга чидамлилиги бозордаги кўпчилик смартфонлардан қолишмайди. Уни қўл билан қийшайтириш ҳам қийин – корпуси анча бақувват чиқди.

Аммо, видеода кўрганингиздек, олов синовига бу модел яхши дош бера олмади. Ёндиргич билан 10 сониялик қиздиришдан сўнг V30 экранида ўчмас бўлиб доғ қолди. Нима ҳам дердик, OLED-панелдан шундан ортиғини кутиб ҳам бўлмайди-да.

Бироқ шуни ҳам таъкидлаш керакки, ушбу тестдаги сингари синовларга смартфонлар кундалик ҳаётда дуч келиши эҳтимоли кам. Шу сабабли, дейлик, AliExpress орқали LG V30 моделини харид қилишни режалаштираётган бўлсангиз, ушбу видеодан кейин бу фикрингиздан қайтмасангиз ҳам бўлади.

Эслатиб ўтамиз, айни шу видеоблогер Nokia 8, Galaxy Note 8, Nokia 3310 (2017), HTC U Ultra Sapphire Edition ва iPhone 7 сингари телефонлар устида ўтказган шунга ўхшаш синовлар ҳақида ҳам ёзганмиз.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.