Люкс телефонлар ишлаб чиқарувчи машҳур компания касодга учради

  •   DiMaX
  •  1441
  •  14.07.2017 10:13

Люкс телефонлар ишлаб чиқарувчи машҳур компания касодга учради

Ҳашамдор ва қимматбаҳо телефонлар ишлаб чиқариши билан донг таратган Vertu компанияси банкротлик ҳақида баёнот берди. Бу хусусда The Telegraph нашри хабар бераётир.

Мазкур бизнеснинг янги соҳиби – турк тадбиркори Мурот Хоқон Узон кредиторлар билан келиша олмади. Натижада компаниянинг Гэмпширдаги заводи ёпиладиган, деярли 200 киши эса ўз иш жойларидан ажраладиган бўлди.

The Telegraph нашрига кўра, бизнесмен Vertu’ни инқироздан олиб чиқиб кетишга ҳаракат қилган, аммо қўлидан келмаган. У компаниянинг фақат 1,9 миллион фунт стерлинг миқдоридаги қарзинигина тўлашга тайёр экан. Vertu’нинг умумий қарзи эса анчагина йирик – 128 миллион фунт стерлингни ташкил этади. Олий суд мазкур миқдорлар орасидаги фарқ ўта даражада йирик эканини таъкидлаб, мазкур режани маъқулламади.

Гарчи Англиядаги мануфактура ёпилаётган бўлса-да, Хоқон Узон интеллектуал мулкка, жумладан, Vertu брендига, унинг олий тоифали қурилмалари технологияси ва дизайнига бўлган эгалик ҳуқуқини сақлаб қолади.

The Financial Times манбалари берган маълумотларга кўра, Vertu эгаси ҳали мазкур олий тоифали брендни қайта жонлантиришдан умидвор. Хитойнинг TCL Communication компанияси билан шартнома тақдири нима бўлиши ҳам ҳозирча номаълум. Аввалига бу икки компания қурилмаларни Англиядаги фабрикада йиғишни режалаштиришган эди, аммо энди унинг ёпилиши маълум бўлди. Афтидан, Concierge сервисининг фаолиятини ҳам яқин орада тиклай олишмаса керак.

Vertu компаниясига 1998 йили Nokia томонидан асос солинган эди, аммо кейинги беш йил мобайнида унинг эгаси уч марта алмашди. Энди янги Vertu смартфонлари умуман ишлаб чиқарилмаслиги эҳтимоли юқори.

Эслатиб ўтамиз, сайтимизнинг Facebook саҳифасида Vertu Signature моделининг видеотавсифини тақдим этганмиз.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!