"Малика"дан Redmi Note 5 Pro ёки iPhone SE олсамми?"

Аввалроқ хабар берганимиздек, юртимизда ҳам Redmi Note 5 Pro смартфони сотила бошланди. Аслида нархи ўрта даражали бўлган девайс айни пайтда ноёб бўлгани туфайли инсонфсизларча нархланган.

Хитойнинг ўзида бу смартфон 218 АҚШ долларидан (4/64 ГБ) бошлаб, 265 АҚШ долларигача (6/64 ГБ) сотилаётган бўлса, «Малика» техномаркази дўконларида Redmi Note 5 Pro модели учун нақ 2 725 000 сўм сўрашмоқда, бу эса тахминан 330 АҚШ доллари, дегани!

Йирик ва сифатли экрани, қўш сенсорли бош камераси, металл корпуси ва функциялари билан Xiaomi Redmi Note 5 Pro барча рақибларини ортда қолдиради. Бироқ, бозорда айни пайтда жиддий ва номдор рақиб бор -- iPhone SE (32 Гб), уни ҳозирда "Малика"да 2 805 000 сўмдан сотишмоқда.

Сўнгги вақтларда анча арзонлашиб кетган iPhone SE кўпчиликнинг диққатини тортмоқда. Ушбу модел Apple коропрациясининг 4 дюймли экранга эга илғор ва ихчам, энг арзон смартфони. Қуйида рақибларни ҳар жиҳатдан таққослаб, муносибини танлаймиз.

Дизайн ва корпуснинг йиғилиши


Redmi Note 5 Pro бугунги кунда Хитойда ва Осиё бозорларида талаб энг юқори бўлган смартфонлар сирасига киради. Ўрта нархли диапазонга мансуб гаджет экрани замонавий кўринишда -- 18:9 стандартли. Уни кафтда тутиб бошқариш аввалги моделлардан анча қулай. Дисплей эса юпқа ромлари билан ўзига мафтун қилади. Орқа панел пластик ва металл уйғунлигида ишланган.

iPhone SE ва Note 5 Pro ёнма-ён қўйиладиган бўлса, корпус йиғилишидаги фарқни кўриш мумкин. IPhone SE бир вақтлар ҳашамдор смартфонлар қаторида турган эди ва орадан икки йил ўтиб, ҳозир ҳам унинг корпус йиғилиши Apple флагманларига хос сифатни сақлаб қолган. 4 дюймли экран ихчам смартфон орзусида юрганлар учун айни муддао. Смартфон орқасидаги металл панелнинг юқориси ва қуйисида 2 та шишадор қисм мавжуд.


Экран


Бу масалада Redmi Note 5 Pro ўтган йиллардаги аксарият флагманларни ҳам мағлуб қила олади. Йирик Full HD+ сиғимли ва IPS матрицали экран 5,9 дюймли ва унинг томонлар нисбати замонавий -- 18:9 стандартли. Рақиби унинг олдида жажжи телефонга айланиб қолади.

4 дюймли iPhone SE смартфонининг пикселлар сиғими анча паст -- 1136 x 640 пикселга тенг. Агар сиз смартфонда матн ўқиш, ўйин ўйнаш ҳамда фильм томоша қилишни маъқул кўрсангиз, унда албатта Redmi Note 5 Pro харид қилинг.

Платформа самарадорлиги


Redmi Note 5 Pro юқори самарадорликка эга бўлган Qualcomm Snapdragon 636 чипсети бошқарувида ишлайди. Унинг тезкор хотира сиғими 6 гигабайтли ва доимий хотира учун 64 гигабайт жой ажратилган. Смартфон Android 7.1 операцион тизимида ишлайди. Умуман олганда, Note 5 Pro тезкор смартфон ҳамда фойдаланиш чоғида "қотиб қолиш" ёки узилишлар кузатилмайди.

Унда "оғир" ўйинларни ҳам маза қилиб ўйнаш мумкин. iPhone SE эса ҳозирда iOS 11.3 операцион тизимида фаолият кўрсатади. Унинг самарали ишлаши учун 2 ядроли Apple A9 процессори ва 2 гигабайтли тезкор хотира масъул. Бундай параметр ҳозирги замонавий фойдаланувчи учун етарли бўлмаслиги мумкин. Шунга қарамасдан, iOS тизимининг айфон моделларига юқори даражада мувофиқлаштирилганини унутмаслик лозим.

Далил келтирамиз: iPhone SE AnTuTu бенчмаркида 134 358 балл тўплаган, Redmi Note 5 Pro эса 112 649 балл тўплаган.


Камера


Бу гал Xiaomi смартфони яна лидергаайланади. Қўш сенсорли бош камера 12 ва 5 мегапикселли сенсорлар бирикувидан ташкил топган. Бу камеранинг рангни ифодалаши ва ёрқин суратлар олиши фойдаланувчини хурсанд қилади. Қолаверса, орқафони ғира-шира қилинган портрет режими ҳам кўпчилик учун айни муддао.

20 мегапикселли (f/2.2) Sony IMX376 сенсори ўрнатилган ва илғор LED фоточқаноғи бўлган олд камера эса чинакам бонус!

iPhone SE бош камераси 12 мегапикселли ҳамда унда ҳам яхши суратлар олиш мумкин. Бироқ сифат борасида Note 5 Pro'дан орқадалигини сиз ҳам суратда кўриб турибсиз. Айфон олд панелида эса 1.2 мегапикселли камера датчиги мавжуд.

Батарея
Xiaomi одатда Redmi туркумига мансуб смартфонларига йирик сиғимли аккумуляторларни ўрнатади. Note 5 Pro ҳам ток сиғими 4000 мА соат бўлган аккумулятор билан таъминланган. Уни тўлиқ қувватлаб, фаол ишлатганда Note 5 Pro қуввати бир ярим кунга етади. Бу фойдаланувчини хурсанд қиладиган натижа.

iPhone SE батареяси эса солиштириб кўрганда, жуда кичик туйилиши мумкин -- 1624 мА соат. Бироқ дисплейнинг кичиклиги ва қувватни тежаш функцияларини ҳисобга олсак смартфон тўлиқ қуввати билан бир кун хизмат қилади.


Хулоса


Бугунги "жанг"да Redmi Note 5 Pro модели шубҳасизки, сифатли экрани, узоққа етадиган батареяси ҳамда сураткашликда тенгсиз камераси билан яққол устун. Ҳозирча юртимизда жуда қиммат сотилаётган смартфон баҳоси тез орада тушади ҳамда ўртача 2 миллион сўмни ташкил қилади.

Шу билан бирга, корпусининг сифатли йиғилиши ҳамда самарадорликда iPhone SE мутлоқ ғолиб бўлди. Танловни доимгидек сизнинг ихтиёрингизда қолдирамиз.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.