Mate 10 Pro – Huawei’нинг илк стилусли флагмани суратлари чиқди

  •   DiMaX
  •  1025
  •  13.10.2017 10:21

Mate 10 Pro – Huawei’нинг илк стилусли флагмани суратлари чиқди

Шу йилнинг 16 октябрида Huawei ўзининг иккита янги флагмани – Mate 10 ва Mate 10 Pro моделларини тақдим этади. Mate тизимидаги навбатдаги қурилмалар қандай бўлиши ҳозирча тўлиқ маълум эмас, аммо унинг рендер-суратлари чиқди, деб ёзади AndroidInsider нашри.

Айтиш керакки, айни дамгача ушбу туркумда Mate 9, Mate 9 Pro, Mate 9 Porsche Design Edition, шунингдек Mate 9 Lite смартфонлари ишлаб чиқарилган. Энди чиқадиган Mate 10 моделининг кодли номи – Marcel, унинг Pro-талқини эса – Blanc кодли номи остида тайёрланмоқда. Гарчи Mate 10 ҳақида маълумотлар бирмунча кам бўлса-да, Mate 10 Pro версиясининг хусусиятлари ҳамда расмлари интернетда тарқалмоқда.

Маълумотларга кўра, Mate 10 Pro флагманини Huawei ўзининг энг илғор Kirin 970 процессори билан жиҳозлайди. Девайснинг диагонали 5,99 дюймга, аниқлиги 1440x2880 пикселга тенг IPS-дисплейининг томонлари ўзаро 18:9 нисбатда. Смартфоннинг тезкор хотираси 6 гигабайт, доимий хотираси эса 64 ёки 128 гигабайт ҳажмга эга.

Корпус қалинлиги 7,5 миллиметрлик гаджетга хитойликлар нақ 4000 мА/соат сиғимли аккумулятор жойлашни уддалашган. Mate 10 Pro’нинг оптик барқарорлаштириш тизимига эга бўлган асосий камераси иккита (12 Мп + 20 Мп) модулдан иборат. Таъкидлаш керакки, Huawei ўз анъаналарига содиқ қолган ҳолда, камерани Leica билан ҳамкорликда ишлаб чиққан. Умуман олганда, ромсиз Mate 10 Pro моделининг камераси ҳам iPhone X ва LG V30’дан қолишмайди. Унинг олд камераси ҳам чаккимас – 8 мегапиксел аниқликда селфи ола билади.

Мазкур илғор хусусиятларга қўшимча тарзда, тақдим этилажак бу смартфон IP68 стандартига кўра чанг ва намдан ҳимояланган, LTE Cat. 16 технологиясини қўллаб-қувватлайди. У EMUI 6.0 қобиғи остидаги Android Oreo операцион тизим талқини бошқаруви остида ишлайди.

Иккинчи суратдаги стилус ҳам эътиборга сазовор – афтидан, Huawei бу модел билан бирга ўз стилусини ҳам тақдим этса керак. Mate 10 Pro савдога шу йилнинг декабрида чиқарилиши айтилаётир. Бу икки моделнинг конфигурациясига кўра нархлари ва айрим хусусиятларига оид маълумотларни мана бу мақоламиздан кўриб олишингиз мумкин.

Huawei ушбу иккита гаджетини «Бу сизга смартфон эмас», дея мақтанганида назарда тутганидек, девайслардаги процессорнинг ишлар принципи инсон миясининг ишлаш тамойилларига ўхшашдир.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!