MDC Optima – металл корпусли 4G-смартфон

  •   DiMaX
  •  2651
  •  23.02.2018 14:39

MDC Optima – металл корпусли 4G-смартфон

Ўзбекистон бозорига яқинда кириб келган MDC брендининг смартфонлари харидорларга маъқул келмоқда. Унинг навбатдаги модели – Optima русумли телефони ҳам шу муваффақиятли юришни давом эттиришга тайёр.

ЎҚИНГ: MDC Grand – бармоқ изи сканери ва HD-дисплейга эга энг ҳамёнбоп смартфон!

Хуллас, бугун MDC бренди остидаги Optima смартфони билан танишамиз, унинг хусусиятларини қисқача кўриб чиқамиз.

Смартфонга мос қадоқ

MDC Optima смартфонининг ўзига ҳам, қутисига ҳам дизайнерлар яхши ишлов беришганини у билан биринчи учрашувдаёқ ҳис этасиз. Оқ ва кўк ранглар уйғунлигидаги ажойиб қадоқ устига смартфоннинг рангли сурати ва номи туширилган. Қутининг орқа томонида ва ёнларида эса унинг хусусиятларига тегишли маълумотлар келтирилган.

Қутига тўлиқ жамланма жойланган: қурилманинг ўзидан ташқари, силикон ғилоф ва экран учун ҳимоя шишаси ҳам жойланган. Жамланмадаги қувватлаш ускунасининг USB-кабели олинади ва уни компьютерга улаш мумкин. Жамланма таркибида MDC брендли қулоқчин ҳам мавжудлиги харидорларни қувонтириши аниқ. Қутига смартфоннинг кафолат талони ҳамда инглиз, рус ва ўзбек тилларидаги фойдаланиш йўриқномаси ҳам жойланган.

Бақувват корпус

Мустаҳкам бўлишини назарда тутган ҳолда, ишлаб чиқарувчи MDC Optima моделини металл корпусда чиқарган. Унинг корпуси очилмайди, SIM-карталар ҳамда MicroSD бўлмачаси юқори қиррадан жойланади. Шунингдек, анъанавий 3.5 миллиметрлик қулоқчин тирқиши ҳам шу ердан ўрин олган. Пастки қиррада бўлса MicroUSB порти, микрофон ҳамда динамиклар кзга ташланади.

Аксарият смартфонлардан фарқли равишда, MDC Optima моделида ташқи бошқарув тугмачалари корпуснинг ўнг эмас, балки чап томонида жойлашган. Телефонни қўлда ушлаганда кўрсаткич бармоқ етадиган жойда қурилмани ўчириб-ёқиш тугмачаси, пастроқда эса овозни баландлатиш/пастлатиш ўрин олган.

Орқа панелда камера датчиги, унинг остида фоточақноқ, ундан ҳам пастда – бармоқ изи сканери чиройли жойлашган. Умуман, MDC Optima’нинг ташқи кўриниши Xiaomi’нинг яқиндагина тақдим этилган Redmi 5 Plus смартфонини эслатади. Орқа панелнинг пастроғида бўртиқ ёзувда бренд номи туширилган.

Корпуснинг олд панелида «Уйга» моддий тугмачаси йўқлиги тўлиқ экран эффектини беради. Дисплейнинг тепа қисмида сўзлашув динамиги ва тегишли датчиклар кўзга ташланади.

MDC Optima корпусининг ўлчамлари 151.9х73.3х9.5 миллиметрга, вазни эса 172 граммга тенг.

Замонавий экран

MDC брендининг Optima телефони 5.7 дюймлик IPS-экран билан жиҳозланган, унинг икки чеккасидаги ромлари энсиз. Томонлари ўзаро 18:9 нисбатда – буниси ҳозир урфга кирган.

Дисплейнинг пастида сенсорли учта тугмача: ўртада «Уйга», ундан ўнг томонда «Орқага» ҳамда чапда – ишга туширилган иловалар рўйхатини чиқариш тугмачалари жойлашган.

Смартфоннинг дисплейи Infinity display турида, унинг тасвир аниқлиги 1440х720 пикселли, яъни HD+ форматида. Экраннинг рангларни узатиши жуда яхши, қиялатиб қараганда ҳам тасвир ўз сифатини йўқотмайди.

«Кўз»лари ўткир!

MDC Optima смартфони 13 мегапикселли модулга ҳамда LED-чақноққа эга бош камера билан жиҳозланган. Селфи учун эса 5 мегапикселли олд камера ажратилган.

Қурилманинг камералари дастурий таъминоти ҳам яхши ишланган – унда ҳар хил режимларда суратга ҳамда видеога тушириш мумкин.

Дарвоқе, камералар орқали олинган фотосуратлар, видеоларни сақлаш учун унинг 16 гигабайт ҳажмга эга доимий хотираси камлик қилса, телефонга MicroSD форматидаги хотира картасини қўйиш имкони бор.

Тўртинчи авлод алоқаси

Ушбу смартфон иккинчи, учинчи ва тўртинчи авлод (2G/3G/4G) уяли алоқа тармоқларида ишлаш имкониятига эга. Ҳозирда юртимиздаги алоқа операторлари янги стандартларни тобора кенг ёйиб бораётганини ҳисобга олсак, LTE тармоғини қўллаб-қувватловчи MDC Optima каби қурилмаларнинг аҳамиятини англаш қийин эмас.

Аксарият смартфонларда бўлгани каби, MDC Optima ҳам иккита SIM-карта билан ишлай олади. Бугунги кунимизда Ўзбекистон шароитида буниси ҳам муҳим. 

Техник таъминоти тузуккина

MDC Optima девайсига 1.3 гигагерц такт частотасида ишловчи тўрт ядроли процессор ўрнатилган. Самарадорликни таъминлашда унга 2 гигабайтлик тезкор хотира ёрдамга келади.

Смартфон сунъий йўлдош орқали навигация учун GPS/AGPS модули, шунингдек, симсиз алоқанинг Wi-Fi ҳамда Bluetooth интерфейсларини қўллаб-қувватловчи модуллар билан жиҳозланган. унинг қувват манбаи эса 3000 мА/соат сиғимли батареяси ҳисобланади.

Шундай қилиб...

MDC бренди остидаги Optima смартфони бугунги кун талабларига жавоб бера олувчи, мустаҳкам алоқа воситасидир. У Android 7.0 Nougat операцион тизим талқинида ишлайди.

Мазкур смартфон эгаси ундаги шахсий маълумотларининг махфийлигини таъминлаш учун график калит, пароль ёки кодли сўздан фойдаланиши мумкин. Шунингдек, MDC Optima’да замонавий биометрик усул – фойдаланувчи шахсини бармоқ изи сканери орқали тасдиқлаш технологияси ҳам жорий қилинган.

Ушбу смартфонни пойтахтимиздаги электроника бозорларидан 800 минг сўмдан бошлаб харид қилишингиз мумкин. Айтганча, MDC бренди остидаги смартфонларга ишлаб чиқарувчи томонидан 1 йиллик кафолат хизмати кўрсатилади.

Ўзбекистон бозорида тобора ўз ўрнига эга бўлиб келаётган MDC брендининг навбатдаги телефони – мустаҳкам ва кўркам Optima юртдошларимиз учун оптимал танлов бўла олади.

ЎҚИНГ: YouTube-каналимизга қўшилинг – MDC Prime Lite видеотавсифи жойланди!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.