Meizu 150 долларлик M6S'ни тақдим қилди

Meizu 150 долларлик M6S'ни тақдим қилди

Жорий йилнинг 17 январида Хитойнинг етакчи смартфон ишлаб чиқарувчиларидан бири бўлган Meizu компанияси томонидан Meizu M6S модели тақдим қилинди. Бу смартфон компаниянинг дисплей томонлари 18:9 стандартли бўлган илк смартфони. Шу билан бирга, смартфон бармоқ изи сканери корпуснинг ўнг биқинидан жой олгани билан ҳам ўзига хос.

Металл корпусли Meizu M6S ҳамёнбоп смартфон моделлари сирасига киради. Сўнгги вақтларда Meizu бу туркумга алоҳида диққат қилмоқда.

Смартфон жиҳатлари ҳам шунга яраша: 5,7 дюймли, 1440х720 (ёруғлик даражаси 450 нитгача, контраст 1000:1) пикселли экран, Samsung Exynos 7872 (6 ядро, 14 нм техник жараён) процессори, 3 ГБ тезкор ҳамда 32 ёки 64 ГБ доимий хотира.

Meizu M6S'нинг батарея сиғими 3000 мА соат ва уни ярим соатда 52% га тўлдириш мумкин. Бош камера 16 Мп (f/2.0), олд камера 8 Мп (f/2.0) аниқлигидаги суратлар олади.

Қизиқарли жиҳати сифатида бармоқ сканерининг корпуснинг ён томонидан ўрин олганини айтиш мумкин. Натижада, mBack тугмаси йўқолиб, олд панел ромдан холи бўлган ва кенгайган. Шу билан бирга, смартфонни тезкор бошқариш учун Super mBack функцияси жорий қилинган. Бунинг учун экрандаги виртуал доирани босиш кифоя. Бармоқ изи сканери корпуснинг шундоққина бош бармоқ ўрин эгаллайдиган жойига тўғри келади.

Смартфон Хитойда 19 январдан сотувга чиқарилди. Унинг 32 ГБ хотирали талқини учун $155, 64 ГБ талқини учун $186 доллар сўралмоқда. Шу билан бирга, смартфон учун махсус ғилофларни $7,5 доллардан харид қилиш мумкин.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.