Meizu бир кунда 200 мингта арзон M6 Note сотишга эришди

Meizu бир кунда 200 мингта арзон M6 Note сотишга эришди

Meizu M6 Note смартфони Meizu компаниясининг Snapdragon процессорига эга илк смартфони экани, шунингдек қўш сенсорли, флагманлар даражасида сурат оладиган бош камераси билан ҳам ўзига хосдир.

1 сентябрда Meizu M6 Note расман сотувга чиқарилди. Унинг бошланғич талқини (3/16 ГБ) $165, шунингдек 3/32 ГБ талқини $195, 4 гигабайтли тезкор ва 64 гигабайтли доимий хотирага эга юқори талқини $255 доллардан сотилмоқда. Смартфон бозорда Xiaomi Mi 5X ҳамда ZTE Nubia Z17 mini'га қарши курашади.

Meizu M6 Note харид қилиш истагида 6 миллиондан зиёд одам аввалдан рўйхатдан ўтган эди. Бир вақтнинг ўзида ҳам офлайн, ҳам онлайн дўконларда сотувга чиқарилган смартфон 1 суткада 200 минг дона сотилган. Компания шуни ҳам катта натижа сифатида нишонламоқда.    

Meizu M6 Note фаблети 5.5 дюймли, Full HD сиғимли дисплейга, 8 ядроли ва 2 ГГц частота тезлигида ишлайдиган Snapdragon 625 процессорига эга бўлган. Шунингдек, смартфонга Adreno 506 видео-картаси ўрнатилган. Маълум қилинишича, смартфон платформаси аввалги авлод фаблетларининг платформасидан 71% самаралироқ ишлайди.

Meizu M6 Note талқинига кўра 3 ёки 4 ГБ тезкор хотира, кенгайтириш мумкин бўлган 16, 32 ёки 64 ГБ доимий ички хотирага эга бўлган. Смартфон 2 та SIM-картани қўллаб-қувватлайди ва 4G LTE Cat.7 тармоғида ишлайди.

Meizu M6 Note орқа панелидаги қўш сенсорлардан бирининг пиксел сиғими 12 мегапиксел (Sony IMX362), пиксел ҳажми 1.4 мкм, ёруғлик линзасининг ҳажми f/1.9. Ёрдамчи сенсор учун 5 мегапикселли модул танланган. Бош камерада  Dual PD тезкор автофокус жорий қилинган. Бу функция сурат фокусини 0.03 секунд ичида белгилай олади.

Смартфон аккумуляторининг электр токи сиғими 4000 мА соат. Унга 18 ваттли mCharge тезкор қувватлаш технологияси жорий қилинган. Бармоқ излари сканери экран остидаги бош тугмага ўрнатилган.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.