Meizu MX6 – “мусиқийлик”ка чоғланган смартфон| Тавсиф

Meizu MX6 – “мусиқийлик”ка чоғланган смартфон| Тавсиф

Техник жиҳатлари:

Корпус материали: металл, шиша, пластик улоқлари

Операцион тизим: Android 6.0, Flyme 5.2 талқини

Алоқа тармоқлари: GSM/EDGE, UMTS/HSDPA, LTE (TD/FDD-LTE 1/3/7), 2 та SIM-карта (nanoSIM)

Экран: IPS LCD (Sharp), диагонали 5.5” дюйм, сиғими Full HD, экран ости ёруғлигини автоматик созлаш функцияси мавжуд, 2.5D ҳимоя шишаси билан қопланган.

Бош процессор: MediaTek Helio X20

Процессорлар: 10 ядроли Corteх-A53

Видеокарта: Mali T880 (4 ядроли)

Оператив хотира: 3 ёки 4 ГБ

Доимий ички хотира: 32 ГБ

Қўшимча хотира картаси: йўқ.

Бош камера: 12 Мп, 6 линзали, f/2.0 оптик приборли, фазали автофокус функциясига эга, пиксел ажми 1.25 мкм, 2 хил тусли светодиодли фоточақноқ, 4k сиғимли видео тасвирга олади.

Олд камера: 5 Мп, f/2.0, 1080p сиғимли видео суратга олади.

Интерфейс: Wi-Fi (a/b/g/n/ac) Dual-Band, Bluetooth 4.0 (LE), қувватлаш ва маълумот алмашиш учун USB Type C (USB 2.0, MHL) порти / 3.5 мм аудио коннектор.

Навигация: GPS (A-GPS), Глонасс.

Қўшимча: mTouch 2.1 бармоқ излари сканери, акселерометр, ёруғлик ҳамда оралиқ-масофа сенсорлари.

Батарея: 3060 мА соат.

Ўлчамлари: 153.6 x 75.2 x 7.25 мм

Вазни: 155 грамм

Комплектдаги жиҳозлар:

Смартфон

2 А туридаги тармоқ адаптери

USB-кабел (Type-C)

SIM-бўлмачасининг тўғноғичи

Meizu MX6 тўғрисида

Meizu MX6 смартфони тақдимоти 2016 йилнинг 3-чорагида бўлиб ўтган ва компания уни Пекинда тақдим қилган.

Meizu’нинг MX смартфонлар туркуми одатда келажак ва айни пайтдаги мобил технологиялардаги функциялар, техник жиҳатларни жам қилинган “тажриба” смартфонлари сифатида эътироф этилади. Компания “байроқдор” смартфонларини Pro туркумида ишлаб чиқарса ҳам, MX туркумини замонавий жиҳатлар билан бойитишга одатланган.

MX6’нинг ҳам муҳим жиҳати сифатида унда Sony’нинг 12 мегапикселли камерасида IMX386 сенсоридан фойдаланилганини айтиш керак. Meizu’нинг маълум қилишича, бу сенсор MX6 учун махсус ишлаб чиқарилган. Айтиш мумкинки, бу камера Meizu смартфонлари камералари орасида энг яхшиси. Иккинчи муҳим жиҳат – экран матрицаси. Хитойлик ишлаб чиқарувчининг бу гаджетдаги экрани барчани мамнун қилади.

Нарх масаласида эса, Meizu MX6 смартфон бозоридаги ўрта нархли гаджетлар сирасига киради.

 

Дизайн, ўлчам ва бошқарув элементлари

Meizu компаниясининг сўнгги смартфонлари бир-бирига ўхшаб кетади. Эҳтимол, уларни бир қарашда ишлаб чиқарувчининг ўзигина ажратиб олса керак. MX6 аппарати  ҳам кўринишидан Pro 6’ни эслатади, фақат ўлчами ва ички функциялари, жумладан лазерли фокусировкалаш тизими билан фарқланади. Унинг ўлчамлари – 153.6 x 75.2 x 7.25 мм, ихчам ва юпча гаджет 155 грамм тош босади. 5.5 дюймли қурилма корпуси тўлиқ металлдан тайёрланган.

Экран чеккалари 2.5D шаклидаги ҳимоя шишаси билан ўраб олинган. Фойдаланиш асносида бу иш беради ва экранни тирналишлардан самарали ҳимоя қилади. Олеофоб, яъни экранни бармоқ излари ва ташқи доғлардан ҳимоя қилувчи пленка қопламаси ҳам мавжуд. Бармоқ экран бўйлаб осон ва енгил ҳаракатланади.

Корпуснинг тўлиқ металлдан ишлангани смартфонга жозибадор ва пишиқ-пухта дизайн бағишлаган. Корпус бурчаклари ясси,  ҳошиялар силлиқ нишабликка эга ва улар орқа панелга моҳирлик билан уланган. Смартфон корпуси юпқа ва силлиқ бўлгани туфайли қўлда қулай жойлашади.

Смартфон бозорга 4 рангли талқинда: кумуш, тилла, пушти ва оқ рангли корпусларда сотилмоқда. Олд панеллар эса оқ ҳамда тим қора-кулранг панелларда ишлаб чиқарилмоқда.

Олд панелда камера ва ёруғлик, масофа-оралиқ датчиклари  симметрик равишда жойлаштирилган, ўртада эса суҳбат динамиги мавжуд. Унда овоз баланд ва “тоза” эшитилади, суҳбатдошнинг овози аниқ-тиниқ эшитилади.

Дисплей остида эса бармоқ изларини текширувдан ўтказувчи механик-сенсор тугмаси мавжуд. Уни mTouch 2.1 тугмаси ҳам дейишади. Чўзинчоқ шаклдаги бош тугма корпусдан бир оз чиқиб турибди ва ҳошияларига пардоз берилган. Унинг ишлаши ва аниқлиги бўйича оммавий эътирозлар йўқ.

Корпус қуйисида – динамик, USB форматидаги Type-C (USB 2.0) универсал порти, микрофон ва 3.5 мм аудио қулоқчин учун туйнук мавжуд. Юқори том қисмида эса 2-микрофоннинг кичик туйнукчаси кўзга ташланади.

Корпус ўнг томонида ёқиш тугмаси ва овозни бошқариш учун клавиша бор. Ҳар иккала тугма металлдан тайёрланган ва бошқаришга қулай. Сим-карта учун бўлмача корпуснинг чап қисмидан ўрин олган (2 та nano-SIM карта).

Камера корпусдан тахминан 1 миллиметрча бўртиб турибди ва сайқалланган металл ҳошия билан таъминланган. Унинг қуйисида 2 тусли фоточақноқ бор.

Умуман олганда, MX6 аппаратининг дизайни бугунги аксарият смартфонларни эслатади ва йиғилиш сифати борасида бирор эътироз йўқ.

Дисплей

Meizu MX6 смартфонида , диагонали 5.5 дюйм бўлган экрандан фойдаланилган. Дисплейнинг ўлчами – 68х121 мм, юқори рамка – 15.5 мм, қуйи рамка – 16.5, ўнг ва чап томон ромлари эса – 4 мм.дан камроқ. Экран шуълани қайтарувчи қопламага эга.

Meizu MX6 дисплейи сиғими – FullHD, яъни 1080×1920 белгига тенг, ҳар дюймда 400 та пиксел жойлашади. Унинг матрицаси ҳавосиз қатламли IPS (Sharp TDDI) технологияси бўйича ишлаб чиқарилган.

Экрандаги оқ туснинг максимал ёруғлиги – 450 кд/м2 (расман – 500 дейилган), қора ранг туси эса – 0,59 кд/м2. Контрастност даражаси – 760:1.

Содда тилда изоҳлайдиган бўлсак, экрандаги ранглар кескинлиги ўрта даражали. Унинг ранг-тасвир узатиши ёрқин, ранглар тўйинган, тасвир экран марказида ҳам, чеккаларида ҳам бир хил тарзда аниқ-тиниқ акс этади. Сиёҳ ёки сариқ тус ранги сезилмайди. Экран матрицаси тасвирни сифатли акс эттиради.

 

Аккумулятор

Ушбу моделда 3060 мА соат электр токи сиғимига эга ажралмас аккумулятордан фойдаланилган.

Бу “қувват тоши” билан Meizu MX6 16-18 соат ишлайди. Бу вақт давомида ҳар куни 20-30 дақиқа суҳбат қуриш, 7 соат  3G/4G тармоғида интернетдан фойдаланиш, 6 соат Wi-Fi тармоғидан фойдаланиш, бир неча ўнта сурат олиш, шунингдек бир соат мусиқа тинглаш мумкин.

Кун давомида фаол фойдаланганда аккумулятор 24 соатга дош беради. Тўлиқ қувват  7 соат тўхтовсиз суҳбат қуришга етади.

HD сиғимли филм томоша қилганда батарейка 9 соат “туриб беради”. График-тасвирга бой ўйинларни эса 3.5 соат давомида ўйнаш мумкин. Шунингдек, максимал баланд товушда 50 соатгача мусиқа тинглаш мумкин.

MX6’да mCharge тезкор қувватлаш технологияси жорий қилинган бўлиб,  3060 мА соат сиғимли аккумуляторни 75 минутда тўлдириш мумкин.

Коммуникация имкониятлари

Аппарат 2 та nanoSIM-карта бўлмачаларига эга. Ҳар иккала бўлмача ҳам 3G/4G (LTE CAT 6) тармоқларида ишлайдиган сим-карталарни қўллаб-қувватлайди.

Тармоқ турлари:

2G GSM/GPRS/EDGE (900/1800/1900 МГц)

3G WCDMA/HSPA+ (900/2100 МГц)

4G FDD-LTE (1800/2100/2600 МГц)

3G TD-SCDMA

4G TD-LTE

Бошқа алоқа стандартлари: Wi-Fi (ac и b/g/n/ac) dual-band Wi-Fi (2.4 ГГц/5 ГГц) – ишлаш даражаси Samsung Galaxy S6/S7’ники билан баробар, GPS, Bluetooth 4.1, қувватлаш ва маълумот алмашиш учун USB Type-C порти (USB 2.0).

Хотира

Смартфонда 4 ёки 3 ГБ сиғимли 2 каналли LPDDR3 туридаги оператив хотирадан фойдаланилган. Доимий ички хотира сиғими эса 32 гигабайт. Кўпчиликнинг фикрича эса, бугунги кун фойдаланувчиси учун камида 64 ГБ доимий хотира сиғимли смарфтонлар зарур. Устига-устак смартфон қўшимча хотира картасини қўллаб-қувватламайди. Хотиранинг маълумотни ўқиш тезлиги – секундига 158 МБ. Маълумотни ёзиш тезлиги эса – секундига 57 МБ.

Камералар

Meizu компанияси раҳбари Бай Юнсянга кўра, MX6’да ўрнатилган Sony IMX386 камера модули ушбу смартфон учун махсус ишлаб чиқарилган. 12 мегапикселли сенсор (пикселлар ҳажми 1,25 мкм)да 6 турдаги оптик линзалар ўрнатилган. Унинг диафрагма ҳажми – f=2.0 бўлиб, камерада фазали автофокус функцияси мавжуд. Бироқ, оптик барқарорлаштириш функциясининг йўқлиги титроқ қўлда яхши сурат олишга тўсиқ бўлиши мумкин. Шундай яхши камерага бу функциянинг қўйилмагани ачинарли. Лекин имкон қадар камерани титратмасдан сурат олса, бу жиҳатни ҳам истисно қилиш мумкин Шунингдек, камера фокуслашда маҳоратли экан.

Олд камера модули учун OmniVision OV5695 (пиксел ҳажми 1,4 мкм) туридаги сенсор танланган. Унинг оптик линзалари сони  4 та, диафрагмаси — f=2.0.

Кундуз куни, ёруғлик етарли шароитда юқори сифатли суратлар олиш мумкин. оқ тус баланси меъёрида, деталларнинг акс этиши яхши, динамик диапазон кенг, ранглар ёрқин. Қисқа қилиб айтганда, ёруғлик яхши бўлса, сифатли тасвир олиш мумкин. Аммо, ёруғлик кам шароитда тасвир сифати камайиб боради.

Гаджетда секундига 30 та кадр муҳрланган 4К сиғимли видео тасвир олиш мумкин. Сифатидан ўртадан бир оз юқори. Олд камера сониясига 30 кадрли FullHD видео ёзади. Тасвир сифати жуда яхши.

Операцион тизимнинг сўнгги талқинида камера иловаси сурат ва тасвирдаги хираликларни камайтирувчи функцияга эга бўлди.

Қуйидаги суратлар мисолида камерага ўзингиз баҳо беринг.

Фаолият самарадорлиги ва дастурий платформа

Meizu MX6 смартфони компаниянинг MediaTek – Helio X20 процессори бошқарувида ишлайди. Бу 10 ядроли чип бўлиб, ундаги 4 ядроли Cortex-A53’нинг частота тезлиги 1.4 ГГц, яна 4 та Cortex-A53 ядросининг ишлаш тезлиги 1.8 ГГц, ва қолган 2 ядро учун 2.3 ГГц частота тезлигида ишлайдиган Cortex-A72 танланган. Процессорнинг техник жараёни 20 нанометр (бу жараён қанча паст бўлса, тезкорлик шунча қюори бўлади. Мисол учун, 2017 йилнинг 29 мартида тақдим қилинган Galagy S8 смартфони 10 нанометрли техник жараёнда ишлайди). График-тасвирни қайта ишлаш учун ARM Mali-T880 видеокартаси ўрнатилган.

Процессор қизғин иш жараёнида ҳам металл корпусда ҳаддан зиёд қизиш кузатилмайди. Аппарат фаолиятида “қотиб” ишлаш бўйича оммавий норозиликлар кузатилмаган. Барча иловалар бир текис ишлайди. Айниқса, “оғир”, яъни графикага бой  ўйинларни ҳам қийналмасдан ўйнаш мумкин.

Смартфон Google Android 6.0’нинг Meizu томонидан ўзлаштирилган Flyme 5.2.2.0G талқинида сотувга чиқади. Уни янгилаб олиш ҳам мумкин. Pro 6’дан фарқли равишда, унда 3D Press функцияси мавжуд эмас. Экран созламаларидаги янги  —  «Кўзни ҳимоя қилиш режими»ни ёқса, экран нисбатан юмшоқ тусга киради. Унда «Излаш» иловаси, об-ҳаво ҳамда бошқа керакли маълумотларни кўриш иловалари мавжуд. Тизимда Google хизматлари мавжуд бўлмаса ҳам, уларни осон ўрнатиш мумкин.

Мултимедиа

Девайсдаги мусиқий плеер Meizu’га хос стандартликларга эга, яъни бунда ҳам эквалайзер мавжуд. Овоз сифати ва баландлиги ўртача.

Динамикнинг овоз таратиши юқори ва сифатли. Бу борада Meizu’нинг тажрибаси эътирофга муносиб. Бу моделда радио мавжуд эмас.

Хулоса

Sharp технологиясига эга махсус юқори сиғимли экран, эргономик, яъни шаклдор дизайнли пишиқ-пухта йиғилган металл корпус, янгича модулли камера, бақарор ишлайдиган процессор платформаси, сифатли овоз узатувчи динамик айни сизбоп бўлиши мумкин. Meizu MX6’даги 32 ГБ доимий хотира сизга камлик қилмаса, смартфондан қуёш остида фаол фойдаланмасангиз, сизга уни харид қилишни тавсия қиламиз.

Хулоса

Қаердан сотиб олиш мумкин?

asaxiy.uz 2,655,000 сўм Сотиб олиш
olx.uz 275 АҚШ доллари Сотиб олиш

 Афзаллиги

 Камчилиги

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!