Meizu’нинг илк ромсиз смартфони суратлари тарқалди

Meizu’нинг илк ромсиз смартфони суратлари тарқалди

Смартфонсозликда бу йил трендга кирган янгиликлардан бири – экраннинг ромсизлиги бўлса, иккинчиси – унинг томонлари ўзаро 18:9 нисбатда бўлишидир. Хитойдаги Meizu компанияси ҳануз ушбу стандартларга мос қурилма ишлаб чиқарганича йўқ. Аммо инсайдерлар интернетда тарқатган расмларга кўра, у аллақачон шунақа смартфон тайёрлаган, дея хабар беради GSMArena.

ЎҚИНГ: iPhone X’даги инновация бўйича Apple’га қарши Meizu ва MediaTek майдонга тушяпти!

Жорий йилнинг сентябрида Meizu компанияси mblu Zero номли смартфон тизерини эълон қилган, унда атрофида роми умуман мавжуд бўлмаган дисплейнинг бир бурчаги кўрсатилган эди. Аммо ўшандан бери бу модел ҳақида ҳеч қандай маълумот чиқмади.

Бироқ Meizu ундан ташқари яна битта смартфон тайёрлаяпти ва у замонавий ромсиз қурилмаларга жуда-жуда ўхшаш. Эҳтимол, бу – Meizu MX7 флагманининг янгича версияси ёки M Note туркумининг янги авлод қурилмасидир. Тўғри, унинг экрани юқори ва пастки қисмларида ромлар барибир мавжуд, айниқса остки роми энли. Дисплейи умуман ромсиз mblu Zero эса компаниянинг 2018 йилги флагмани бўлади.

ЎҚИНГ: Meizu ёки Xiaomi: кимнинг смартфони яхшироқ?

Марҳамат, ҳали тақдим этилмаган янги смартфоннинг интернетга чиқарилган расмлари билан танишинг:

Фотосуратларда кўриниб турганидек, смартфоннинг корпуси металлдан бўлади. Афтидан, унда Meizu’нинг ўз ишланмаси – mTouch тугмачасидан воз кечишади, дактилоскопик сканер эса орқа панелга кўчирилади.

Шунингдек, корпуснинг орқа панелида камеранинг қўшалоқ модули ҳам кўзга ташланади. Бироқ компания учун бу янгилик эмас – у Meizu 7 Pro флагманидаёқ қўш объективли асосий камера трендига қўшилган.

ЎҚИНГ: Meizu Pro 7 тақдим қилинди: 2 та рангли экранга эга илк смартфон

Meizu’нинг илк ромсиз смартфони хусусиятлари, нархи, тақдимот санаси ва бошқа маълумотлари ҳозирча айтилмаган. Бу борадаги янгиликлардан биринчилар қаторида бохабар бўлиш учун биздан узоқлашманг.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.