Meizu смартфонлари: улар орасида қандай фарқ бор?

Meizu смартфонлари: улар орасида қандай фарқ бор?

Тобора оммалашиб, даромади ва инвестиция миқдорининг ошиб бораётгани эвазига Meizu компанияси ўз маҳсулотлари турини кўпайтиришга муваффақ бўлмоқда. Хитойлик компания асосий эътиборини смартфонлар савдосига қаратган.

Википедияда келтирилишича, Хитойча “Meizu” сўзи “Mei” – янги технологияларга қизиқадиган одам ва “zu” – одамлар тўдаси деган маънони англатади. 2003 йилда Жек Вонг томонидан асос солинган Meizu Technology Co., Ltd бугунга келиб наушник, Bluetooth-гарнитуралар ҳамда портатив аккумуляторлар ишлаб чиқармоқда.

Компания Хитой смартфон савдосида Xiaomi ва Huawei каби етакчи ишлаб чиқарувчилардан кейинги ўринларни эгаллаб келмоқда. Компания 2015 йилда жаҳон миқёсида 8.9 миллион дона смартфон сотишга эришган. Унинг Meizu PRO 5 ва 6, Meizu MX3, Meizu MX5, Meizu MX6, Meizu M3, Meizu Blue Charm Metal, Meizu m2, Meizu m1 note каби смартфонлари кўп сотилмоқда.

МР3/МР4 мультимедиа плеерлари компания ишлаб чиқарган илк технологик маҳсулотлар бўлган. Бу плеерлар шу қадар оммалашиб кетишганки, компания биринчи йилнинг ўзидаёқ Хитой бозорида бу йўналишда пешқадамлик қилган. Вақт ўтиши билан компания экспертлари плеерлар ўрнини тез орада смартфонлар эгаллашини англаб, Meizu 2009 йилдан бошлаб смартфонлар ишлаб чиқара бошлайди. Плеерлари каби, Meizu’нинг смартфонлари ҳам фойдаланувчиларни сифатли овоз етказиш технологияси билан хурсанд қилмоқда.

Meizu M8

Илк “Meizu M” туркуми

Meizu илк маротаба 2009 йилда жамоатчилик эътиборига ҳавола қилган смартфон iPhone’га ўхшаш бўлган. Айтиш керакки, у айфондан истара олган илк ёки ягона хитойлик смартфон эмас. Унинг номи Meizu M8 бўлган ва Windows CE 6.0 операцион тизими бошқарувида фаолият кўрсатган. Унинг кўпчилик фойдаланувчиларга ёқмаган жиҳати фойдаланишга ноқулай интерфейси бўлган. Худди шу муаммога тайванлик ишлаб чиқарувчи HTC ҳам рўбарў келган ва бунинг устида тинимсиз изланишлар олиб борган.

Шунга қарамасдан, Meizu M8 смартфони iPhone телефон аппаратига ўхшаш, шунингдек америкалик “ақлли телефон”дан анча арзон бўлгани учун Хитой смартфон бозорида оммалашиб кетади. Ҳаттоки у туфайли бозори касод бўлаётган Apple корпорацияси Meizu’ни судга беради ва 2010 йилда Meizu M8 смартфонини ишлаб чиқариш таъқиқланади.

Орадан икки йил ўтиб, 2011 йилда Meizu ўзининг навбатдаги M9 смартфонини савдога чиқаради. Бу галги мобиль алоқа воситаси  Android операцион тизимининг компания томонидан мослаштирилган талқинида ишлар эди. Хитойлик ишлаб чиқарувчи Samsung билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, смартфонлари учун “юрак”, яъни процессорларни кореялик ишлаб чиқарувчидан харид қила бошлади.

Meizu MX

“Meizu MX” туркуми

Meizu’нинг “MX” туркуми узоқ вақт мобайнида ишлаб чиқарилган ягона смартфон серияси бўлган. Илк Meizu MX 2012 йилда ишлаб чиқарилган бўлиб, унда ўша даврнинг илғор Samsung (смартфон уч талқинда турли процессорларда ишлаб чиқарилган) процессори ҳам ўрнатилган. Ушбу алоқа воситалари билан бирга Android’нинг ўзлаштирилган Flyme операцион тизимининг ҳам илк талқини жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинган. Шундан сўнг, смартфон бозорида Meizu “ақлли телефон”ларига талаб ва эҳтиёж ошиб борган ва компания ҳар йили янги  смартфон моделини намойиш қилган. Уларнинг барчасида Samsung’нинг кучли процессори, Sony’нинг илғор камераси ҳамда ўзига хос мультимедиа имкониятлари жорий қилинган. MX 2014 йилга қадар компаниянинг бош флагман туркуми бўлиб келган.

MX4

MX замонавий туркуми “MX4” номи билан тақдим этилган. Уларни илғорликдан бир оз чекинган субфлагманлар дейиш мумкин. Гарчи, бу туркум телефонларига аввалги мейзулар каби самарали процессорлар татбиқ этилмаган бўлса ҳам, MX4 смартфонлари сифатли экран (ҳатто 5.5 дюймгача бўлган), металл корпус билан таъминланди. Ва, албатта улар нисбатан арзон эди.

MX4’да MediaTek’нинг илғор процессорлари ўрнатилган бўлса, аввалги Samsung Exynos кучли процессорларидан Pro туркуми флагманларида фойдаланила бошланди.

Meizu-MX6

Meizu MX6 смартфони компаниянинг «MX» туркумига кирувчи смартфонлар орасида энг кучлиси. Гаджет кўринишидан  компанияга тегишли Pro 6 «ақлли телефон»ига ўхшаб кетса ҳам, йирик экрани билан ундан ажралиб туради.  Аппарат 5,5 дюймли Full HD сиғимли (1920 х 1080 пиксель), Super AMOLED платформасига экранга эга. Meizu MX6’нинг тезкор хотираси 4 ГБ, доимий ички хотираси талқинидан келиб чиқиб 32 ёки 64 ГБ бўлади. Хотирани microSD қўшимча хотира бўлмачаси ёрдамида кенгайтириш мумкин.

MX4 Pro

“PRO” туркуми

2014 йилда Meizu ўз анъаналарини бузиб, тақдимотда ягона Meizu MX4 смартфонини эмас, у билан бирга MX4 Pro’ни ҳам тақдим қилди. Юқорида қайд этилганидек, MX4 саккиз ядроли MediaTek MT6595 процессори, 5.36 дюймли сиғими 1920х1152 пиксель экранга эга бўлди. MX4 Pro эса 5.5 дюймли сиғими 2560х1536 пиксель, 8 ядроли кучли Exynos 5 Octa 5430 процессори, 3 ГБ оператив хотира билан таъминланди. Meizu ўз тарихида айнан шу смартфонига илк маротаба бармоқ излари сканерини жорий қилди.

Экран остида “Home” бош тугма вазифасини бажариш учун татбиқ этилган светодиодли сенсор ҳалқа ўрнини бу гал сенсор тугма эгаллади ва у бармоқ излари сканери вазифасини ҳам бажаради. Мазкур муваффақиятли дизайн концепцияси Meizu смартфонларида бугун ҳам татбиқ этилади.

PRO 6

Компания кейинги флагманларида “MX” қўшимчасидан воз кечиб, фақат “PRO” ва рақамли индексда (PRO 5) номлай бошлади. Meizu’нинг навбатдаги PRO 6 флагмани металл корпус ва сифатли мультимедиа кўникмасига, илғор Exynos ҳамда MediaTek процессорига эга бўлди. Яъни, унда  аввалги гаджетлар каби бирор ўзига хослик топиш мушкул.

Мисол учун, PRO 5 телефони смартфон бозорининг энг етакчи мобиль қурилмаларидан бирига айланди. Мазкур “ақлли телефон” гаджетлар салоҳиятини баҳолайдиган Antutu бенчмаркида 2016 йилнинг энг самарадор смартфонлари бешлигидан ўрин олган. Ундан олдинда Xiaomi 5, Samsung Galaxy S7 Edge, Huawei Mate 8 каби қурилмалар бор. PRO 6 эса бу даражадаги замонавий  флагман даражасига етмаган.

Маълумотларга қараганда навбатдаги “PRO” имконият ва кўринишидан Samsung флагманларини эслатар экан.

Meizu M

Тобора фойдаланувчилар ишончини қозонган Meizu ўз маҳсулотлари навини янада ҳамёнбоп смартфонлар билан бойитишга қарор қилди ва бозорбоп, арзон “M” туркуми гаджетлари тақдим қилинди (Хитойда бу смартфонни “Blue Charm” – “мовий гўзаллик” деб аташади). Бу туркумдаги илк гаджет Meizu M1 Note бўлди.

Айни пайтда ушбу туркумни қуйидаги иккита алоҳида қуйи категорияга бўлиш мумкин:

Meizu M Note

Meizu M Note

Note қўшимчали моделлар номидан билинадики, янада йирик экранга эга бўлишади. Компания ишлаб чиқарган ҳар учала моделлар FullHD сиғимли 5.5 дюймли экрана,  ўрта нархли смартфонларга хос MediaTek процессори билан таъминланган. Дастлабки икки модел дизайнида бирор ўзига хослик учратиш қийин. Бироқ, сўнгги M3 Note фаблети металл корпус ва бармоқ излари сканерига эга бўлди. Илгари қиммат гаджетларда бўладиган бу жиҳатлар Хитой смартфон ишлаб чиқарувчилари саъй-ҳаракатлари эвазига ҳамёнбоп гаджетларда ҳам жорий қилинмоқда.

 Meizu M

Meizu M

Ўтган йилда Meizu халқаро бозорни “эгаллаш” мақсадига янада жиддий эътибор қаратди. У йирик экранли смартфон ёки iPhone’ни маъқул кўрувчи хитойликлар диди билан ҳисоблашиб ўтирмади ва жаҳон бозори учун 5 дюймли, HD-экранли M2 mini тақдим этилди. Мазкур синфдаги ҳар иккала смартфон 5 дюймли ва улар MediaTek процессори билан таъминланган. Аввалги M3s каби, ушбу смартфон металл корпус ва бармоқ излари сканерига эга бўлди.

 Meizu M E

Meizu M E (Blue Charm E) туркуми

Роппа-роса бир ҳафта илгари Meizu компанияси Meizu M3E номли навбатдаги смартфонни тақдим этди. Унинг хитойча номи Blue Charm E. Жиҳатларига кўра мазкур гаджет M3 Note’га ўхшаш. Ажралиб турадиган устунликлари сирасига юқори сифатли камера, қисман дизайнни айтиш мумкин. Аммо, аккумулятор сиғими 4100 мА соатдан 3100 мА соатга тушиб кетгани ажабланарли. Ҳозирча унинг алоҳида туркумга айланиши ёки M-линейкасидаги гаджетлар қаторидан ўрин эгаллаши ҳақида бирор гап йўқ.

Meizu телефонларининг “Малика” савдо мажмуасидаги нархи (14 август ҳолатида):

Meizu mx5 (16 Гб)  – 1 999 000 сўм.

Meizu mx5 (32 Гб) – 2 193 000 сўм.

Meizu m2 note   – 1 161 000 сўм.

Батафсил танишиш.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!