Mercedes-Benz'нинг келажак электрокари хаёлни ўғирлайди

Mercedes-Benz'нинг келажак электрокари хаёлни ўғирлайди

Ҳар йили август ойида Калифорнияда ўтказиладиган Monterey Car Week автомобил саноати кўргазмасининг бу йилгиси Mercedes-Benz савдо белгисининг 6 метр узунликдаги Mercedes-Maybach 6 Cabriolet электромобили муқобилининг намойиши билан ўзгача тус олди.

1930-йилларга хос арт-деко услубида шоҳона дизайнда безатилган машина юқори технологиялар билан келажак электромобилларига хос трендларни таклиф қилмоқда. 2 кишилик машина ўта таъсирчан ва сезгир.

"Келажак автомобили" дея лақаб берилган электромобилнинг салони тўлалигича сенсорлар жамланмаси, электрон дисплейлардан иборат. 

Овозли ёрдамчи тизимлар сизни жойлашган манзилингиз, вақт ҳамда йўлдаги ҳолат билан таништириб боради. Шунингдек, маълумотлар автомобилнинг сиз хоҳлаган ойнасида ҳам акс этиши мумкин.

Mercedes-Maybach 6 кабриолетида 4 та ихчам, баравар ишлайдиган электродвигателлар ўрнатилган. Ишлаб чиқарувчининг сўзларига қараганда, электрокардаги аккумуляторда тезкор қувват олиш технологияси татбиқ қилинган. 

Тўлиқ қувват билан 500 км масофани босиб ўтиш салоҳиятига эга Mercedes-Maybach 6 Cabriolet ўз қувватини 5 дақиқада тўлдириб олади.          

Кабинанинг олд қисмидаги кўк рангли оптик толали симларидан ўтадиган электр оқими автомобилдаги қувват сарфланиши тўғрисидаги маълумотни етказувчи индикатор ҳисобланади.    

Mercedes-Maybach 6 Cabriolet жиҳатлари:

Двигател кучи – 750 от кучи;

Тезликни 100 км/с.га ошириш -  4 секунд;

Тўлиқ қувват билан босиб ўтадиган масофаси – 500 км.

Янги авлод Мерседесининг сотувга чиқарилиш вақти ҳамда нархи ҳозирча маълум қилинмаган.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.