Металл гибрид – Irbis NB116 тақдим этилди

  •   DiMaX
  •  1237
  •  12.07.2017 18:14

Металл гибрид – Irbis NB116 тақдим этилди

Россиядаги компьютер техникаси ишлаб чиқарувчи Irbis компанияси Irbis NB116 ноутбукининг чиқарилишини маълум қилди.

360° форм-факторидаги ушбу гибрид ноутбукнинг ишлаш самарадорлигини 4 гигабайтлик ҳажмга эга тезкор хотира ҳамда тўрт ядроли Intel Atom процессори таъминлаб беради. Мазкур моделга 1920x1080 пикселли сиғимга эга, диагонали 11,6 дюйм бўлган экран ўрнатилган.

 Irbis NB116’нинг экран қисми клавиатура панелига нисбатан 360 даражада айлана олади. Шу боис ундан ноутбук, планшет, монитор ёки телевизор сифатида фойдаланиш мумкин.

IRBIS’нинг ноутбуклар ва планшетлар йўналиши раҳбари Андрей Никифоров мазкур маҳсулот хусусида шундай дейди:

 «Бизнинг харидоримиз – ҳужжатлар билан ишлаш, электрон китоблар ўқиш, ўйинлар ўйнаш, фильмлар томоша қилиш ва шу каби турли эҳтиёжларини қоплаш учун бир нечта қурилма сотиб олишни истамайдиган истеъмолчилардир. Кишилар учун ноутбук, планшет, электрон мутолаа қурилмаси ёки ўйин консоли сингари гаджетларнинг имкониятларини ўзида мужассам этган – кўпфункцияли битта девайсга эга бўлиш қулайроқ. Шуниси ҳам борки, NB116 моделимиз бозорда таклиф этилаётган, шу каби самарадорликка эга бўлган бошқа маҳсулотларга нисбатан сезиларли даражада арзон».

IRBIS NB116 гибрид қурилмаси қалинлиги 16,7 миллиметрлик металл корпусга эга. Унинг вазни ҳам салмоқли – 1,2 килограммни ташкил этади. 8000 мА/соат сиғимга эга аккумулятори ноутбукнинг нақ саккиз соат узлуксиз ишлашини таъминлай олади. Девайсни USB 2.0 ва USB 3.0 портлари, HDMI, microHDMI ва қулоқчинлар учун 3,5 миллиметрлик тирқиш билан таъминлашган. У Windows 10 операцион тизими бошқаруви остида ишлайди.

Мазкур гаджетнинг нархи ҳақида ҳозирча маълумот берилмаган.