Mi Max 3’нинг тақдимот вақти, нархи ва хусусиятларини айтишди

  •   DiMaX
  •  2744
  •  04.05.2018 15:50

Mi Max 3’нинг тақдимот вақти, нархи ва хусусиятларини айтишди

Кўпчилик ишлаб чиқарувчилар ўлчамига кўра планшетга яқин смартфонлар – фаблетларини тақдим этиб келишаётир. Xiaomi компаниясининг шундай планшетофонлари туркуми Mi Max деб номланади ва уларнинг жуда бозори чаққон.

Xiaomi компанияси ўзининг учинчи авлод фаблетини тайёрлаётгани ҳақида бир неча ойдан буён турли гап-сўзлар юради. Ҳатто унинг айрим хусусиятлари ва суратлари ҳам интернетга чиққан.

ЎҚИНГ: Xiaomi Mi Max 3’нинг илк «жонли» суратини томоша қилинг!

Инсайдерларнинг маълумотларига қараганда, «хитойча Apple» ўзининг Mi Max 3 смартфонини май ойининг охирида расман намойиш этар экан. Аммо ҳозирча тақдимотнинг аниқ санасини айтишмаяпти.

Хабарларга кўра, бу фаблет 6,99 дюймлик, кенг форматли экранга эга бўлиб, дисплей томонлари ўзаро 18:9 нисбатида бўлади. Унинг аккумулятори 5500 ёки ҳатто 6000 мА/соатлик ток сиғимига эга бўлиши хусусида миш-мишлар юрибди.

Mi Max 3 модели бошланғич версияда Snapdragon 636, илғор модификациясида эса Snapdragon 710 платформасига таянади. У Android операцион тизимининг 8.1 – Oreo талқини бошқаруви остида ишлайди. Нархларига келадиган бўлсак, тезкор ва доимий хотираси ҳажмига қараб фаблетларга қуйидагича қийматлар белгиланади: 4/64 гигабайтлик версияда – 267 АҚШ доллари, 6/64 гигабайтлик талқинда – 298, 6/128 гигабайтлик модификацияда эса – 330 доллар.

Аввалроқ Xiaomi Mi Max 3 прошивкасини қўлга киритган XDA Developers жамоаси уни ўрганиб чиқиб, планшетофоннинг баъзи жиҳатларини аниқлашган. Уларга кўра, қурилманинг олд камераси 5 мегапикселли Samsung S5K4H7 датчигига эга, асосий камераси эса қўшалоқ. Бош камеранинг асосий модули Sony IMX363 сенсори бўлиши ҳам, у Samsung S5K217 ёки Samsung S5K5E8 датчикларидан иборат бўлиши ҳам мумкин. Шунингдек, Xiaomi бу гаджетини NFC модули, тезкор ва симсиз қувватлаш технологиялари билан бойитмоқда.

Агарда Xiaomi чиндан ҳам майнинг охирида Mi Max 3 моделини тақдим этадиган бўлса, яқин орада бу девайснинг янада кўпроқ «жонли» суратлари, турли жиҳатлари ҳақида инсайдерлик маълумотлари чиқиши тайин. Улардан биринчилар қаторида баҳраманд бўлиш учун биздан узоқлашманг.

ЎҚИНГ: Xiaomi Mi Max 3: симсиз қувватлаш, Snapdragon 660, кўз ёйи сканери ва бошқа жиҳатлари

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!