Microsoft Excel дастурида саналар ўртасидаги фарқни ҳисоблаш бўйича

Microsoft Excel дастурида саналар ўртасидаги фарқни ҳисоблаш бўйича

Ёдингизда бўлса биз калькулятор ёрдамида саналар ўртасидаги фарқни аниқлашни кўриб чиққан эдик, бу сафар буни Microsoft Office дастурлари пакети таркибидаги Excel - жадвал муҳаррири ёрдамида ҳисоблашни кўриб чиқамиз.

Excel дастурида биз ихтиёрий санани ДД.ММ.ГГГГ, ДД-ММ-ГГГГ ёки ДД/ММ/ГГГГ (бу ерда Д‑день, яъни кун, М-месяц, яъни ой, Г-год, яъни йил) кўринишида киритамиз.

Жорий санани киритиш учун эса Excel дастурида махсус: “=СЕГОДНЯ()” функцияси ишлатилади. Бу функция операцион тизим календаридан жорий санани ячейкада акслантиради. Сиз ЗАВТРА, ёки ВЧЕРА функцияларини дастурда излаб ўтирманг, чунки бундай функциялар дастурда мавжуд эмас. Бунинг ўрнига эртанги сана учун функцияни “=СЕГОДНЯ()+1” ҳамда кечаги сана учун “=СЕГОДНЯ()-1” кўринишида киритинг. Қолган саналарни эса жорий санага ихтиёрий сонни қўшиш ёки айириш орқали аниқлашимиз мумкин.

Биз ушбу функцияни тўлиқ ёзиб ўтиришимиз шарт эмас, = деб киритишни бошлаганимизда расмда кўрсатилгани каби: СЕГОДНЯ ва СЕКУНДЫ функциялари рўйхати ва ↑↓ стрелкалари билан биридан иккинчисига ўтганимизда ўнг томонида рус тилидаги таърифи келтирилади:

Биз СЕГОДНЯ танланган ҳолатда Tab клавишасини босамиз ва дастур уни қуйидагича кўрсатади: “=СЕГОДНЯ(” – бу ҳолатда биз бирор сонни қўшиш ёки айириш истагида бўлсак қўшимча тарзда “)+сон” ёки “)-сон” киритамиз, агар жорий сананинг айнан ўзи керак бўлса “)” белгисини киритмасдан Enter клавишасини босишимиз мумкин (хоҳишингизга қараб).

Саналар ўртасидаги фарқни аниқлаш учун биз қуйидаги функциялардан фойдаланамиз:

=РАЗНДАТ(“дастлабки сана киритилган ячейка манзили”;“жорий сана киритилган ячейка манзили”;“y”) – Бу ерда y бу year (йил) икки сана ўртасидаги йиллар фарқини кўрсатади;

=РАЗНДАТ(“дастлабки сана киритилган ячейка манзили”;“жорий сана киритилган ячейка манзили”;“m”) – Бу ерда m бу month (ой) икки сана ўртасидаги ойлар фарқини кўрсатади;

=РАЗНДАТ(“дастлабки сана киритилган ячейка манзили”;“жорий сана киритилган ячейка манзили”;“d”) – Бу ерда d бу day (кун) икки сана ўртасидаги кунлар фарқини кўрсатади;

=РАЗНДАТ(“дастлабки сана киритилган ячейка манзили”;“жорий сана киритилган ячейка манзили”;“ym”) – Бу ерда ym year, month (йил, ой) йилларни инкор этиб ойларнинг ўзини кўрсатади;

=РАЗНДАТ(“дастлабки сана киритилган ячейка манзили”;“жорий сана киритилган ячейка манзили”;“md”) – Бу ерда md month, day (ой, кун) ойларни инкор этиб кунларнинг ўзини кўрсатади.

Назариядан амалиётга ўтамиз, ишни бошладик – Excel дастурини ишга туширамиз ва қуйидаги кўринишда маълумотларимизни киритиб оламиз:

C2 ячейкасига киритиладиган формула:

=РАЗНДАТ(A2;B2;“y”) Tab клавишаси босилади ва D2 ячейкасига ўтилади;

D2 ячейкасига киритиладиган формула:

=РАЗНДАТ(A2;B2;“m”) Tab клавишаси босилади ва E2 ячейкасига ўтилади;

E2 ячейкасига киритиладиган формула:

=РАЗНДАТ(A2;B2;“d”) Tab клавишаси босилади ва F2 ячейкасига ўтилади;

F2 ячейкасига киритиладиган формула:

=РАЗНДАТ(A2;B2;“ym”) Tab клавишаси босилади ва G2 ячейкасига ўтилади;

G2 ячейкасига киритиладиган формула:

=РАЗНДАТ(A2;B2;“md”) Enter клавишаси босилади.

Қулайлик учун C2 ячейкасидаги формуладан нусха олиш учун F2 клавишасини босиб, уни Shift+ тугмалар бирикмасини қўллаган ҳолда белгилаб олиб нусхалаган ҳолда қолган ячейкаларда яна F2 клавишасини босган ҳолда Вставка қилишимиз мумкин, шунда A2;B2 га тегмаган ҳолда y ни мос тарзда m/d/ym/md га ўзгартириш биз учун осон кечади.

Натижа эса қуйидагича бўлади:

Бунинг формулаларини ёйилган ҳолда кўриш учун Ctrl+~ (~ – (тильда белгиси) Esc (Escape) клавишаси пастида жойлашган) тугмалар бирикмасини босинг (олдинги кўринишга қайтиш учун ҳам шу жараён қайтарилади):

Агар қизиқаётган бўлсангиз буни ушбу мавзуда ёритиб ўтилган Калькулятор дастурида киритиб кўринг ва икки натижани бир-бири билан солиштиринг. Калькулятордан фарқли ўлароқ Excelда ҳафталар ўртасидаги фарқ киритилмаган, чунки РАЗНДАТ функциясида ҳафта кўзда тутилмаган.

Шундай бўлсада Excelда бунинг афзал томони, бу бир вақтнинг ўзида бир қанча саналарни киритиб, юқоридаги каби улар ўртасидаги фарқни формулалар ёрдамида била олишимиздадир. Шунда 2-сатрда киритилган саналар ва формулаларни кейинги сатрларга нусхалаб ўтиб дастлабки санани F2 клавишасини босган ҳолда ўзгартиришимиз ва Enter клавишасини босишимиз кифоя.

Файлни доимий хотира (Қаттиқ диск)да сақлаб, сўнгра уни бошқа бирор кун қайта ишга туширганимизда, СЕГОДНЯ функцияси туфайли жорий сана ўша кунги календарь санасига мос тарзда янгиланган ҳолатда акслантирилади. Бу эса бизнинг назаримизда Калькулятор дастуридаги саналар ўртасидаги фарқни аниқлашга нисбатан анча қулай ва самарали ҳисобланади.

 

Шу турдаги мақолаларни Telegram'даги ушбу каналимизда ҳам кузатиб боришингиз мумкин: @itspecuz

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!