Microsoft компанияси Тошкент шаҳридаги Инҳа университети билан ҳамкорликни кенгайтиради

Microsoft компанияси Тошкент шаҳридаги Инҳа университети билан ҳамкорликни кенгайтиради

Жаҳонга машҳур Microsoft корпорацияси делегацияси 2016 йилнинг 10 февраль куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама этиш учун ташриф буюрди. Бу ҳақда университет расмий сайтида хабар қилинди.

Делегация таркибидан Microsoft`нинг Марказий ва Шарқий Европа минтақасида лицензия қоидаларига амал қилинишини назорат қилувчи менежерлари Диас Шуканов ва Анна Самолётова, Ўзбекистондаги бизнесини ривожлантириш бўйича менежер Равшан Каримов ҳамда Марказий Осиё ва Мўғулистондаги ҳамкорлар билан ишлаш менежери Алиёр Баҳронов ўрин олди.

Делегация аъзолари ташриф доирасида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори Шерзод Шерматов билан учрашишди. Учрашув давомида корпорация билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганлиги ҳамда университет талабалари DreamSpark лойиҳаси доирасида турли компьютер дастурларидан бепул фойдаланишаётгани учун миннатдорчилик билдирилди.

Диас Шуканов Microsoft делегациясининг Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига ташрифидан асосий мақсад икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаш ҳамда корпорация томонидан университетга қандай ёрдам кўрсата олишлари мумкинлигини аниқлашдан иборат эканлигини айтди.

Таъкидлаб ўтиш лозимки, Microsoft корпорацияси икки йилдан буён университет талабаларига DreamSpark ваучерларини тақдим этмоқда. Мазкур ваучерлар ёрдамида талабалар Visual Studio, Xamarin, GitHub Student Developer pack, VS Express 2013 for Web/Windows, VS Team Foundation, Team Explorer Everywhere, MS Expression Studio, XNA Game Studio 4, Kinect for Windows SDK, Kodu Game Lab, MS Mathematics, Windows Phone SDK, Silverlight 4 SDK, MS Robotics Developer Studio, VS LightSwitch, Microsoft Azure ва бошқа дастурлардан бепул фойдаланиш имкониятига эга бўлишмоқда. Бундан ташқари, Microsoft мутахассислари университетда ўтказилаётган турли таълим семинарлари ва тадбирларида иштирок этмоқдалар.