Microsoft компаниясининг Ўзбекистондаги фаолияти кенгаяди

Microsoft компаниясининг Ўзбекистондаги фаолияти кенгаяди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг АҚШ га ташрифи доирасида Microsoft компанияси ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Бу тўғрида вазирликнинг Ахборот хизмати хабар тарқатмоқда.

Икки томонлама ҳамкорлик ифодасини топган ҳужжат Ўзбекистон ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида жаҳоннинг нуфузли компанияларидан бири бўлган Microsoft алоқаларни янги босқичга кўтаради.

Ҳужжатда интеллектуал мулкни ҳимоя қилишни кучайтириш, Ўзбекистонда кибер хуружларга қарши тизимларини мустаҳкамлаш, ахборот технологиялари ва "булутли" технологияларда, шунингдек мобил ишланмалар, очиқ маълумотлар ҳамда "салмоқли маълумот" (big data) ни тарқатиш ва қайти ишлашда, дастурий таъминот ишлаб чиқариш, "интернет буюмлари" учун ишланмалар тайёрлаш йўналишларида инновацияларни амалга ошириш каби истиқболли ҳамкорлик белгилаб олинди.

Ҳамкорлик меморандумига кўра, алоқалар босқичма-босқич амалга оширилади. Ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш шартларига кўра, Microsoft компанияси ўзбекистонлик мутахассислар билан "булутли" ва мобил технологиялар бўйича тажриба ҳамда билимларини ўртоқлашади, стартапларни амалга ошириш ва "булутли" ва мобил бизнес-ишланмаларни, очиқ ва салмоқли маълумот тизимларини яратиш, шунингдек IT-кўникмаларни ва кибер хуружлардан ҳимояланиш бўйича ташкил қилинадиган машғулотларни ўтказишда малакали экспертлар билан қўллаб-қувватлайди,

Microsoft компанияси хусусида

1975 йилда асос солинган Microsoft корпорацияси дастурий таъминот ишлаб чиқариш, инсонларнинг салоҳиятларини намойиш этишга хизмат қиладиган хизмат ва ечимларни ишлаб чиқаришда жаҳон етакчиси ҳисобланади. Компания 190 давлатда фаолият олиб боради. Унинг маҳсулотларини аксарият персонал компютерлар қўллаб-қувватлайди ва жаҳоннинг 45 тилига таржима қилинади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!