Microsoft корпорацияси MacBook 12’дан уч ҳисса юксак автономликка эга инқилобий ноутбукларни тақдим этди (+видео)

Microsoft корпорацияси MacBook 12’дан уч ҳисса юксак автономликка эга инқилобий ноутбукларни тақдим этди (+видео)

Ноутбук учун муҳим хусусиятлардан бири – унинг автономлиги, яъни битта қувват билан имкон қадар узоқ вақт ишлай олишидир. Шуни эътиборга олган Microsoft корпорацияси кеча автономлиги кучли бўлган бир нечта ноутбукларни расман намойиш этди, деб ёзади AKKet нашри.

ЎҚИНГ: Жаҳонда энг яхши сотилаётган ноутбук брендлари ва модели маълум бўлди

Мазкур инқилобий ноутбуклар Asus, Lenovo ва HP томонидан ишлаб чиқарилган бўлиб, уларнинг асосий ўзига хослиги – ҳозирда кўпгина илғор смартфонларда қўлланаётган Qualcomm Snapdragon 835 русумли мобил ARM-процессори базасида ишлашидир.

Microsoft тақдим этган бу янги ноутбукларнинг кучли автономлиги омили – уларга мобил процессордан ташқари, Windows 10 S операцион тизим талқини ўрнатилган. Ундаги махсус эмулятор эса x86-архитектурали процессорга мослаб ишлаб чиқилган компьютер ўйинлари ва бошқа дастурларни ишга туширишга имкон беради. Бундан ташқари, ҳозирда кўплаб замонавий дастурлар бошиданоқ ARM-архитектура билан ишлай оладиган қилиб чиқарилганки, уларга эмулятор ҳам шартмас.

ЎҚИНГ: Ноутбук харид қилаётганда 10 та оммавий хато

Asus, Lenovo ва HP мобил ноутбукларига заводдан чиқишидаёқ Windows 10 S операцион тизими ўрнатилган. Тизим номидаги «S» қўшимчаси унинг функционали ва имкониятлари «қирқилган»лигини англатади. Шу боис унда фақат Microsoft Store иловалар дўконидан юкланган ўйин ва дастурларнигина ишлатиш мумкин. Аммо фойдаланувчи хоҳласа, ўзи бу ноутбукларга тўлақонли Windows 10 операцион тизимини ўрнатиб олиши ҳам мумкин.

Qualcomm Snapdragon 835 процессори базасидаги ультрабукларнинг автоном ишлаш вақти рекорд даражада – улар экран ёқиқ ҳолда 21 соатгача ишлай олишади. Бу эса Apple’нинг энг кучли автономликка эга бўлган ноутбукларидан бири – MacBook 12’га нисбатан салкам уч бараварга юқори кўрсаткичдир!

ЎҚИНГ: MacBook’ига уйланмоқчи америкалик ғалати жавоб олди

Табиийки, мазкур инқилобий портатив компьютерларнинг тақдимоти кишиларнинг ноутбуклар ҳақидаги тасаввурини ўзгартиришга қодир.

Мана, янги ноутбукларнинг хусусиятларига қуйидаги видеолавҳада ўзингиз гувоҳ бўлишингиз мумкин:

Ноутбукни қувватламасдан узоқ ишлатиш талаб этиладиган касблар соҳиблари – тадбиркор, ёзувчи, журналист ва бошқалар учун ARM-архитектурали процессорлар базасидаги ушбу қурилмалар жуда яхши ечим бўла олади.

Asus, Lenovo ва HP ишлаб чиқараётган ушбу ноутбуклар жорий йилнинг охиригача савдога чиқарилиши керак, дейилади хабарда. Фақат фойдаланувчилар улардаги Windows 10 S имкониятларига кўникишлари талаб этилади, зеро, юқори ноутбуклардаги автономликни талаб этувчи кўплаб кишилар ҳозирда Apple қурилмалари – MacBook’лардан фойдаланишади. Шунингдек, бу ерда нарх масаласи ҳам бор – Snapdragon 835 процессори базасидаги янги ноутбукларнинг қиймати ҳозирча маълум қилинмаган.

ЎҚИНГ: «Малика»да MacBook’ларнинг сўмдаги нархлари (2017 йил 30 ноябрь)

Дарвоқе, Qualcomm компанияси кеча янги, энг илғор Snapdragon 845 процессорини тақдим этган бўлиб, у ҳам 2018 йилнинг флагман смартфонларидан ташқари, ноутбукларида ҳам қўлланиши кўзда тутилган. Ким билади, ҳали Snapdragon 845 базасидаги кейинги ноутбуклар янада кучлироқ автономликка эга бўлар?

ЎҚИНГ: Янги флагманлар "фишка"си – Qualcomm Snapdragon 845 тақдим қилинди

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.