Microsoft кўзи ожизлар учун мобил илова яратди (+видео)

Microsoft кўзи ожизлар учун мобил илова яратди (+видео)

Янги технологиялар ва турли дастурлар бизнинг ҳаётимизни қулайлаштиришда давом этмоқда. Масалан, кўзи ожиз ҳамда кўриш қобилияти паст бўлган кишилар учун ишлаб чиқилган Seeing AI бепул мобил дастури атрофдаги предметларни «сканерлаш» имконини беради. Бу ҳақда Futurist.ru сайти хабар бермоқда.

Ушбу илованинг ишлаш механизми жудаям оддий: аввало, айнан нимани «кўриб, таниб олиш» кераклиги кўрсатилади: одамми, ёзувми, расмми ёки бошқа бирор предметми. Кейин эса илова смартфон камераси орқали «кўргани»ни тасвирлаб беради, масалан – яшил кўйлакли, кўзойнак таққан, мўйловли йигит. Сиз ушбу тавсиф орқали бу киши – дўстингиз Темур эканини биласиз ва буни ёзиб қўясиз. Кейинги гал уни суратга олишингиз билан, Seeing AI иловаси уни «танийди» ва: «Бу – дўстингиз Темур, у сизга табассум қилмоқда!»

Бундан ташқари, Seeing AI дастури штрихкодларни ва купюраларни ҳам «танийди». Айниқса, барча номиналларининг ўлчами бир хил бўлган АҚШ доллари купюраларини ажратишда бу қўл келиши табиий.

Шунингдек, бошқа иловалардаги суратларда нима тасвирланганлигини ҳам билиш мумкин. Бунинг учун ўша тасвирни Seeing AI’га импорт қилиш етарли.

Microsoft ушбу дастурини яратишда ҳамма нарсани ҳисобга олган ва иловага мана бу функцияни ҳам қўшган: қизиқтираётган объект кадрга тўлиқ тушиши учун камерани қайси томонга суриш кераклигини ҳам айтади.

Тўғри, мазкур фойдали иловадан ҳозирча фақат АҚШдаги iOS платформасида ишловчи қурилмалар эгаларигина фойдалана олишади. Android-қурилмаларга ва бошқа мамлакатларга қачон навбат келишига эса Microsoft аниқлик киритмаган.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг.


Сўнгги хабарлар