Microsoft тижорат сектори учун Windows 10 S базасида ноутбуклар тақдим этмоқда

Microsoft тижорат сектори учун Windows 10 S базасида ноутбуклар тақдим этмоқда

Microsoft корпорациясининг хабар қилишича, шу йилнинг сўнгига қадар Windows 10 S операцион тизими бошқаруви остида ишловчи янги портатив компьютерлар савдога чиқади. Улар турли компаниялар ва тижорат ташкилотларининг ходимларига мўлжалланади, деб ёзади Daily Digital Digest нашри.

Айтиш керакки, Windows 10 S тизими бу – Windows 10’нинг махсус конфигурацияли талқини бўлиб, Chrome OS’га муқобил тарзида ишлаб чиқилган. Унинг асосий ўзига хослиги шундаки, тизимга фақат Windows Store дўконидан иловалар олиб ўрнатиш ва ишлатиш мумкин. Шунингдек, Windows 10 S талқини стандарт браузерни ва қидирув хизматини алмаштиришга ҳам йўл қўймайди.

Дастлаб Windows 10 S таълим сегменти учун платформа сифатида тақдим этилган эди. Лекин энди Microsoft бу операцион тизимни бизнес-секторда ҳам қўллаш мумкин, демоқда.

Хабарда айтилишича, тижорат бозори учун Windows 10 S тизимида ишлайдиган ноутбукларни HP, Lenovo, Acer ва Fujitsu компаниялари тайёрламоқда. Октябрь ойиданоқ юпқа корпусли HP Stream 14 Pro савдога чиқарилади. Диагоналига 14 дюймлик экранли бу лэптопга 275 АҚШ доллари миқдорида нарх белгиланган.

Шу йилнинг тўртинчи чорагида яна Acer Aspire 1 ҳамда Acer Swift 1 портатив компьютерлари ҳам чиқарилади. Уларнинг биринчиси 14 дюймлик экранга эга бўлиб, 299 долларга баҳоланмоқда. Иккинчисининг эса экрани диагонали 13 дюймга, нархи – 349 долларга тенг.

Кейинги йилнинг февраль ойида эса 14 дюймлик экранга эга Lenovo V330 ноутбуки чиқади. Бу моделнинг тахминий нархи 349 доллар бўлиши айтилмоқда.

Мазкур портатив компьютерларнинг техник тавсифлари кейинроқ маълум бўлади.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.