Microsoft йиғма камерага эга ғайриоддий буклама фаблет – Surface Phone’ни тайёрламоқда

  •   DiMaX
  •  174
  •  12.12.2017 10:28

Microsoft йиғма камерага эга ғайриоддий буклама фаблет – Surface Phone’ни тайёрламоқда

Кейинги пайтларда смартфонларнинг форм-факторига ўзгартириш киритиш тенденцияси пайдо бўлганини пайқагансиз, албатта. Жумладан, шу йилнинг охирги чорагидаёқ буклама смартфоннинг икки хил тури тақдим этилди. Улардан бири ZTE Axon M смартфони бўлиб, очилганида у планшетга айланади. Иккинчиси эса «раскладушка» туридаги, аммо иккита тўлақонли экранга эга Samsung W2018 смартфонидир.

Энди бўлса Microsoft ҳам ўзининг Surface Phone номли буклама фаблетини тайёрламоқда, деб ёзади PhoneArena нашри. Корпорация яқинда олган патент бу қурилманинг камераси функцияларини ошкор этади, дейилади хабарда.

Ҳали тайёрланаётгани расман маълум қилинмаган мазкур гаджет ҳам худди ZTE Axon M русумига ўхшаб, Surface Phone ҳам очилганида планшет шаклини олувчи смартфондир.

ЎҚИНГ: Microsoft Surface Phone ростдан мавжудми?

Инсайдерлар ошкор этган патентга кўра, бу девайс очилганида камеранинг объективи смартфоннинг бир томонида, камера сенсори эса – иккинчи томонида қолади. Планшет режимидан смартфон режимига ўтганида, яъни ёпилганида эса камеранинг ушбу иккита қисми магнит ёрдамида бирикади. Surface Phone ёпилганида камеранинг қўшимча модули механик клапан билан ёпилади.

Тахминларга кўра, ғайриоддий бу қурилма Andromeda – смартфонларга мўлжалланган Windows 10 операцион тизимида ишлайди. Мазкур тизим ARM архитектурасини қўллаб-қувватлайди ва унда тўлақонли десктоп компьютер иловалари ҳам ишлай олади.

ЎҚИНГ: Microsoft Surface Phone смартфонига ноутбукларга мўлжалланган Intel процессори ўрнатилади

Шунингдек, WalkingCat никли дастурчи Windows Whiteboard’да номаълум «Журнал» иловасига элтувчи ҳаволани топган. Бундан ташқари, «чап саҳифа ва ўнг саҳифа» атамалари ҳам эсланганки, булар йиғма Surface Phone экранининг чап ва ўнг томонларини англатиши мумкин.

Ҳозирча Microsoft бундай қурилма тайёрлаётганини расман тасдиқламаган, аммо инкор ҳам этмаган. Омон бўлсак бирга кўрамиз – биздан узоқлашманг!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.