Миллий IT-университетлар афғонистонлик ёшларга эшикларини очади

Миллий IT-университетлар афғонистонлик ёшларга эшикларини очади

Шу йилнинг 2 апрелида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Азим Ахмедхаджаев Афғонистон коммуникация ва ахборот технологиялари вазири Шаҳзод Гул Арёбини қабул қилган эди.

Унда телекоммуникация ва ахборот технологиялари соҳасида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан юқори тезликдаги транзит алоқа каналларини ташкил қилиш, икки давлат тармоқ операторлари ўртасидаги халқаро телефон трафик сиғимини катталаштириш, халқаро интернет тармоғига юқори тезликда уланишни ташкил қилиш, АКТ соҳасида кадрлар тайёрлаш каби янги йўналишларда лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, ушбу лойиҳалар нафақат алоқа соҳаси ўртасидаги, балки бошқа йўналишларда ҳам минтақавий ҳамкорликнинг кенгайишига хизмат қилади. 

Музокараларнинг мантиқий давоми сифатида 3 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Азим Ахмедхаджаев ҳамда Афғонистон Ислом Республикасининг Коммуникация ва ахборот технологиялари вазири Шаҳзад Гул Арёби иккала мамлакат ўртасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш йўналишида ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган "Стратегик ҳамкорлик бўйича англашув Меморандуми"ни имзоладилар.

Мазкур ҳужжатдан кўзланган бош мақсад – иккитомонлама ҳамкорликни ривожлантириш  ҳамда телекоммуникация, ахборот технологиялари ва почта хизматларини кўрсатишда тажриба алмашиш, алоқаларни кенгайтиришдан иборат. Меморандумда, шунингдек АКТ соҳасида техник ёрдам кўрсатиш масаласи ҳам кўзда тутилган.

Англашув меморандуми асосида томонлар ҳамкорликка оид меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштирадилар, ўзаро дахлдор бўлган телекоммуникация ва алоқа тармоқлари ҳамда почта алоқаси инфратузилмасини мақбуллаштириш чораларини кўрадилар. Хусусан, Марказий Осиёга Ўзбекистон орқали ўтадиган почта транзитининг фаолияти таъминланади. 

Шу билан бирга, томонлар АКТ соҳасининг турли йўналишларида рақобатбардошлиликни ошириш, "электрон ҳукумат" йўналишида ҳамкорлик қилишни келишиб олдилар.

"Афғонистон Президентининг яқинда юртимизга ташрифи чоғида икки давлат раҳбарлари АКТ соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан ҳам келишувга эришган эдилар. Мана шу келишув асосида Афғонистоннинг АКТ вазири бошчилигидаги делегация билан соҳанинг турли йўналишларида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, биринчи галда Афғонистон билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Йўл харитасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, хусусан Интернет транзитини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Афғонистон томони уларнинг мутахассислари Ўзбекистонда билим ва тажриба орттиришларига қизиқиш билдирмоқда. Имзоланган Меморандум доирасида афғонистонлик талабаларни Тошкент ахборот технологиялари университети ҳамда Тошкент шаҳридаги Инҳа университетларида таълим олишларини ташкил қилиш масаласи ҳам кўзда тутилган", - дейди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Азим Ахмедхаджаев.

Шунингдек, музокаралар асосида "Ўзбектелеком" АК ҳамда «Afghan Telecom Corporation» ўртасида ҳам "Стратегик ҳамкорлик бўйича англашув Меморандуми" имзоланди. Телекоммуникация соҳасининг иқтисодий юксалишдаги ўрни ҳисобга олиниб, томонлар телекоммуникация йўналишида ўзаро хизмат кўрсатишни йўлга қўйишга келишиб олдилар.

"Йўл харитасига асосан, Афғонистон ва Ўзбекистон телекоммуникация ва ахборот технологиялари соҳасида ҳамкорликнинг янги босқичини белгилаб олдилар. Биз бир-биримизни қўллаб-қувватлаб, ҳар иккала мамлакатда Интернетга тезкор уланишни ташкил қилиш юзасидан янги имкониятларни излаймиз", - дейди «Afghan Telecom Corporation» Бош директори Ажмал Аян.

Хусусан, томонлар ҳар иккала мамлакатдаги халқаро алоқа хизматларига бўлган эҳтиёжни таҳлилий ўрганиш, шунга кўра мақсадли равишда "Ўзбектелеком" ва "Afghan Telecom Corporation" компанияларининг телекоммуникация тармоқлари ўртасидаги ўзаро трафик ўтказувчанлигини оширишни келишиб олдилар.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!