Мобил операторлар биздан нимани яширмоқда?

Мобил операторлар биздан нимани яширмоқда?

Қонунчиликка кўра, ишлаб чиқарувчи ёки хизмат кўрсатувчи ўз маҳсулоти (хизмати) тўғрисида тўлиқ ва етарли маълумот беришига мажбур. Афсуски, Ўзбекистондаги уяли алоқа операторлари ўз харажатларини камайтириш ва максимал фойда олиш мақсадида, сотилаётган рақамлар тўғрисидаги баъзи муҳим маълумотларни яшириб келмоқдалар. Бу ўз навбатида оператор мижозларига кўпгина ноқулайликлар туғдириши мумкин, деб ёзади «Дийдор азиз» нашри.

Мақолада таъкидланишича, уяли алоқа операторлари томонидан сотувга чиқарилаётган рақамларнинг олдин ишлатилган ёки ишлатилмаганлиги тўғрисида мижозга маълумот берилмайди. Бунинг эвазига операторлар янги каналларни ижарага олишни камайтирмоқда ва ўз маблағини тежамоқда. Лекин абонентлар-чи?

Келинг, мижоз учун бу қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигига бир қизиқиб кўрайлик.

Одатда кимлар ўз телефон рақамларини тез-тез алмаштиради? Бу тоифага асосан шубҳали шахслар, фирибгарлар, енгилтабиат аёллар ва ҳоказолар кириши эҳтимоли юқори. Шундай экан, «ишлатилган» ёки «second hand» рақамларни билмасдан сотиб олган мижозларга бу қандай зарар етказиши мумкин?

Масалан, кечаси ярим тунда хотинининг ёнида эркакка нотаниш аёл қўнғироқ қилиб колса, ёки аёлга эрининг олдига нотаниш эркак қўнғироқ қилса, бу оилада можаро ва бошқа нохуш ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин. Бундай англашилмовчиликларнинг охири йўқ.

Бир сўз билан айтганда, бу ҳолат янги мижозга ноқулайлик яратиши аниқ.

Бундан ташқари, мазкур ҳолат бу рақамнинг олдинги эгаси Telegram, WhatsApp ва бошқа мессенжер ёки ижтимоий тармоқларда очган аккаунти, шахсий маълумотлари бегона одам (шу рақамнинг кейинги эгаси) қўлига тушиб қолишига ҳам сабаб бўлади. Бунинг оқибатида компания мижознинг ҳуқуқларини бузмоқда: ушбу ачинарли ҳолат уяли алоқа операторлари тегишли рақамларнинг на янги ва на эски эгалари ҳақида қайғурмаслигидан далолат беради, дейилади «Дийдор азиз» мақоласида.

Истеъмолчилар ҳуқуқини бузаётган мазкур ҳолатни бартараф этиш учун уяли алоқа операторлари ўз мижозларига сотилаётган рақамларнинг янги («new») ва олдин ишлатилган («second hand») эканлиги тўғрисида маълумот беришлари шарт. Бунда, олдин ишлатилган «second hand» рақамларни сотиб олишга рози бўлган мижозларга «ишлатилган» рақам юзасидан келиб чиқиши мумкин бўлган «ноқулайликлар» юзасидан огоҳлантирилиши шарт.

Агар шу ҳолат дунёнинг ривожланган мамлакатида юз бериб, бирор мижозга зарар етказилганида, катта бир шов-шувга ва мижозга оператор томонидан катта миқдордаги товон тўланишига сабаб бўлиши мумкин эди.

«Ҳурматли (бизни ҳурмат қилмасангиз ҳам) мобил операторлар! Ўзбекистонликларнинг ҳам кўп нарсага ақли етади!» дейилади «Дийдор азиз» мақоласида.


Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.