Мобил операторларимизнинг ижтимоий тармоқлардаги кўрсаткичлари қанақа?

Мобил операторларимизнинг ижтимоий тармоқлардаги кўрсаткичлари қанақа?

Ахборот асрида йирик компаниялар учун ўз мижозларига маълумот етказиш, уларнинг фикрларини ўрганишда ижтимоий тармоқларнинг роли катта. Шунингдек, кўпчилик компаниялар бугунги кунда оммалашган мессенжерлар каналлари орқали ҳам мулоқотни ривожлантиришга эътибор қаратишаётир.

Биз Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган оммабоп уяли алоқа компанияларининг шу йўналишдаги фаоллигига, аниқроғи, уларнинг саҳифаларида нечтадан аъзо борлигига бир назар солишга қарор қилдик. Бунда асосан GSM стандарти бўйича абонентларга хизмат кўрсатаётган ҳамда ижтимоий тармоқларда нисбатан фаол бўлган операторларгагина эътибор қаратдик.

Маълум бўлишича, Ўзбекистонда фаолият юритаётган уяли алоқа операторларининг ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлардаги иштироки турлича экан. Марҳамат, бу борадаги маълумотлар билан танишинг:

Ижтимоий тармоқларда энг кўп обуначига эга бўлган уяли алоқа оператори Beeline эканлиги аниқланди. Энг кенг тарқалган ижтимоий тармоқ – Facebook’даги унинг саҳифасига 172911 нафар фойдаланувчи «Like» қўйган. Beeline Instagram’да ҳам анча фаол – унинг аккаунтига 13600 киши обуна бўлган. Одноклассники тармоғида эса бу оператор шунчаки рекорд ўрнатган – унинг ҳамжамияти 609965 нафар фойдаланувчи аъзо бўлган. Афсуски, Telegram мессенжерида Beeline’нинг канали мавжуд эмас экан (ҳар ҳолда, операторнинг сайтида кўрсатилмаган бўлиб, мессенжерда глобал қидирув орқали излаб ҳам топа олмадик).

ЎҚИНГ: Beeline ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар учун 100 Гб трафик таклиф этмоқда!

Ucell оператори ҳам мазкур йўналишда энг кўп фаоллик намоён этаётганларидан бири экан. Унинг Facebook саҳифасини жами 160477 нафар фойдаланувчи «Ёқди» белгиси билан маъқуллаган. Instagram тармоғидаги Ucell аккаунтида эса 4129 нафар обуначи мавжудлиги аниқланди. Одноклассники тармоғида ҳам бу операторнинг фаоллиги яхши – унинг ҳамжамиятига 314809 киши қўшилган. Ucell’нинг Telegram’даги каналига эса 25911 нафар фойдаланувчи аъзо бўлган.

ЎҚИНГ: Ucell ўчирилган рақамни сўнгги эгасига улашни йўлга қўйди

Яна бир уяли алоқа оператори – UMS ҳам ижтимоий тармоқларда ўз мижозлари билан мулоқотни йўлга қўйган. Компаниянинг Facebook саҳифасига 10037 та «Like» қўйилган бўлса, Instagram-аккаунти 1098 та обуначи тўплаган. UMS’нинг Одноклассники тармоғидаги ҳамжамиятига 25473 нафар фойдаланувчи йиғилганини кўриш мумкин. Лекин Telegram мессенжери борасида мазкур оператор ўзгача йўл тутган – ўзбек ва рус тилларида юритилувчи алоҳида-алоҳида иккита канал очган. Уларни тегишлича 5196 ва 3623 нафар, жами 8819 обуначи кузатиб келаётганига гувоҳ бўлишимиз мумкин.

ЎҚИНГ: UMS корпоратив мижозлари қандай қулайликларга эга?

Ва ниҳоят, Uzmobile уяли алоқа операторига келсак, унинг ижтимоий тармоқлардаги фаолияти анча суст. Миллий операторимизнинг Facebook’даги саҳифасини 6061 киши «Ёқди» тугмачаси орқали маъқуллаган. Одноклассники тармоғидаги Uzmobile ҳамжамиятида ҳам атиги 418 киши мавжудлигини кўрдик. Instagram ва Telegram’да эса мазкур оператор аккаунтлари мавжуд эмас (расмий сайтида кўрсатилмаган) экан.

ЎҚИНГ: UZMOBILE аллақачон 5G технологиясини синовдан ўтказди

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Ўзбекистонда хизмат кўрсатаётган уяли алоқа операторлари ўзларининг ижтимоий тармоқлардаги ва оммабоп мессенжерлардаги фаолиятларини янада жонлантирсалар яхши бўларди. Зеро, «фалон миллион» абоненти мавжуд бўлган операторлардан бирортасининг ҳам мазкур тармоқлардаги умумий обуначилари сони миллионтага етмаган.

Эслатма: маълумотлар 2017 йил 29 ноябрь санасидаги ҳолатига мувофиқ кўрсатилган.

Азиз мухлислар, биздан узоқлашманг – уяли алоқа операторларимизнинг фаолиятига доир янгиликлардан ҳам сизни мунтазам тарзда бохабар этиб борамиз.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.