Мопедли тўда Лондондаги Apple Store'ни ўмариб кетди

Мопедли тўда Лондондаги Apple Store'ни ўмариб кетди

2017 йилнинг 13 ноябр тонгида болғалар билан қуролланган бир гуруҳ ўғрилар тўдаси Лондонда жойлашган йирик Apple Store дўконига ҳужум уюштирди. Бу тўғрида Digital Trends нашри хабар тарқатмоқда.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, 5 та мопедда келган 10 нафар одам болғалар ёрдамида дўкон ойналарини синдириб, Apple дўконига киришган ҳамда 3 дақиқа ичида қўлларига илинган гаджетларни олиб, ҳодиса жойидан ғойиб бўлишган. Дўкондан iPhone X, Apple Watch ва iPadва бошқа қимматбаҳо гаджетлар ўғирлаб кетилган. Уларнинг баҳоси ҳозирча маълум қилинмаган.

Гарчи, жиноятчилик содир этилган бўлса ҳам, дўкон шу куни одатдагидай иш бошлаган ва савдони давом эттирган. Ҳозирда қидирув-суриштирув ишлари бошланган бўлса ҳам, бирор натижа эълон қилингани йўқ.

2011 йилда ҳам мопедли тўда Лондондаги бошқа бир Apple Store дўконини ўмарган эди. Ўшанда дўкондан кўпчиликнинг кўзини ўйнатган қиммат iPhone 4S флагманлари ўғирлаб кетилган.

Apple техникалари доим ўғриларнинг диққатини тортиб келган. Шу йилнинг 3 ноябрида жиноятчилар тўдаси Сан-Францискода бортида 300 дан зиёд iPhone X бўлган юк машинасини олиб қочишган. 2016 йилда ҳам Сан-Францискодаги Apple Store дўконидан иш вақтида iPhone флагманлари талончилик йўли билан олиб чиқиб кетилган. Ўтган йили эса Нью-Йоркда дўкон ходими юниформасини кийган ўғрилар 60 дан зиёд айфонларни ўғирлашган.

Apple тарихидаги йирик ўғирлик 2017 йилнинг ёзида Нидерландияда содир этилган. Ўшанда 5 нафар жиноятчилар Apple'га хизмат кўрсатувчи компаниянинг юк машинасини қўлга олиб, катта миқдордаги, жами 500 минг евролик Apple девайсларини ўғирлаб кетишган. Кўп ўтмасдан улар қўлга олинган ва қонун олдида жавоб беришган.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.