Mssg.me: барча аккаунтларингиз битта онлайн-ташрифномада!

  •   DiMaX
  •  3075
  •  24.06.2017 16:37

Mssg.me: барча аккаунтларингиз битта онлайн-ташрифномада!

Кимгадир бирор мессенжердаги ўзингизнинг контактингизни беришда, ижтимоий тармоқдаги аккаунтингизни кўрсатишда қийинчиликка ёки англашилмовчиликка дуч келганмисиз? Ё бўлмаса бировнинг шунақа – турли сервислардаги контактини олишга қийналганмисиз? Энди барча тармоқлар ва мессенжерлардаги аккаунтингизни қийналмасдан узатиш йўли бор!

Mssg.me – дўстларингизга, ҳамкасбларингиз ё ҳамкорларингизга, шунингдек мижозларингизга сизнинг турли мессенжерлардаги, ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларингизни биттада тақдим этиш имконини берувчи сервисдир. Унинг ёрдамида сиз тегишли қисқа манзилни рўйхатдан ўтказиб оласиз; кейин сервис шу манзил орқали барча ижтимоий аккаунтларингизни кўрсатиб беради.

Мазкур сервисдан фойдаланиш учун, Mssg.me сайтида шахсий профилингизни яратиб олишингиз лозим. Биратўла профилингиз учун қисқача тавсиф киритасиз, URL белгилайсиз, сўнг эса барча ижтимоий тармоқлардаги ҳамда мессенжерлардаги ўз контактларингизнинг ҳаволаларини киритиб қўясиз. Буларнинг барчаси атиги икки дақиқа вақтингизни олади ва мутлақо бепулдир!

Шу тариқа, Mssg.me сайтида яратган шахсий профилингиз сизнинг онлайн-ташрифномангиз – интернетдаги визиткангизга айланади. У мобил қурилмалар экранларида ҳам, компьютерлар мониторларида ҳам чиройли кўринишга эга бўлади.

Ташрифномангизнинг орқа фонини ўзингиз созлай оласиз: бирор яхлит рангни танлашингиз, таклиф этилган тасвирлардан бирини ўрнатишингиз ёки ўзингиз истаган бир суратни юклаб, фон сифатида сақлашингиз мумкин. Мессенжерлардаги аккаунтларингизга элтувчи ҳаволалар унда белгича – иконка кўринишида жойлашади. Агарда Mssg.me рўйхатида сизнинг бирор мессенжерингиз учун белгича мавжуд бўлмаса, сиз керакли тасвирни ўзингиз юклаб, белгича тарзида сақлай оласиз.

Онлайн-ташрифномангизни созлаб бўлгач, унинг ҳаволасини ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларингизга жойлашингиз, электрон мактубларингиз сўнгига имзо сифатида ўрнатишингиз, сайтларга жойлашингиз мумкин. Сайтга жойлаш учун ҳатто мазкур сервиснинг махсус виджети ҳам мавжуд.

Яна бир қулай томони – бу сервис ҳар бир онлайн-ташрифнома учун шифрланган ҳаволага эга QR-код яратиб беради. Уни қоғоз тарзидаги анъанавий ташрифномада чоп этиб олсангиз – керакли кишиларга барча мессенжер ва ижтимоий тармоқлардаги контактларингизни биратўла тақдим эта оласиз. Улар турли сервислардаги ҳар бир аккаунтингизни қўлда териб излашдан қутулишади – смартфонининг камераси орқали шу QR-кодни сканерлаб, сиз билан боғланишнинг барча йўлларини кўрсатувчи онлайн-ташрифномангизга киришади.

Демак, онлайн-ташрифномангизни яратиш учун мана бу ҳавола орқали сервисга ўтишингиз мумкин.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.