Mug Life – ҳар қандай суратни «жонлантириб» юборувчи илова!

  •   DiMaX
  •  5207
  •  20.03.2018 13:39

Mug Life – ҳар қандай суратни «жонлантириб» юборувчи илова!

Кейинги пайтларда интернет ва мессенжерлар фойдаланувчилари орасида GIF-суратлар ҳамда расмларни қайта ишловчи турли мобил дастурлар оммалашмоқда. Шулардан бири – янги тақдим этилган Mug Life иловаси суратни «жонли» анимацияли 3D-тасвирга айлантириб беради.

ЎҚИНГ: Microsoft смартфондан суратларни Windows 10’га тезкор кўчирувчи илова тақдим этди


Mug Life иловасида янги аккаунт очиш, шунингдек, Facebook ёки Twitter аккаунти орқали кириш ҳам мумкин. Иловани бошқариш жуда осон: шунчаки унга фотосуратни  юклайсиз ёки онлайн режимида расмга туширасиз.

Илованинг бепул версиясида расмни таҳрирлаш учун олдиндан ўрнатилган ўнта бепул вариант мавжуд. Турли таҳрирлаш усулларига эга жиҳозлар тўпламини олиш эса пулли. Лекин қизиқарли мемларни тўловсиз ҳам ясаса бўлади.

Мазкур дастурда тайёрланган анимацияли расмларни Facebook, Twitter, Instagram каби ижтимоий тармоқларда улашиш имкони бор. Шунингдек, уларни электрон почта орқали ёки матнли хабарда жўнатиш, «аватарка» тарзида қўллаш ёки шунчаки смартфонда сақлаб қўйиш ҳам мумкин. Истагингизга кўра, уни барчага кўринарли ёки махфий қилиб қўя оласиз.

ЎҚИНГ: Ижтимоий тармоқда сиз йўл қўядиган 5 хато

Mug Life – бу нафақат илова, балки ўзига хос ижтимоий тармоқ ҳамдир; унда жонлантирилган фотосуратларнинг ўз рейтинги мавжуд. Сиз эса қизиқарли GIF-суратлар ясайдиган муаллифларга обуна бўлишингиз, уларга «лайк» қўйишингиз, шунингдек, ўзингиз ясаган анимацияга «лайк»лар тўплашингиз ҳам мумкин.

Масалан, Vintage ҳэштегли анимациялар орасида жонлантирилган Мэрилин Монро сурати машҳур:

Жониворлар акс этган расмлар бўйича эса машҳур мушук – Grumpy Cat етакчи.

Дарвоқе, Mug Life ҳозирча фақатгина iOS тизимли қурилмалар учун тақдим этилган, Apple гаджетлари соҳиблари уни мана бу ҳавола орқали ўтиб юклаб олишлари мумкин. Ишлаб чиқувчиларнинг таъкидлашларича, дастурнинг Android-гаджетларга ўрнатиладиган талқини устида ҳам ишлар олиб борилмоқда.

ЎҚИНГ: Android’да суратни қайта ишловчи энг зўр иловалар