Мулоҳаза: Онгни измига олаётган кўринмас бало

Мулоҳаза: Онгни измига олаётган кўринмас бало

Янги минг йиллик фуқароларининг аксарияти тонгда уйғониши билан қўл чўзадиган илк буюм -- смартфон. Уйқуга кетишдан аввал ҳам сўнгги маротаба назар ташланадиган восита шуҳасизки, мобил гаджетлар ҳисобланишади. Бугунги ҳақиқатлардан бири шуки, инсон реал ҳаётдан узилиб интернет оламига қанча ғарқ бўлса, ўзини шунча бахтсиз ҳис қила бошлайди. 

Сўнгги йиллардаги изланишлар мобил гаджетларнинг жисмоний таъсиридан кўра, ижтимоий тармоқ ва мессенжерларнинг руҳий саломатликка зарарлари кўп эканини кўрсатмоқда. Бу каби тармоқлар аксарият инсонларни тушкунлик домига ғарқ қилади. Қолаверса, сўнгги йилларда улғайиб келаётган авлоднинг феълида одам маданий мавжудотга айланганидан сўнг кўзга ташланмаган одатлар намоён бўлмоқда. 

"Лайк"лашиш, шарҳлаш, фикр билдириш, ўқиб бориш, кузатиш, суҳбатлашиш завқи барчани халқаро миқёсидаги смартфон қарамлигига сабаб бўлмоқда ва буларнинг бари учун ажратилаётган вақт ҳам тобора ортиб бормоқда.

Сўнгги тадқиқотлардан маълум бўлишича, бугунги интернет-фуқаролари ўз смартфонларини 1 кун давомида камида 150 маротаба текшириб кўрадилар. Бу кўрсаткични Facebook тармоғи ҳам ўз фойдаланувчилари мисолида тасдиқлаган. Шунингдек, фойдаланувчилар смартфонларига бир кунда 2,617 маротаба турли буйруқларни берадилар.

Ижтимоий медиа воситаларининг инсон руҳиятига таъсири билан бирга, уларнинг инсон вақтини ўғирлаши ҳам жиддий хавф сифатида қайд этилмоқда.

Ижтимоий медианинг 5 та хавфли таъсири мавжуд:

1. Сен ўз ҳаётингни яшай олмаётганингни ҳис қиласан.
Биз ҳар гал ижтимоий тармоққа кирганимизда танишларимиз ёки дўстларимизнинг қандай дам олаётгани, қаерда овқатланаётгани ва қандай яшаётганиги кўриб, руҳиятимизда ўзимиз билмаган ҳолда ҳаётга нисбатан норози кайфиятни йиғиб борамиз.

2. "Ўтказиб юбориш" ваҳимаси.
Тармоқларда тарқалаётган учрашувлар, дўстлар йиғинлари, тадбирлар ва зиёфатларни ўтказиб юборишдан ваҳимага тушиш ҳам сўнгги вақтларда руҳиятга салбий таъсир кучига эга бўлиб боряпти. Ижтимоий тармоқлар боис инсондаги янги давралар ва янги инсонлар томон шошиш истаги янада кучайиб кетар экан.

3. Жиноятга мойилликнинг ошиши.
Жиноят қилишга майли бор инсонлар виртуал тармоқда ўзларини тийиб туришлари қийин бўлади. Мавҳум профиллар ёрдамида амалга оширилаётган майда виртуал безориликлар кун келиб йирик кибер жиноятга айланиши мумкин. Қолаверса, ғоявий заҳарланиш ҳам виртуал тармоқнинг салбий таъсирлари сирасига киради.

4. Шахсий маълумотларнинг тарқалаётгани. 
Агар севиб қолган бўлсангиз ёки дарғазаб кайфиятда бўлсангиз, қаерда ким билан ва нима тановул қилиб ўтирибсиз, қандай дам оляпсиз -- бундан бутун дунёни бохабар қилишга ҳожат йўқ.

5. Худбинлашиб бориш.
Учрашувларда суратга тушиб, оммага эълон қилиш -- бош мақсадга айланган. Ижтимоий тармоқдаги ҳар бир ҳаракатимиз ўзимизни оқлашга, шарҳлашга қаратилган. Instagram эса одамнинг ўз-ўзига бўлган муҳаббатининг ошишига, нарциссизмнинг кучайишига олиб келмоқда.
Қолаверса, ижтимоий тармоқларнинг ўзаро муносабатларнинг авж олиши ёки бузилишидаги таъсири ҳам ошиб бормоқда.

Facebook илк маротаба “Like” тугмасини жорий қилинганидан бошлаб одамларда эътиборга бўлган ташналик эҳтиёжи фақатгина ошиб келмоқда. Бу белги 2007 йилда Жастин Розенштейн томонидан яратилган. Ва, The Guardian нашрига кўра, Жастин яқинда ижтимоий тармоқларни тарк этган. "Ижтимоий тармоқнинг энг хавфли таъсири шундаки, у ҳаммани ҳамма вақт чалғитади", дейди Жастин.

Бугун "Силикон водийси" эшиклари нафақат технолог, дастурчиларга, балки руҳшунослар учун ҳам очиб қўйилган. Боиси, бу кучли экспертлар IT-гигантларга одамлар онгини эгаллаб олиш ва уларга яхшироқ таъсир ўтказишга ёрдам берадилар. Натижада, Facebook, Google, Twitter, Instagram ва бошқа тармоқлар одамларни ўз онгларини бошқариш ва назорат қилиш кўникмасидан маҳрум қилишга эришмоқдалар. Шундай экан, ижтимоий медиа воситаларидан меъёрида ва ўз ўрнида фойдаланишни унутманг. Ахир ҳаёт уни беҳуда сарфлаш учун қисқалик қилади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.