Мутлақо ромсиз Samsung Galaxy X’нинг илк видеоси ва суратларини томоша қилинг!

  •   DiMaX
  •  2874
  •  07.12.2017 11:06

Мутлақо ромсиз Samsung Galaxy X’нинг илк видеоси ва суратларини томоша қилинг!

Samsung ўзининг Galaxy X смартфонини тайёрлаётгани ҳақида кўпдан бери хабарлар чиқяпти, уларга кўра, AMOLED-экрани ва корпуси қайишқоқлиги эвазига, мазкур гаджетни исталган томонга (маълум даражада, албатта) букиш мумкин бўлармиш. Энди эса, Science and Knowledge канали дизайнерлари ушбу девайснинг илк рендер суратларини ҳамда видеосини ишлаб чиқишди, деб ёзади AKKet нашри.

ЎҚИНГ: Инқилобий буклама смартфон – Galaxy X тақдимоти ва савдога чиқарилиш вақти айтилди

Бир қарашда бу қурилма Samsung Galaxy S8 моделининг яхшиланган версиясига ўхшаб кетади. Аммо ромлардан мутлақо холи экранга, қўш модулли асосий камерага ва юз сканерига эга.

Science and Knowledge мутахассислари Samsung бўлажак суперфлагманини ҳар томонлама кўрсатишдан ташқари, унинг айрим техник хусусиятларини ҳам ошкор этишди. Бироқ буларнинг бари ҳали тасдиқланган маълумотлар асосида эмас, балки шу пайтгача тарқалган миш-мишларга таянган ҳолда, дизайнерлик фантазияларини қўшган ҳолда ишланган. Жанубий кореялик корпорациянинг флагмани амалда бундан фарқ қилиши мумкин.

Хулласи калом, дизайнерларнинг фикрича, Samsung Galaxy X гаджетига диагонали 5,8 дюймга тенг бўлган AMOLED-экран ўрнатилади. Дисплейнинг тасвир аниқлиги 2880х1440 пикселли, яъни QHD+ форматида бўлади. Экраннинг томонларининг ўзаро нисбати эса 18:9 ни ташкил этади.

Янги суперфлагманнинг «юраги» сифатида ҳали кеча расман тақдим этилган саккиз ядроли, 2,8 ГГц такт частотасида ишловчи илғор Qualcomm Snapdragon 845 процессори хизмат қилади. Унга Adreno 640 график тезлатгичи кўмакдош бўлади.

ЎҚИНГ: Янги флагманлар "фишка"си – Qualcomm Snapdragon 845 тақдим қилинди

Galaxy X тезкор хотираси 4/6 гигабайт, доимий хотираси эса 64/128 гигабайт ҳажмга эга бўилиш айтилаётир. Унга замонавий USB Type-C порти ҳам, қулоқчин учун 3,5 миллиметрлик тирқиш ҳам қўйилган. Девайснинг асосий камераси 16 мегапикселлик иккита объективни ўз ичига олади, олд камераси ҳам 16 мегапикселлик модулга эга. 4150 мА/соат сиғимга эга аккумулятори эса Fast Charge (Quick Charge 2.0) тезкор қувватлаш технологиясини қўллаб-қувватлайди. Телефоннинг ўзи Always-On Display технологиясини қўллаб-қувватлаши айтилган.

ЎҚИНГ: Samsung сайтида буклама Galaxy X «кўринди»

Ушбу суперфлагман корпусининг олд ва орқа панелига Corning Gorilla Glass 5 ҳимоя шишаси ётқизилади. Шунингдек, корпус IP68 стандартига кўра сув ва чангдан ҳимоя сертификатига ҳам эга бўлади, дейишмоқда. Шунинг шарофати билан Samsung Galaxy X икки метргача сув тубида бир соатгача муддатда қолиб кетса ҳам шикастланмайди. Телефоннинг каркаси эса, унинг мустаҳкамлигини таъминлаш мақсадида, махсус пўлат қотишмасидан ишланади.

Мана, Science and Knowledge канали дизайнерлари талқинидаги Samsung Galaxy X смартфонини видеода томоша қилинг:

Эҳтимол, ҳали Samsung Galaxy X бундан бутунлай бошқача бўлиб чиқар, чунки тасвирланган мобил қурилма Galaxy S9 ёки Galaxy S10 модели, дейишга кўпроқ лойиқ. Зеро, Samsung компанияси смартфонларининг ҳар бир туркуми одатда ўзининг ажралиб турувчи хусусиятларига эга; Galaxy X туркумининг асосий «фишка»си эса буклама экран ва корпус бўлиши кутилмоқда. Ана шундагина у бозордаги энг инқилобий смартфон номига лойиқ бўлади.

Лекин нима бўлганда ҳам, юқоридаги суратларда ва видеода акс эттирилган қурилма ҳайратга лойиқ, нима дедингиз?

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!