Мутлақо ромсиз смартфонни умуман танилмаган бир компания яратди (+видео)

  •   DiMaX
  •  4632
  •  14.10.2017 17:09

Мутлақо ромсиз смартфонни умуман танилмаган бир компания яратди (+видео)

Бу йил трендга чиққан анъана – смартфонларнинг дисплейи ромсиз бўлиши, аслини олганда, нисбий ҳолат. Чунки уларнинг барчасида ҳам экран атрофида юпқа бўлса-да, ром мавжуд. Аммо Хитойдаги, шу пайтгача номини ҳеч ким эшитмаган «oono» компанияси энг ромсиз смартфон прототипини яратди, деб ёзади Androidheadlines нашри.

Тўғри, бу қурилмани ҳам буткул ромсиз дейиш унчалик тўғри эмас, аммо дисплейнинг юқори ва пастки қисмида кенг ромлари бўлган рақобатчиларидан фарқли равишда, мазкур смартфоннинг экрани атрофи бир хилдаги юпқагина ром билан чегараланган.

Ҳақли савол туғилади: олд камера ва бошқа датчиклар-чи, улар қаерда жойлашган? Ишонаверинг, «oono» компанияси уларни дисплей остига яширишни уддалаган! Гап шундаки, мазкур девайс ўзига хос слайдер форматида ишланган: бармоқларнинг енгил ҳаракати билан экран асосий корпусдан пастга сурилади. Унинг остида – асосий корпуснинг юқори қисмида камера ва бошқа керакли датчиклар жойлашган.

Мана, ўзингиз бир назар солинг-да:

Ҳозирча ушбу прототипни якунига етган смартфон, дея баҳолашга эрта. Чунки ёритилганлик датчиги ҳамиша қурилма юзасига тушаётган ёруғлик миқдорини аниқлаб туриши керак-ку. Мазкур прототипнинг тузилиши эса бунга йўл бермайди. Шунинг учун, агарда смартфон шу ҳолида ишлаб чиқарилса ҳам, экран ёрқинлигини фақат қўлдагина созлаш мумкин бўлади. Лекин, корпуснинг олд панелини 100 фоиз эгалловчи шундай улкан ромсиз дисплей эвазига шундай қилса ҳам бўлаверади, нима дедингиз?

Бундай гаджетнинг яна бир камчилиги – корпусининг қалинлиги ҳамда қурилманинг ўзгача форм-фактори эвазига унга етарлича сиғимли аккумулятор ўрнатиб бўлмаслигидир. Айтиш керакки, шу пайтгача ишлаб чиқарилган слайдер форм-факторига эга смартфонларнинг сўнггиси – 2015 йилги Blackberry Priv бўлган эди.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!