MWC 2018: iPhone X'нинг 150 долларлик нусхаси намойиш қилинди

MWC 2018: iPhone X'нинг 150 долларлик нусхаси намойиш қилинди

Хитойнинг ҳамёнбоп мобил алоқа қурилмалари билан номи чиққан Leagoo компанияси бугун Барселонада S9 деб номланган смартфон моделини тақдим этди. Мазкур смартфонга оид илк хабарлар 2017 йилнинг декабрида тарқалган эди.

iPhone X флагманига ҳавас қилиб яратилган смартфонларни боғлаб турувчи ўхшашлик - уларнинг олд панели юқорисидаги ўйиқдир. Leagoo S9 ҳам ана шундай "ғаройиб пешона"га эга бўлган.

Смартфон олд панелидаги ушбу майдонда Face Access деб ном олган ва фойдаланувчи қиёфасини сканер қиладиган сенсор ўрин эгаллаган. Унинг ёрдамида смартфонни блокировкадан чиқариш мумкин.

Ишлаб чиқарувчининг маълум қилишича, телефон аппаратини блокировкадан чиқариш учун смартфонга 0,1 секунд вақт керак бўлади. Шу билан бирга, девайсда хавфсизликни таъминлашнинг бошқа муқобили, яъни бармоқ изи сканери ҳам татбиқ қилинган. Мазкур сенсор гаджетнинг орқа панелида ўрнатилган.

Leagoo S9 модели 5,85 дюймли IPS-дисплейга эга бўлган ва унинг пикселлар сиғими HD+. Смартфон 4 гигабайт ҳажмидаги тезкор хотираси билан фойдаланувчини хурсанд қилади.

Leagoo S9 самарадорлиги учун 8 ядроли процессор танланган. Ҳозирча бу чипнинг аниқ модели маълум қилинмаган.

Смартфон 3300 мА соат сиғимли аккумуляторга эга бўлган. Доимий хотира учун 32 гигабайтли виртуал майдон мавжуд. Уни microSD бўлмачаси орқали янада кенгайтириш мумкин. Операцион тизим ҳам илғор - Android 8.0 Oreo. Буларнинг барчаси учун 150 АҚШ доллари сўралмоқда!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!