Навбатдаги афсонавий айфон бозорни тарк этмоқда

Навбатдаги афсонавий айфон бозорни тарк этмоқда

Жаҳон миқёсида энг яхши сотилган айфонлардан бири бўлган iPhone 5s смартфон бозорини тарк этмоқда. Мобил алоқа воситалари етказиб берувчиларининг сўзларига кўра, ҳамёнбоп айфон ўз ўрнини "SE" моделига бўшатиб беради.

Сўнгги куз
Тадқиқотларга кўра, iPhone 5s шу кунга қадар энг арзон айфон сифатида бозорда яхши сотиб келинган. Айни пайтда эса бу моделнинг сўнгги нусхалари сотиб тугатилмоқда. Маълум бўлишича, Apple бу смартфонни етказиб беришни тўхтатади. Йил охиригача 5s савдоси тўлиқ ниҳоясига етади.

Шунингдек, iPhone 5s'га эҳтиёж ҳозирга келиб анча пасайган. Экспертлар ҳам 5s жиҳатларига кўра ҳам бир оз эскирганини айтишмоқда.

iPhone 5s — Apple корпорациясининг 2013 йилнинг 10 сентябрида тақдим қилинган 7-авлод смартфони ҳамда iPhone 5'нинг "меросхўри". У iOS 11 операцион тизими бошқарувида фаолият кўрсатади. Девайсда 64 битли Apple A7 (ARMv8) процессори, Apple M7 ёрдамчи чипи ва Touch ID бармоқ излари сканери ўрнатилган.

Айтиш жоизки, бу "айфонография", яъни айфонда яхши сурат олиш анъанасини бошлаб берган гаджет.

Кенжа айфон -- iPhone SE

5s ўрнига тахтга кўтарилаётган "SE" модели унга қараганда бир оз қиммат бўлади. Шу билан бирга, унинг техник имкониятлари анча юқори. iPhone SE -- айни пайтда сотувга чиқарилаётган энг ихчам iPhone бўлиб, 4 дюймли жажжи дисплейдан иборат. Дизайнини iPhone 5'дан "мерос" олган бўлса ҳам, техник жиҳатдан iPhone 6S билан баҳсга киришади ва илғо A9 процессорига эга. "Кичкина деманг бизни", деганларидай бу айфоннинг афзалликлари кўп. Ҳатто, iPhone X маҳрум бўлган "Touch ID" тугмаси ҳам бор :)
Шу вақтга қадар $399 доллардан сотилган энг арзон талқин 50 долларга арзонлашди.

Нарх-навоси: 32 ГБ талқин $349, 128 ГБ талқин $449 доллар.
Корпус ранглари: кумуш, тилла, "самовий кулранг" ёки оч пушти.

Шубҳасизки, ритейлерларнинг қайд этганларидек, энди у Apple корпорациясининг навбатдаги энг яхши сотиувчи арзон смартфони бўлади.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.