Нега Note 8 премьераси Apple учун навбатдаги байрам бўлди?

Нега Note 8 премьераси Apple учун навбатдаги байрам бўлди?

Кореялик гигант Galaxy Note 8'ни тақдим қилар экан, бир ҳақиқатни унутган кўринади -- бош рақиб билан беллашиш учун аввалги смартфонни клонлаштиришнинг ўзи етарли эмас. 

  

23 августда бўлиб ўтган тақдимот аввалида Note смартфонлари тарихига оид бир нечта слайд намойиш қилинди. Улар орасида Galaxy Note 7'нинг йўқлиги барчанинг эътиборини тортди. Эҳтимол. компания унга бахтсизлик келтирган фаблетни эсга олгиси йўқдир. Балки, уни аллақачон унутишгандир.  

Бироқ, тақдимот сценарийси бу гал Apple'ча усулда ишлаб чиқилгани яна ҳам диққатга сазовор. Мисол учун, Note 8'даги ўзига хос жиҳатларни гапириб бериш учун саҳнага алоҳида мутахассислар чиқди. Бу усулдаги тақдимотни Стив Жобс ўйлаб топган. Яъни, Apple асосчиси маҳсулотни яратишда жонбозлик кўрсатган энг яхши ходимларни таклиф қилган.

Аксарият экспертларнинг фикрича, Note 8'нинг оригинал жиҳатлари фақатгина Samsung учунгина янгилик эди.

Мисол учун, қўш объективли камера ҳозир айфонда ҳам бор.

Сурат ён томонларини ғира-шира эффекти билан олиш ҳам аллақачон ҳамёнбоп смартфонларда ҳам ўрнатилган.

«Жонли СМС» – iMessage'дан фарқи йўқ.  

Экранни блокировкадан чиқармай туриб қайд қолдириш – буни ўзига хос ғоя дейиш мумкин.  

Ҳозирча шулар. Кўпчиликнинг фикрича, компания iPhone 8'ни "синдириш" учун Samsung Galaxy Note 8'ни намойиш қилишга шошмаслиги керак эди. Боиси, ромсизлик ва "ниҳоясиз дисплей", шунингдек фаблетнинг бошқа жиҳатларидан биз аллақачон хабардор эдик. Ҳамма кореялик ишлаб чиқарувчидан бирор оригинал ташаббус кутган эди. Ҳеч бўлмаса, S Pen қаламчаси билан боғлиқ илғор дастур.  

Тан олиш керак, Note 8 – бу бирмунча қайта ишланган ва стилусга эга бўлган S8+. Бу смартфонлар ўртасидаги фарқ – вақт, яъни 5 ой холос! Бу дегани Samsung ярим йил ичида қўш камерани қўшиш ва қаламчани ютишга қодир каттароқ корпус яратиш каби "майда" ишлар билан банд бўлган.  

Мана шу сабаблардан ҳам 23 август куни Купертинода "олма"чилар, яъни APPLE раҳбариятидан тортиб, ходимларигача байрам қилишган. Боиси, ашаддий рақиб бундай такрорий маҳсулот билан бозорда осонгина мағлуб бўлишини улар яхши билишади. Чунки, Стив Жобс айтгани каби, лидер ва мағлуб ўртасидаги ягона фарқ -- инновация. Бироқ, хулоса қилмаймиз: жўжани кузда санаймиз!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.