Ниҳоят, ҳамёнбоп "мобил кинотеатр" энди “Малика”да!

Ниҳоят, ҳамёнбоп

Кириш

Смартфон ишлаб чиқарувчиларининг йирик экранли смартфонлари халқ тилида «планшетофон» дейилади. Катта экранли фаблет ишлаб чиқаришда Xiaomi ҳам ортда қолаётгани йўқ. Жумладан, унинг Xiaomi Mi Max туркуми катта экранли ҳамёнбоп телефон моделлари орасида таниқлидир.

Маълум бўлишича, 2016 йилда тақдим қилинган, ўта юпқа (1,5 мм.ли) ён ромларига эга Mi Max 2017 йилга қадар 3 миллион дона сотилган. Бундан илҳом олган Xiaomi компанияси шу йилнинг 25 майида улкан дисплейли Mi Max 2'ни тақдим қилган эди. Ромлар бу гал янада юпқалашди.

Планшетлар тобора урфдан чиқиб бораётган бу даврда, нисбатан улкан экранли фаблетлар яхши оммалашмоқда. 6,4 дюймли Mi Max 2 эса шунчаки смартфон эмас. Бошқа гигант-моделлар билан таққослаб кўрганда, Mi Max 2 сифати ҳамда имкониятлари, шунингдек нархи билан пешқадам бўлиб турибди.

2013 йилларданоқ Samsung ўзининг "Galaxy Mega" ва Sony компанияси "Z Ultra" номли, 6,4 дюймли экранли флагманлари билан ном қозонган. Гарчи, хитойликлар йирик экранли смартфон ўайдоси бўлишса ҳам, камдан-кам ишлаб чиқарувчи бундай улкан экранли моделни ишлаб чиқарган.

Mi Max'нинг илк авлоди арзон нархли планшетофон бўлиб, Redmi Note 3 Pro'га ўхшар, нисбатан яхшироқ процессор билан таъминланган ва пластик корпусга, чидаса бўладиган камерага эга эди.

Янги авлод Mi Max гаджети эса тубдан ўзгарди — "гигант Xiaomi" нолдан бошлаб қайта қурилган. Янги корпус, янгича экран, янги илғор сенсорли бош камера ва стереодинамиклар барчани хурсанд қилади. Энг муҳими, нарх-наво масаласида хитойлик смартфонсоз камтаринлигини сақлаб қола олган. Қуйида унга яқиндан назар ташлаймиз.

 

Xiaomi Mi Max 2'нинг техник жиҳатлари:

Операцион тизим: Android 7.1 Nougat;

Экран: 6,44”, 1920x1080, IPS, 342 ppi;

Процессор: Snapdragon 625 MSM8953, 8 ядро (8x Cortex-A53 2,0 ГГц);

Графика учун масъул чип: Adreno 506;

Тезкор хотира: 4 ГБ;

Доимий хотира: 64 ГБ, microSD;

Алоқа: 4G (LTE Cat.4), 3G, Wi-Fi (IEEE 802.11 b/g/n/ac), Bluetooth 4.2, GPS, ГЛОНАСС, IrDA;

Камера: бош камера учун -- 12 Мп, автофокус, 3840x2160 сиғимли видео, олд камера -- 5 Мп;

Аккумулятор: 5300 мА соат, ажралмас;

Ўлчамлари: 174,1x88,7x7,6 мм;

Вазни: 211 грамм;

Ўзбекистондаги нархи: (4/64 gb) gold – 2 199 500 сўм.

 

Дизайн ва бошқарув

Mi Max 2 шимнинг чўнтаги учун катталик қилади. Айниқса, жинс шимда унинг бош камераси шундоққина сезилиб туради. Тақдимотда экраннинг ён томонларидаги қора ҳошия 0,7 мм экани алоҳида қайд этилган.

Гаджетнинг симметрик дизайни яққол кўзга ташланади. Орқа панелдаги антена улоқлари сурилиб, томга яқин жойдан ўтказилган. 2 тусли светодиодли фоточақноқ ҳам энди камеранинг чап томонига ўтган. Смартфон томида 3,5 миллиметрли аудио-туйнук мавжуд.

Mi Max 2 корпуси ғоятда юпқа ва аксарият 6,3-6,4 дюймли смартфонларга қараганда ихчам гаджет.

Шунингдек, смартфоннинг металлдан ишланган жилосиз корпуси унинг кафтда мустаҳкам ўрнашиши учун айни муддао. Корпус металли юқори сифатли, унга сурилган лак ва юза қатлам ниҳоятда бежирим, бу эса корпусни бармоқ изларидан ҳимоя қилади.

210 грамм вазн смартфонлар орасида ғирт "семизлик" дегани. iPhone 5s'дан деярли 2 баробар вазндор. Бунда корпусга ўрнатилган улкан аккумуляторнинг, стереодинамиклар, ИҚ-портнинг ҳам ҳиссаси мавжуд.

2 та сим-картали гаджет гибрид бўлмачага эга. Уларга 2 та SIM-карта ёки SIM + microSD флешка қўйиш мумкин.

 

Экран ва овоз

Xiaomi Mi Max 2 девайси 6.44 дюймли Full HD (1920 х 1080 пикселли) экранга эга. Xiaomi Mi Max 2 экранидаги автоматик тизим ташқи муҳитдан келиб чиқиб дисплейдаги ранг-тусни мустақил созлайди. Mi Max 2 экрани  шу жиҳати билан Xiaomi Redmi Note 4 экранидаги матрицадан афзал ва унинг ранг узатиш имкони ҳам анча юқори.

Бу экран Sony Xperia Z Ultra ва Lenovo Phab Plus экранидан устун. Шу билан бирга, Lenovo Phab 2 Pro ва ASUS ZenFone 3 Ultra нисбатан яхшироқ экранга эга бўлса ҳам, Xiaomi нарх ва дастурийт аъминот тизимидаги афзалликлари билан улардан устун келади.

Меломанлар учун энг катта янгилик — гаджетдаги стерео, яъни 2 та аудио карнайлардир! Овознинг таралиши тоза ва жарангдор. Бас овоз энг юқори пардада ҳам хириллаб қолмайди. Юқори частотада ҳам, ўрта частотада ҳам товуш узатиш тизими кўнгилдагидек.

Овоз ва товуш борасида Xiaomi Mi Max 2 смартфони "мусиқий девайс" бўлган ZTE Axon 7 mini ва Alcatel Idol 4S'ни ҳам ортда қолдиради. Xiaomi йирик экранли бу "ақлли телефони"га сифатли карнайларни ўрнатиш орқали чинакам мўъжазгина «мобил кинотеатр»ни ярата олган.

 

Процессор ва операцион тизим

Айни пайтда смартфон бозорида 6,4+ дюймли дисплей ва нисбатан кучли процессорга эга 2 та флагман смартфон мавжуд — Snapdragon 821 чипидаги Xiaomi Mi Mix ва Kirin 955 чипида ишлайдиган  Honor 8 Note. Биринчиси — ромсиз экранли, иккинчиси — ноёб смартфон.

Xiaomi Mi Max 2 эса ҳамёнбоп гаджетлар орасида илғор чипга эгалиги билан ўзига хос. Боиси, Snapdragon 625 — энерго-тежамкор ва 2.0 Ггц частота тезлигида ишлайдиган 8 ядроли чипсет.

Бу процессор интернетдан фойдаланиш ва мессенжерларда суҳбат қуриш учун муаммосиз хизмат қилади. Бироқ, "оғир" ўйинларда бир оз қизиши мумкин. 

Бироқ, гаджетда 4 гигабайтли тезкор ва 64 гигабайтли доимий хотиранинг борлиги унга иловаларни тезкор очиш имконини беради. Snapdragon 625'нинг ишлаш самарадорлиги бугунги фойдаланувчи учун маъқул бўлади.

Шу йилнинг августида Mi Max 2 смартфони Android 7.1.1 Nougat’нинг янги MIUI 9 прошивкасига эга бўлди. Маълумот оқимини режалаштириш ва процессордаги юклаб олишларни "ақлли тақсимлаш" механизмининг оптималлашуви натижасида бу тизим смартфонга янада тезкор ишлаш имконини беради. Шунингдек, Smart Assistant виртуал "ақлли ёрдамчиси" смартфондаги зарур файлларни, қайдларни, сурат ва матнни излашга ёрдам беради. Уни Google Assistant'нинг муқобили дейиш мумкин.

Шунингдек, MIUI 9'да бир вақтнинг ўзида 2 та иловадан фойдаланиш мумкин. Дейлик, сиз бирор мессенжердан муайян манзилни оласиз. Шу вақтда сизга "Харита" иловасини очиш имкони берилади.

MIUI 9'даги яна бир кутилган функция – "кўп ойнали" режим бўлди.  Унинг ёрдамида экранни 2 га бўлиб, бир вақтнинг ўзида 2 тадан зиёд иловадан фойдаланиш мумкин.

 

Камера имкониятлари

Mi Max 2 смартфонидаги яна бир ўзига хослиги — фаблетдаги камера. Гап шундаки, смартфонга Sony IMX386, яъни Xiaomi Mi 6 флагмани эга бўлган 12 мегапикселли бош камера ўрнатилган. Аввалги фотокамералар билан солиштирганда, ушбу фотосенсорнинг сезгирлиги 56% га ошган. Бош камера фазали автофокус, ёруғлик паст шароитда олинган суратларни қайта ишлаш функциялари билан ҳам ўзига хос.

Бош камерада 4K сиғимли видео тасвирга олиш мумкин.

IMX386, бу — Meizu MX6 ёки Honor 6X каби пешқадам смартфонларда ўрнатилган сенсор.

Шу билан бирга, ҳамёнбоп гаджет бўлгани боис, бу сенсор учун танланган линзалар ҳам бир оз арзонроқ. Шу боис, ёруғлик етарли шароитда Mi Max 2 таассуротли суратлар олса, объектни тезкор фокусласа, ёруғлик паст жойда у бир оз оқсайди. Яъни, бу шароитда суратларда бир оз равшанлик етмайди.

Селфи камера учун 5 Мп сенсор ўрнатилган. Селфилар ҳам эгасини хафа қилмайди.

Камера борасида уни Samsung Galaxy A5 (2016) имкониятларига тенглаштириш мумкин. Бироқ, бу гаджет “Малика”да 2,722,000 сўмдан сотилмоқда.

Mi Max 2 олган суратларга баҳо беринг. 

 

Аккумулятор имкониятлари

Янги Mi Max 2 девайси Huawei P10 Plus ва iPhone 7 Plus’нинг “қувват тоши”дан 2 баробар катта, яъни 5300 мА соат электр токини сиғдирадиган аккумуляторга эга. Тўлиқ қувват билан фаблет 2 кун давомида фаол ишлай олиши билан ўзига хос.

Ишлаб чиқарувчига кўра, Quick Charge 3.0 технологиясига эга смартфон 1 соатда қувватини 68 фоизга тўлдиради. Уни тўлиқ қувватлаб 18 соат видео томоша қилиш ёки 57 соат алоқада бўлиш мумкин.

 

Хулоса

Xiaomi Mi Max 2 смартфони 1 июндан $247 (64 ГБ) ҳамда $290 (128 Гб) доллар баҳосида Хитойда сотувга чиқарилган эди.

Xiaomi Mi Max 2 "жуда улкан смартфонлар" туркумига хос ва унинг бу сегментда деярли муносиб рақиби йўқ. Asus ZenFone 3 Ultra ёки эскироқ Sony Xperia Z Ultra'ни айтиш мумкин. Бироқ, биринчиси жуда қиммат, иккинчиси эса сотувда йўқ. Lenovo Phab 2 Plus эса процессор борасида ютқазади.

Рақиби йўқ смартфонни танқид қилиш эса қийин. Янгитдан ишлаб чиқарилганига қараганда Xiaomi компанияси "Mi Max" моделини жуда қадрлайди. Шу сабабдан, Mi Max 2 сўнгги трендга асосланган классик ихчам корпус, сифатли стереодинамик, супер-сиғимдор аккумулятор ва замонавий операцион тизимга эга бўлган.

Энг муҳими бир нарсани унутманг — ҳамёнингиз кўтарган нархда яхши динамика, дизайн, батарея сиғими, корпус, экран ва кундуз куни яхши сурат олувчи камерага, яхши чипга эга, улкан экранли смартфонни харид қилмоқчи бўлсангиз, тасвир ва овоз мухлиси бўлсангиз, Mi Max 2 сиз учун айн икеракли девайс!

Хулоса

Қаердан сотиб олиш мумкин?

asaxiy.uz 2.4 млн сўм Сотиб олиш
"Малика" савдо мажмуаси 2.2 млн сўм Сотиб олиш

 Афзаллиги

 Камчилиги

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!