Ниҳоят, Nokia 9 ва Nokia 8 (2018) тақдимот санаси ҳамда нархлари маълум!

Ниҳоят, Nokia 9 ва Nokia 8 (2018) тақдимот санаси ҳамда нархлари маълум!

Nokia бренди ҳуқуқини сотиб олган HMD Global декабрь ойида бир ёшга тўлди. Энди чиққан янги маълумотларга қараганда, компания бу юбилейини тез орада янги смартфони – Nokia 9 флагманини тақдим этиш билан нишонламоқчи. Тахминларга кўра, тақдимотда янги қурилманинг ўзигина эмас, балки иккинчи авлод Nokia 8 смартфони ҳам намойиш этилади. Бу хусусда Gizmochina нашри хабар берган.

ЎҚИНГ: Nokia 9’нинг барча тафсилотлари битта видеода: Galaxy Note 8 каби, фақат қизиқроқ

HMD Global ўзининг Nokia 8 смартфонини жорий йилнинг сентябрида тақдим этган эди. Гарчи флагман хусусиятларига эга бўлса-да, унинг дизайни бирмунча эски бўлиб, шу жиҳатидан у Galaxy S8, Note 8, LG V30 ва бошқалари билан рақобатлаша олмайди. Ниҳоят, Nokia 9 модели бу компаниянинг «ҳақиқий» флагмани бўлаётир.

Яқиндагина чиққан маълумотга кўра, компания янги флагманини 2018 йил 19 январда бўлиб ўтадиган тадбирда намойиш этмоқчи. Nokia 9 диагонали 5,5 дюймли, 2K сифатида бўлган, чеккалари қайрилма экран билан жиҳозланади. Nokia 8 (2018) модели эса, афтидан, томонлари ўзаро 18:9 нисбатда бўлган дисплейи, шунингдек ромсиз дизайни билан диққатга сазовор.

ЎҚИНГ: Nokia 9 дизайнини ғилофчи компания «сотиб қўйди» (+10 сурат)

Мазкур иккита смартфон ҳам илғор, аммо энди флагман бўлмаган Snapdragon 835 процессори базасида ишлайди. Уларнинг асосий камераси қўш объективга эга. Nokia 9 ҳамда иккинчи авлод Nokia 8 корпуслари IP67 стандарти бўйича ҳимояланган. Бироқ уларда 3,5 миллиметрлик аудиотирқиш бўлмаслиги айтилмоқда.

Нарх масаласига келсак, Nokia 9 моделининг базавий модификациядаги – 6 ГБ тезкор ва 64 ГБ доимий хотирага эга талқини тахминан 550 АҚШ долларига баҳоланади. Унинг нисбатан кучли – 8/128 гигабайтлик версиясининг нархи эса 635 доллар бўлиши тахмин қилинаётир. Nokia 8’нинг иккинчи авлод модели ҳақида бўлса ҳозирча бошқа маълумот йўқ.

ЎҚИНГ: Nokia флагмани Android 8.0 Oreo’гача янгилана бошлади, ўзгаришлар билан танишинг

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.