Ниҳоят, Nokia ҳам iPhone X услубидаги илк смартфонини тақдим этди

  •   DiMaX
  •  798
  •  16.05.2018 17:43

Ниҳоят, Nokia ҳам iPhone X услубидаги илк смартфонини тақдим этди

Кутилганидек, Хитойда бугун – 2018 йилнинг 16 май санасида HMD Global компанияси янги – Nokia X туркумининг илк смартфонини тақдим этди. Бу модел Nokia X6 деб номланган бўлиб, ушбу компаниянинг iPhone X услубидаги – «кемтик»ли ромсиз экранга эга биринчи телефонидир.

ЎҚИНГ: Тақдимотга тайёр Nokia X iPhone X'га рақибми?

Nokia X6’нинг орқа панели шишадан, корпус роми эса металлдан ишланган. Смартфоннинг 5,8 дюймлик экрани томонлари ўзаро 19:9 нисбатда бўлиб, тасвир аниқлигига кўра Full HD+ ҳисобланади (2280х1080 пикселли дисплей).

Гаджетнинг орқа панелидан 16+5 мегапикселли модуллари ва LED-чақноғи тикка жойлашган қўшалоқ камера, унинг остида эса бармоқ изи сканери ўрин олган. Селфи ишқибозлари учун эса экран устига 16 мегапикселли камера қўндирилган.

Nokia X6’нинг аппарат платформаси тарзида саккиз ядроли Qualcomm Snapdragon 636 процессори танланган. Телефон тезкор хотираси 4 ва 6, доимий хотираси эса 32 ёки 64 гигабайтлик талқинларда бозорга чиқарилади. Бу хотирани microSD форматидаги карта ёрдамида яна 256 гигабайтгача кенгайтириш имкони бўлади.

ЎҚИНГ: Nokia’нинг янги флагмани: уч модулли камера, IP68 ҳимояси ва AMOLED-экран!

Мазкур девайснинг 3060 мА/соат сиғимли аккумулятори Qualcomm Quick Charge 3.0 тезкор қувватлаш технологиясига эга. Смартфон иккита SIM-карта билан ишлай олади; унда анъанавий 3.5 миллиметрлик қулоқчин тирқиши ҳам, замонавий USB Type-C порти ҳам мавжуд.

Nokia X6’га симсиз алоқанинг 4G VoLTE, Wi-Fi (802.11 ac), Bluetooth 5, GPS + ГЛОНАСС модуллари ўрнатилган, FM-радиоси ҳам бор. У Android операцион тизимининг 8.1 – Oreo талқинида ишлайди. HMD Global компаниясининг ваъда қилишича, ушбу модел айни дамда синов жараёнида бўлган Android P талқинигача янгилана олади.

ЎҚИНГ: Android 9 P операцион тизим талқини умуман бетакрор! («жонли» видео)

Қизиғи шундаки, аввал ҳам айни шу номдаги смартфон ишлаб чиқарилган. Оригинал Nokia X6 модели 2009 йилнинг кузида тақдим этилган эди. У мусиқий тачфон сифатида илгари сурилган бўлиб, S60 5th edition платформаси базасида ишлар эди.

Бу йилги Nokia X6 эса мовий, қора ва кумушранг корпусларда бозорга тақдим этилади. Нархига келсак, смартфоннинг 2/32 гигабайт хотирали талқини 204 АҚШ доллари, 4/64 гигабайтлиги 236 доллар, 6/64 гигабайтлик талқини эса 266 долларга баҳоланмоқда.

Nokia X6’нинг Хитойдаги савдолари жорий йилнинг 21 май санасида бошланади. Унинг бошқа мамлакатлар бозорларига расман чиқиш-чиқмаслиги ҳозирча номаълум, лекин «Осмон ости салтанати»дан онлайн савдо платформалари орқали харид қилиш имкони бўлади.

ЎҚИНГ: AliExpress’даги товарларга «Terabayt.uz» орқали буюртма беринг!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.