НИҲОЯТ, «ОЛМА» ПИШДИ!

  •   DiMaX
  •  2066
  •  13.09.2017 12:05

НИҲОЯТ, «ОЛМА» ПИШДИ!

«Олма пишканда галинг,
Тейина тушканда галинг...»
Шунақа #мисралар билан бошланувчи хоразмча қўшиқни эшитгансиз-а? 

Хулласи калом, бизнинг вақт бўйича кеча – 13 сентябрга ўтар тунда «Олма» пишиб, роса ҳосил берди! Яъни, Apple компаниясининг «Стив Жобс театри»да янги гаджетлар ҳамда iOS 11 мобил операцион тизимининг тақдимоти бўлиб ўтди. «Terabayt.Uz» сайти эса мазкур тадбирни ўз вақтида ёритиб борди.

Бу – жорий йилнинг технологиялар оламидаги энг кўп кутилган, муҳокама қилинган воқеаси эди. Маросим компания асосчиларидан бири – афсонавий Стив Жобс тўғрисидаги видео билан бошланди. Сўнг саҳнага компаниянинг ҳозирги раҳбари Тим Кук чиқиб, Жобс тўғрисида, мазкур Театр ҳақида, компания ва унинг маҳсулотлари хусусида тўлқинланиб гапирди.

Шундай қилиб, маросимда тақдим этилган илк қурилма – Apple Watch Series 3 смарт-соати бўлиб, аввалги барча «ақлли» соатлардан афзал тарзда, у мобил алоқа модулига эга! Яъни, энди смартфондан мустақил равишда, шу соатнинг ўзидан алоқага чиқиш мумкин.


Бу ҳақдаги мақолани мана бу ерда ўқиб олишингиз мумкин.

Шундан сўнг Apple TV 4K приставкаси расман намойиш қилинди! Саҳнада бу ишланмага масъул Эдди Кью чиқиб келди. Пристака нафақат 4K, балки 4K HDR, яъни тасвир узатишнинг HDR 10 стандартидан ҳам сифатлироқ технологияни қўллаб-қувватлар экан.


Мазкур гаджет тўғрисида мана бу хабардан батафсил маълумот олиш имкони бор.

Ва ниҳоят, янги iPhone флагманига навбат етиб келди. Компания раҳбари iPhone’лар охирги 10 йилда жаҳонни қанчалар ўзгартириб юборганини гапириб берди. Сўнг узоқ кутилган смартфонлар – 4.7 дюймли iPhone 8 ва 5.5 дюймли iPhone PLUS флагманлари намойиш этилди. Мазкур девайслар аввал тахмин қилинган ва кутилмаган кўплаб хусусиятларга эга эканлиги бирма-бир намойиш этилди. Шунингдек, уларнинг нархи шу пайтгача кўпчилик ўйлаётганидан кўра фарқли экани ҳам эътиборга лойиқ!

Яхшиси, булар билан батафсил мана бу хабарда ўзингиз танишиб чиқақолинг.

Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас эди, олдинда Apple компаниясининг «юбилей» смартфони – iPhone X тақдимоти бор эди. Мазкур қурилманинг намойиши ҳаммани ҳайратга солди – у шу пайтгача яратилган барча смартфонлар орасида энг кучлиси, ахир! Apple уни «Super Retina технологиясидаги OLED экран» деб атади. 3D Touch, True Tone, Home тугмалари энди йўқ, экран эса бармоқ тегиши билан ёқилади. Смартфони блокдан чиқариш учун эса юзни таниб олувчи Face ID сканеридан фойдаланилган. Бу функция учун процессорга қўшимча тарзда ўрнатилган ёрдамчи чип масъул. Экран устидаги кичик ҳудудда жойлашган датчиклар орасидаги инфра-қизил рангли камера Face ID функциясининг тунда ҳам ишлашига хизмат қилади.


iPhone X’нинг бошқа хусусиятлари ҳамда тақдимотдаги суратлари билан ушбу мақолада танишиш имкони мавжуд.

Дарвоқе, мобил воситаларнинг платформа самарадорлигини баҳолайдиган Geekbench ресурси янги iPhone’нинг тизимдан самарали ишлаш бўйича имтиҳондан ўтганлиги акс этган суратларни эълон қилди. Айтиш керакки, самарадорлик бўйича янги авлод айфонлари рақибларини «ер тишлатди». Бу хусусда мана бу мақоламиз орқали батафсил танишиб олишингиз мумкин.


Хуллас, «Олма»нинг янги ҳосилидан олинган дастлабки таассуротлар асосан мана шулардир. Бошқа янгиликлар, тафсилотлар ҳамда нархлар тўғрисидаги маълумотлар билан биринчилар қаторида бохабар бўлиб бориш учун «Terabayt.Uz» сайтидан узоқлашманг!


Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!