Nimses – пост ва лайклар учун ҳақ тўланадиган янги ижтимоий тармоқ! (+видео)

  •   DiMaX
  •  1612
  •  08.06.2017 12:04

Nimses – пост ва лайклар учун ҳақ тўланадиган янги ижтимоий тармоқ! (+видео)

Nimses ижтимоий тармоғи ҳали яқиндагина ишга туширилган, аммо у аллақачон жорий йилнинг энг жарангдор лойиҳаси номига муносиб бўлган.

Хўш, нима ўзи у?

Nimses’нинг айнан нима эканлиги ҳақидаги саволга бир оғизгина сўз билан жавоб бериш осонмас.

Биринчидан, у – фойдаланувчилари ўз фотосуратларини жойлашлари, лайк қўйишлари ва чатда мулоқот қилишлари мумкин бўлган ижтимоий тармоқ. Нимаси биландир Instagram’гаям ўхшаб кетади.

Иккинчидан, Nimses – тижорат лойиҳаси бўлиб, унда ҳар бир пост ва лайк тармоқнинг ўз ички валютасида нархланади. Мазкур валюта nim (ним) деб аталади ва бугунги кунда у тахминан бир АҚШ центига тенглаштирилган.

Учинчидан, Nimses – ўзига хос фалсафий тизим ҳамдир. Уни англаб етмасдан туриб, тармоқнинг моҳиятини тушуниш қийин бўлади. Шу боис ҳам ишни лойиҳага асос бўлган ғоя билан танишишдан бошлаймиз. Қуйидаги видеолавҳага эътибор беринг:

Вақт – олий қадрият

Ҳа, аслида кишининг асл бойлиги унинг қанча пулида, мулки борлигида эмас, балки қанча вақти мавжудлигидадир. Бу қадимий ҳақиқат бўлиб, кўпгина фалсафий назарияларда ҳам акс этган. Бироқ фақат Nimses тармоғидагина бу ғоя ҳақиқий инъикосини топган.

Бу ижтимоий тармоқда ҳамма нарса ним – ўйин ичидаги валютага боғлиқ. Ҳар бир ним ҳамиша сизнинг бир дақиқа вақтингизга тенгдир. Яъни, ҳар бир иштирокчининг виртуал ҳамёнига ҳар дақиқада бир ним бериб борилади. Бир кунда яшалган 1440 дақиқа, яъни бир сутка учун фойдаланувчининг ҳисоби 1440 нимгача тўлдирилади. Бу – бир кунлик кафолатланган виртуал даромад.

Лайк ва изоҳлар пулли!

Зўр-а, ҳеч нима қилишнинг кераги йўқ, валюта ўз-ўзидан йиғилиб бораверади. Лекин бошқа томони ҳам бор – Nimses’да ҳар бир ҳаракат учун пул тўлашингиз керак. Ҳа, англаганингиздек, ним валютасида тўлайсиз.

Янги суратингизни тармоққа жойламоқчимисиз? Ўз ҳисобингиздан юз ним тўлаб қўясиз. Бирорта чиройли расмга лайк қўйсангиз ёки изоҳ ёзсангиз – бунинг ҳам тўлови бор. Шуниси борки, бунда нимлар сизнинг ҳисобингиздан тизим фойдасига олиб қўйилмайди, балки бевосита ўша – сиз муносабат билдирган фойдаланувчининг ҳисобига ўтказилади. Шу тариқа, қизиқарли контентлар эълон қилган фойдаланувчилар тез орада бойиб кетишади, контентдан фақат фойдаланадиганлар эса – камбағаллашиб бораверади. Тизимда «вақт – контент – нимлар» боғлиқлиги беғараз ва адолатли ишлайди.

Атрофингизда кимлар бор?

Nimses’нинг яна бир ўзига хослиги – сизнинг айни пайтдаги жойлашув ўрнингизга боғлиқликдир. Илова янгиликлар тасмасида фойдаланувчи фақат географик жиҳатдан ўзига яқинроқдаги кишиларнинг постларини кўради. Бироқ қидирув функциясидан фойдаланган ҳолда, дунёнинг исталган бурчагидаги фойдаланувчини ўз дўстлари сафига қўшиш имкони ҳам бор.

Лойиҳа ҳали янги бўлишига қарамасдан, унда фойдаланувчилар кўп ва уларнинг сони тезликда ўсиб бораётир. Шу боис мазкур ижтимоий тармоқдан қизиқарли кишилар билан танишиш учун ҳам фойдаланса бўлади.

Нимага сарфлаш мумкин?

Ҳа, ички валютанинг жорий этилганлиги Nimses’да вақт ўтказишни янада жонлироқ ва мантиқлироқ қилган. Аммо, фойдаланувчи виртуал ҳамёнига юз минглаб ним тўпласа, уни нимага сарфлаши мумкин?

Лойиҳа ишлаб чиқувчиларнинг ваъда қилишларича, яқин келажакда нимларга реал ҳаётда, ҳақиқий харидларни амалга ошириш мумкин бўлади. Гап-сўзларга қараганда, Киевда аллақачон қаҳва учун ним валютасида ҳақ тўлаш мумкин бўлган муассаса ишга тушган. Балки бу реклама акциясидир, аммо Nimses яратувчилари кейинчалик чиндан ҳам зўр ишларга қўл уришларига кўпчилик ишонмоқда.

Тез оммалашмоқда

Айни дамда эса Nimses худди вирусдек кенг тарқалиб бораётир. Илова Россия App Store дўконида саноқли кунлар ичидаёқ бепул дастурларнинг юқори қаторларига чиқиб олган. Google Play’да ҳам унинг оммавийлиги мунтазам ошиб бормоқда.

Бироқ ишлаб чиқувчилар лойиҳанинг бунчалар тез оммалашиб кетишини кутмаган бўлсалар керак – бунга тайёр эмасликлари билиниб қолган. Яъни, Nimses фаолиятида сал узилишлар бўиб туради, масалан – унга бир уринишдаёқ аъзо бўлиш қийин.

Nimses – афтидан, кейинги пайтлардаги энг ғайриоддий лойиҳа бўлса керак. Унда коммуникациялар, тижорат ва фалсафа шунчалик зўр аралаштириб юборилганки, бирини иккинчисидан ажратиш мушкул.

Агар бу янги ижтимоий тармоқ сизни қизиқтириб қўйган бўлса, унинг иловасини смартфонингизга ўрнатиб олиб, фойдаланиб кўринг. iOS тизимли қурилмалар эгалари мана бу, Android-девайслар соҳиблари эса мана бу ҳавола орқали Nimses’ни кўчириб олишлари мумкин. Тармоқ ҳақида батафсил маълумотни эса унинг тегишли саҳифасидан ўқиб олиш имконияти мавжуд.