Nokia 105 ва Nokia 130: ҳозиргина янги телефонлар тақдим этилди

Nokia 105 ва Nokia 130: ҳозиргина янги телефонлар тақдим этилди

Nokia компанияси бугун -- 17 июлда ўзининг Nokia 105 ва Nokia 130 номли тугмачали телефон моделларини янги талқинда намойиш қилди. Телефонлар янги дизайн, процессор ва ҳамёнбоп нархга эга бўлган.


Nokia 105

HMD Global компанияси илк Nokia 105 модели тақдим қилинганидан 2 йил ўтиб, телефоннинг тубдан ўзгарган 2-авлод версиясини бозорга қайтариш режасини тузиб чиққан кўринади. Янгитдан намойиш қилинган Nokia 105'нинг аввалги моделлардан фарқи — нисбатан катта ва рангли 1,8 дюймли дисплейи. Аввалги Nokia 105 моделида 1,45 дюймли экран ўрнатилган эди.

Шунингдек, янги Nokia 105 телефони 4 мегабайтли оператив хотира ҳамда 4 мегабайтли доимий ички хотирага эга бўлган. 

Nokia 105 алоқанинг 2G тармоғида ишлайди. Унинг корпусдан ажраладиган батареяси сиғими 800 мА соат. Бу аккумулятор телефонда 15 соат суҳбат қуриш имконини беради. Кутиш режимида эса бу қувват билан телефон 1 ой "яшайди".
Nokia 105  телефонида 500 та SMS, "телефон китоби"да 2000 та контакт рақамларни сақлаб қўйиш мумкин.

Шу билан бирга, илғор «трубка»да FM-радио, 3,5 мм.ли аудио-туйнук ва micro-USB 2.0 порти мавжуд. Телефонда камера йўқ.

Ўлчамлари: 112 x 49,5 x 14,4 мм., вазни -- 73 грамм.

Телефон Nokia Series 30+ операцион тизим платформасида ишлайди ҳамда қадрдон Snake Xenzia ўйини билан бирга тақдим қилинади. HMD Global'га кўра, Nokia 105 телефони бозорда 1 ва 2 та сим-картали талқинларда сотилади.

Янги Nokia 105 кўк, қора ва оқ рангли талқинда ишлаб чиқарилади. Уни халқаро бозорда 15 доллардан харид қилиш мумкин.

Nokia 130

HMD Global шу куни яна бир ҳамёнбоп телефони -- 2014 йилда намойиш қилинган Nokia 130'нинг римейк талқинини намойиш қилди.

Телефон 1,8 дюймли, 128 х 160 пикселли экран, 4 МБ оператив ҳамда 8 МБ доимий хотира билан таъминланган. Унда, шунингдек 32 гигабайтгача сиғимли хотира флешкасини ўқийдиган microSD бўлмачаси ҳам бор.

Nokia 130 аппаратида FM-радио, 3,5 мм.ли аудио-туйнук, micro-USB 2.0 порти мавжуд.

Bluetooth модули мавжудлиги боис, телефон симсиз аудио-қулоқчинни ҳам қўллаб-қувватлайди. Телефонда фоточақноқли камера ҳам мавжуд. 

Унинг ўлчамлари: 111,5 x 48,4 x 14,2 мм.

Унинг электр токи сиғими 1020 мА соат бўлган батареяси ёрдамида телефонда 44 соат суҳбат қуриш мумкин. Ўртача фойдаланганда бу қувват унга 1 ойга етади.

Nokia 105 каби, янги Nokia 130 телефони ҳам Nokia Series 30+ платформасида фаолият кўрсатади. Унга Snake Xenzia билан бирга, 5 та содда ўйинлар ўрнатилган.

Янги Nokia 130 қора, кул ранг ва қизил рангли корпусларда, $28 доллар баҳосида сотувга чиқарилади.

HMD Global компанияси ижрочи директори Арто Нуммела (Arto Nummela)нинг маълум қилишича, бозорда бу смартфонларга катта эҳтиёж мавжуд. Жумладан, 2016 йилда мазкур ҳамёнбоп моделлардан жами 400 миллион дона сотилган.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!