Nokia 3: Xiaomi'га йўналган финча зарбанинг кучи қанча?

Nokia 3: Xiaomi'га йўналган финча зарбанинг кучи қанча?

Йил бошида финляндиялик HMD Global компанияси Nokia бренди остида янги смартфон туркумини тақдим қилган эди. Бу туркумнинг «кенжа» модели Nokia 3 бўлиб, шу йилнинг июнида сотувга чиқарилган. Ҳамёнбоплиги билан диққатга сазовор смартфон бозорда хитойлик арзон рақибларига қарши тура оладими? Қуйида шу тўғрида маълумот берамиз.

Дизайн: жуда-жуда таниш "қиёфа" ва умумий жиҳатлар

Гаджет ташқи кўринишидан 2-3 йиллик Lumia туркумига кирувчи смартфонларни эслатиб юборади. Девайс "бақувват" ромлари билан дарров кўзга ташланади. 

Nokia 3 корпуси асосан пластикдан ишланган ва уни тутиб турувчи ромгина металлдан тайёрланган. Ромнинг ён томонлари қайрилма бўлгани боис гаджет кафтда ишонч билан жойлашади.

Nokia 3'нинг олд панелига пишиқ ҳимоя шишаси ётқизилган. Смартфонда бармоқ излари сканери жорий қилинмаган. 2017 йилдаги ҳамёнбоп смартфонлар билан солиштирганда, буни камчилик деб қабул қилиш мумкин.

Шунингдек, олд панел қуйисидаги "ортга", "бош меню" каби виртуал тугмаларга клавишости чироғининг ўрнатилмаганини ҳам камчилик сифатида қайд этиш мумкин. Тунги шароитда бу тугмалар кўринмайди. 

Nokia 3 орқа панели кўринишидан дағал, бироқ ушлаганда юмшоқ таъсир қиладиган поликарбонат хомашёсидан тайёрланган. Бу корпус Lumia 925/930 каби, бармоқ изларига ўч эмаслиги билан ўзига хос. Орқа панелда 8 мегапикселли камера мавжуд. Бу камерадан таассуротил суратлар кутиш -- хато.

Ташқи динамик динамик Nokia 3 корпусининг қуйисида жойлашган. Унинг овоз таратиши -- ўртача. Бу карнай паст частотада овоз узатишга бир оз қийналади. Шу билан бирга, кўча-кўда юрганда қўнғироқларни ўтказиб юборишингизга йўл қўймайди: овоз керагидан ортиқ.

Смартфоннинг ютуқ жиҳатлари қаторига бир вақтнинг ўзида 2 та nano-SIM-карта ҳамда алоҳида microSD қўшимча хотира картаси учун бўлмачаларнинг мавжудлигини айтиш мумкин.

Яна бир эътиборли плюс томони — қадоқдаги комплектда аудио-қулоқчин ҳам тақдим қилинади! Оддий бўлса ҳам, ҳарқалай бу яхши совға. Охирги вақтларда аксарият арзон смартфон моделларига наушник қўшиб берилмаяпти.

Экран: арзоннинг оши ...

Nokia 3 мобил алоқа воситасида 5 дюймли, IPS-матрицали, HD (1280 x 720 пикселли) сиғимли дисплейдан фойдаланилган. Баъзида тасвир пикселларидаг донадорлик сезилади. Ҳар дюймдаги 294 дона пиксел сиғими боис, экранда ёруғлик бир оз етишмайди.

Қуёшли кунда экранда баъзи деталларни, мисол учун, матнни кўриш доим ҳам мумкин бўлмайди. Шу билан бирга, экран сал қияласа ҳам, тасвир хиралашиб қолади. Бироқ, экраннинг ранг узатиши доимо жойида — ранг-туснинг акс этиши табиий ва ранглар аралашиб кетмайди.

Шу билан бирга, экран билан боғлиқ яхши томонлар қаторида олеофоб. яъни бармоқдан юқадиган доғ-дуғга қарши қопламани айтиш мумкин. Шунинг эвазига экран хоҳлаган юмшоқ газлама билан артилса, дарров жилодорлиги қайтади. Дисплей бўйича умумий хулоса — юқори сифатга яқин ва ўртачадан юқори. Nokia 3'нинг арзонлигини ҳам унутмаслик керак.

Процессор ва платформа: паст, бироқ етарли самарадорлик 

Смартфонда 4 ядроли, частота тезлиги 1,4 ГГц бўлган Mediatek MT6737 процессоридан фойдаланилган. Ундаги тезкор хотира сиғими 2 ГБ. Видеокарта учун Mali-T720MP1 чипи танланган. Доимий хотира сиғими 16 гигабайтли ва уни катталаштириш мумкин.

Бу жиҳатлар арзон смартфонларга хос. Nokia 3'дан юқори самарадорлик кутиш -- хато. Мисол учун, таниқли AnTuTu бенчмаркида бу смартфон 27 000 очко олган — ўрта даражалаи смартфонлардан анча-мунча паст. Таққослаш учун айтиш мумкин, Snapdragon 625 чипига эга оммабоп ҳамёнбоп смартфон  Xiaomi Redmi Note 4X Antutu'да 90 минг балл тўплаган. Ёки энг арзон Redmi 4A 36 минг балл тўплаган.

Шу билан бирга, Nokia 3 интернетдан фойдаланганда кўпинча "қотиб" қолади. Илова ва ўзининг функцияларида бу каби муаммолар оммавий кузатилмаган. Боиси, смартфон энг илғор Android 7.0 операцион тизимида фаолият кўрсатади. 

Видео-карта графикага бой ўйинларни "хуш кўрмайди", шу билан бирга, "оғир" ўйинларни ўйнаганда, 15 дақиқадан сўнг корпуснинг юқори қисми бир оз қизиб кетади.

Nokia 3’нинг кучли бир жиҳати борки, у айнан шу билан рақибини ер тишлатиши мумкин. Ҳамёнбоп смартфонлар бозорида бу жиҳатга бошқа бирор телефон, жумладан Xiaomi Redmi Note 4 ҳам эга эмас.

Бу – мунтазам янгиланиб турадиган Android операцион тизими. Nokia 3 доимий равишда замонавий дастур ва функцияларга эга бўлиб, фойдаланувчи учун имкониятларни кенгайтириб бораверади.

Аккумулятор: "кечгача розеткага етсам бўлди"

Nokia 3'нинг аккумулятор сиғими 2630 мА соат. Фаол фойдаланувчилар (ярим соатлик суҳбат, бир соат мусиқа тинглаш, Wi-Fi тармоғида интернет бўйлаб "сайр") бу қувватни 1 кунда сарфлашлари мумкин. Агар ўйинлар ўйналса, Nokia 3 батареяси янада тезроқ панд бериб қўяди. AnTuTu Tester ресурсида смартфон қувватдорлик бўйича 5700 балл тўплаган — ўртача натижа.

Смартфон тезкор қувват олиш технологиясига эга бўлмаган. Шу билан бирга, аккумуляторнинг тўлиқ қувват олиши учун 2 соатдан ошиқрок вақт кетади.

Камера: чидаса бўлади

Nokia 3 бош камераси 8 мегапикселли. Унинг ёруғлик линзасининг ҳажми f/2.0 га тенг. Бу диафрагма яхши сурат олиш етарли эмас. Агар кун очик ва ёруғлик етарли бўлса, бош камера яхши суратга олади. Булутли ҳавода эса камера уялтириб қўяди. Кадрдаги объектлар ўртасидаги рангларнинг қарама-қаршилиги паст.

Бироқ, яхши хабар ҳам бор -- Nokia 3 девайси 8 мегапикселли селфи-камерага эга бўлган.

Унинг яна бир ўзига хослиги — автофокуслаш тизимининг мавжудлиги. Бу жиҳат аксаряит флагман смартфонларда ҳам йўқ. Айни шу функциянинг хизматлари эвазига деталларга бой селфилар олиш мумкин.

Қуйидаги суратларга қараб тавсифимиз "қаҳрамони"нинг камера имкониятларига баҳо беринг.

Селфи-камера имконияти:

Хулоса, нарх-наво ва рақиблар 

Nokia 3'нинг яхши жиҳатлари сифатида пулига яраша дисплей, олд  камера (автофокуслайдиган), 2 та SIM-карта ва алоҳида microSD флешкасини ўрнатиш, шунингдек «тоза» Android тизимини айтиш мумкин.

Камчиликлари ҳам йўқ эмас — аккумулятор жуда зўр эмас, бош фотомодул кўнгилдагидек эмас, процессор бир оз сустроқ.

Таққослаш учун айтамиз. платформа самарадорлиги ва баъзи жиҳатлдари билан Nokia 3 смартфони бизга таниқли ҳамёнбоп Samsung Galaxy J3 (2017)'ни эслатиб юборади.

Бир нарсани унутмаслик керак — Nokia 3 бошланғич даражали. Девайс жаҳон бозорига 170 АҚШ доллари баҳосига чиқарилган. Уни Ўзбекистон смартфон бозоридан 1,4 миллион сўм атрофида харид қилиш мумкин. Бу "ақлли телефон"нинг рақиблари қаторида Xiaomi Redmi 4A ёки Meizu M5c каби моделларни айтиш мумкин. Шу билан бирга, бу гаджетларнинг процессорлари бирмунча кучли.

Сўнгги мулоҳаза

Модомики, фарзандингиз учун ёки алоқада бўлиш ва андроиднинг илғор жиҳатларидан фойдаланиш учун смартфон излаб юрган бўлсангиз, Nokia 3 -- яхши танлов ва Terabayt сизга бу моделни тавсия қилади.

Хулоса

Модомики, фарзандингиз учун ёки алоқада бўлиш ва андроиднинг илғор жиҳатларидан фойдаланиш учун смартфон излаб юрган бўлсангиз, Nokia 3 -- яхши танлов.

6балл

Nokia 3'нинг яхши жиҳатлари сифатида пулига яраша дисплей, олд камера (автофокуслайдиган), 2 та SIM-карта ва алоҳида microSD флешкасини ўрнатиш, шунингдек «тоза» Android тизимини айтиш мумкин.

Дизайн

Экран

Процессор

Камера

Аккумулятор

Қаердан сотиб олиш мумкин?

olx.uz 1,4 млн сўм Сотиб олиш

 Афзаллиги

  • Дисплей
  • селфи камера
  • 2 та SIM-карта ва алоҳида microSD

 Камчилиги

  • чип сустроқ
  • аккумулятор кичик
  • бош камера ўртача
Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.