Nokia 3310 4G жиҳатлари расман маълум қилинди

Nokia 3310 4G жиҳатлари расман маълум қилинди

MWC-2017 -- Жаҳон мобил конгрессида HMD Global компанияси "тугмачали" Nokia 3310 телефонини тақдим қилган эди. Бу тақдимот кўпроқ брендга нисбатан носталгия ёки ўтмиш соғинчи сақланиб қолган мухлислар орасидаги пиар-акция бўлди. Nokia бу телефони билан ўзи кутганчалик обрў қозона олмаган бўлса ҳам, HMD Global мазкур моделнинг 4G LTE тармоғида ҳамда YunOS 5.2.0 операцион тизими бошқарувида ишлайдиган талқинини ишлаб чиқаришга қарор қилди.

Еттинчи январда Хитойнинг телекоммуникация соҳасида гувҳонома берувчи TENAA ташкилоти Nokia 3310 4G телефонига оид маълумотларни эълон қилди.

Унга кўра, телефон корпуси қуйидаги ўлчамда бўлади: 117х52,4х13,35 мм, шу билан бирга, у 73,5 грамм тош босади. Мобил алоқа воситасига электр токи сиғими 1200 мА соат бўлган аккумулятор ўрнатилади.

Мобил қурилма 2 ядроли, частота тезлиги 1,5 ГГц бўлган процессор, 256 МБ оператив хотира ҳамда 512 МБ доимий хотирага, 128 гигабайтгача қўшимча хотира флешкасини қўллаб-қувватлайдиган microSD бўлмачасига эга бўлади.

Nokia 3310 4G телефони 2,4 дюймли, пиксел сиғими 320х240 белгига тенг дисплей билан таъминланади.

Nokia 3310 4G номидан ҳам кўриниб турибдики, алоқанинг тўртинчи авлоди -- LTE (38/39/40/41) тармоғида ҳам фаолият кўрсатади. HMD Global компанияси Nokia 3310 4G девайсини шу ойда бўлиб ўтадиган MWC конгрессида тақдим этиши кутилмоқда.

2017 йилда тақдим қилинган Nokia 3310 айни пайтда жаҳон бозорида ўртача 70 АҚШ долларидан сотилмоқда. Унинг такомиллашган талқини бир оз қиммат бўлади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.