Nokia бу флагманини Европа учун махсус «кучайтириб» чиқармоқчи

Nokia бу флагманини Европа учун махсус «кучайтириб» чиқармоқчи

Тез орада – октябрь ойиданоқ Nokia 8 смартфони Европада яхшиланган конфигурацияда савдога чиқарилади. Бу тўғрида HMD Global компанияси вакилларига таянган ҳолда Германиянинг Winfuture ресурси хабар берган.

Таниқли бренднинг Nokia 8 флагмани жорий йилнинг 17 августида тақдим этилган ва 6 сентябрдан расман Германия ҳамда Австралияда сотувга чиқарилган эди.

Хабарингиз борки, стандарт Nokia 8 модели 4 гигабайтлик тезкор ва 64 гигабайтлик ички флэш-хотирага эга. Янги талқинида айнан мана шу жиҳатлар кучайтирилади – улар тегишлича 6 ва 128 гигабайтлик ҳажмга эга бўлади. Мазкур конфигурациядаги флагман фақат битта – жилодор мовий (Polished Blue) рангида тақдим этилади. Қолган хусусиятлари эса стандарт Nokia 8’никидан фарқ қилмайди.

Nokia’нинг янги талқиндаги флагмани Европада (биринчи ўринда Германияда) 20 октябрда савдога қўйилади. Унинг нархи 669 евро қилиб белгиланади (стандарт – 4/64 гигабайтлик хотирага эга Nokia 8 эса 579 еврога баҳоланган). Европанинг қолган мамлакатларда яхшиланган Nokia 8’нинг қачон савдога чиқарилиши ва қандай нарх белгиланиши ҳозирча номаълум.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.